Хави “Барса” ўйинчиларига янги чекловлар жорий қилди

Спорт 4167
image

Каталониянинг “Барселона” клуби бош мураббийи Хави Эрнандес бугун, 9 ноябрь куни “кўк анорранглилар” билан биринчи машғулотини ўтказди. АS нашри хабарига кўра, каталонияликларнинг янги устози жамоа футболчилари учун бир қанча янги қоидалар киритди.

Манбага кўра, энди футболчилар базага машғулот бошланишидан бир ярим соат олдин етиб келишлари керак. Шунингдек, улар диетологнинг тавсияларига риоя қилган ҳолда овқатланишлари шарт.

Қолаверса, Хави ўсиб борадиган жарималарни ҳам киритди. Мисол учун, агар футболчи биринчи марта машғулотларга кечикса, у 100 евро тўлайди. Такрорий қоидабузарлик учун 200 евро, учинчиси учун - 400 евро ва ҳоказо.

Учрашув бошланишига икки кун қолганда футболчиларга ярим тундан кечроқ уйга қайтиши тақиқланади. Хави футболчиларни экстремал спорт турлари (масалан, сёрфинг) билан шуғулланиши тақиқлади.

Жамоа аъзолари базада кўпроқ вақт ўтказади, шунингдек мутахассисларсиз шахсий машғулот ўтказиш ҳам тақиқланади.

Қайд этиш жоизки, Хави футболчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги ҳаракатларини ҳам назорат қилмоқчи. Унинг фикрича, тармоқда ўта фаол бўлиш, ўйинчини машғулотдан чалғитади.

Маълумот ўрнида, Хави “Барселона” бошқарувидаги илк ўйинини 20 ноябрь куни ўтказади, ўшанда “кўк-анорранглилар” “Эспаньол”га қарши ўйнайди.

Жамшидбек Маҳмудов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 224
Рейтинг: 2.9
t
×