Хидоятовнинг ўринбосарларига 610 (601) млнга Malibu ва Tracker харид қилинди. 9 млн қаерга кетди?
Жамият
−
08 Сентябрь 2021
13867Тошкент вилояти ҳокимлиги 369 млн сўмлик Malibu ва 232 млн сўмлик Tracker сотиб олди. Вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати хабарига кўра, автомобиллар ҳоким ўринбосарлари учун харид қилган ва бу уларнинг иш фаолияти самарадорлигини оширади.
Қайд этилишича, ҳокимлик “замҳоким”лар учун Malibu ва Tracker’ни жорий йилнинг иккинчи чорак якуни билан шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан харид қилган. Бунинг учун эса Тошкент вилояти ҳокимининг жорий йил 26 августидаги фармойиши билан 610 миллион сўм миқдоридаги маблағ ажратилган.
Ахборотномада таъкидланишича, Тошкент вилояти ҳокимлиги учун Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида 18 та хизмат машинаси ажратилган. Вилоят нисбатан катта ва унинг салмоқли қисми тоғли ҳудудлардан иборат бўлгани учун мавжуд автомобилларнинг 5 таси муддатидан олдин техник носоз ҳолга келган. Уларнинг хизматга яроқсизлиги бўйича тегишли тартибда далолатномалар тузилган.
“Юқоридагилардан келиб чиқиб, вилоят ҳокими ўринбосарларининг иш фаолияти самарадорлигини ошириш, бевосита ҳудудларга чиқиш билан боғлиқ ишларни унумли ташкиллаштириш мақсадида, 369 миллион сўмлик 1 дона “Chevrolet Malibu” ҳамда 232 миллион сўмлик 1 дона “Tracker” харид қилиш бўйича 6 сентябрь куни тегишли шартномалар имзоланган”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат авторанспорт воситаларини бириктириш меъёрлари тасдиқланган.
Унга кўра, Вазирлар, давлат қўмиталари раҳбарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари хизмат автотранспортининг энг юқори нархи — базавий ҳисоблаш миқдорининг 1500 баравари (405 млн сўм)дан ошмаслиги керак.
Ҳокимлик Malibu ва Tracker харид қилиш учун умумий ҳисобда 610 млн ажратгани ҳолда, иккита машинани сотиб олишга 601 млн сўм (369+232=601) сарфлаган. Қолган 9 млн сўм нима қилингани ҳақида Тошкент вилояти маъмурияти лом-мим демаган.
LiveБарчаси