Хитой Афғонистон масаласида АҚШга мурожаат қилди
Олам
−
26 Октябрь 2021
6790Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И АҚШ ва Ғарб давлатларини Афғонистонга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилишга чақирди. Бу ҳақда у Қатар пойтахти Доҳада “Толибон” ҳаракати томонидан Афғонистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланган Абдул Ғани Бародар билан учрашув чоғида маълум қилди.
“Хитой Афғонистон ҳозирда дуч келаётган гуманитар қийинчиликларга катта аҳамият беради ва Қўшма Штатлар ҳамда Ғарб давлатларини санкцияларни бекор қилишга чақиради”, деган Ван И.
Вазирга кўра, барча томонлар “Толибон” ҳаракати билан оқилона ва прагматик муносабатда бўлиб, Афғонистоннинг қулай ривожланиш йўлига киришига ёрдам бериши керак.
“Хитой афғон халқига ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттиришга, афғон халқига вақтинчалик қийинчиликларни енгиб ўтиш, иқтисодий тикланиш ва ўз-ўзини ривожлантиришга кўмаклашиш учун халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилишга тайёр”, дея сўзида давом этган Хитой Ташқи ишлар вазири.
Унинг сўзларига кўра, Хитой томони ҳеч қачон Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаган, ҳеч қачон шахсий манфаат ва таъсир доирасини қидирмаган. У, шунингдек Хитой афғон халқининг барқарорлик ва тикланиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашига ишора қилган.
“Афғонистон ҳозирда дуч келаётган қийинчиликларни енгиш халқаро ҳамжамиятдан янада кўпроқ ёрдам ва тушунишни талаб қилади.
Афғонистон ҳозирда тартибсизликдан тартибга ўтишнинг муҳим босқичида. Шу билан бирга, у гуманитар, иқтисодий, терроризмга қарши кураш ва бошқарув соҳаларида тўртта муаммога дуч келмоқда”, деган ТИВ раҳбари.
Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, Ташқи ишлар вазири Ван И 25-26 октябрь кунлари Қатарда расмий ташриф билан бўлиб, “Толибон” ҳаракати вакиллари билан учрашган.
LiveБарчаси