ХIII Тошкент халқаро кинофестивали олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди

Бизнес

image

Бугун, 23 сентябрь куни “Ўзбекфильм” киноконцернида “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали муносабати билан матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуманни Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда агентлик бош директори Фирдавс Абдухолиқов очиб беришди.

Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳарларида асосан, ёшларнинг истеъдодини намоён этишга қаратилган фестиваль янги, ёрқин ва инновацион форматда ўтказилади. Шу билан бирга, анжуманда хорижлик ижодкорлар билан ZOOM платформаси орқали онлайн мулоқот ҳам бўлиб ўтди. 

Матбуот анжумани давомида кинофестиваль очилиш маросими Алишер Навоий номидаги киносаройида ташкил этилиши маълум қилинди. Шунингдек, фестиваль доирасида бўлиб ўтадиган тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Кинофестивалга тайёргарлик жараёнлари бошлаб юборилган бўлиб, ёш киноижодкорлар учун “Кино 5 кунда” ижодий танловига старт берилганлиги, хорижлик таниқли киноижодкорларнинг ташрифи, янгича кўринишда таъмирланган “Ўзбекфильм” киноконцерни ва бошқа локациялар очиқланди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро  кинофестивали қайта тикланди. Мазкур анжуманни мунтазам равишда ўтказиш тўғрисидаги қарор жорий йилнинг 19 июнь куни имзоланган.

Йилнинг энг шов-шувли тадбири бўлиши кутилётган “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро  кинофестивалининг тантанали очилиш маросими халқ орасида “Панорама” номи билан машҳур бўлган Алишер Навоий номидаги Кино саройида ўтказилади. Бинода йирик кинозал, конференция ва тадбирлар зали очилади.

Очилиш маросимида миллий ва жаҳон киноси ҳамда эстрадасининг ёрқин юлдузлари иштирок этишади. Кинотеатрдан “Кино тарихи” музейи ҳам очилиб, унинг деворларида ўзбек киноси ўтмишини ўзида акс эттирган нодир экспонатлар, афишалар жой олади.

Кинофестиваль доирасида кўплаб намойишлар, давра суҳбатлари, маҳорат дарслари, танловлар ҳамда таниқли юлдузлар билан учрашувлар бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

21

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг