“Хавф ошиб бормоқда, хавотирдамиз”. БМТ Донбассда инсон ҳуқуқлари бузилишига эътибор қаратди

Олам

image

Донбассдаги можаронинг янада авж олиши, тинч аҳоли орасида қурбонлар сонининг ошиши, жароҳатланиш, кўчирилиш ва фуқаролик инфратузилмаси вайрон бўлишининг олдини олиш муҳим вазифа ҳисобланади. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет баёнотида айтилган.

“Ҳозирги ҳал қилувчи паллада вазият янада авж олишини, шунингдек, тинч аҳоли орасида ўлим ва жароҳатланиш, кўчирилиш ҳамда фуқаролик инфратузилмаси вайрон бўлишининг олдини олиш энг муҳим вазифа бўлиши керак. Мен барча томонларни жанговар ҳаракатларни тўхтатишга ҳамда зўравонлик учун эмас, балки мулоқот учун шароитлар яратишга чақираман”, дейилади Олий комиссар баёнотида.

Олий комиссар ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларнинг кучайиши инсон ҳуқуқлари, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиш хавфини оширишини ҳам эслатиб ўтган.

2,9 миллионга яқин одам ёрдамга муҳтож

БМТ Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси Матбуот котиби Йенс Леркенинг таъкидлашича, у Украина шарқида жанговар ҳаракатлар авж олгани ҳақидаги хабарлардан хавотирга тушган. Ушбу ўта беқарор вазиятда аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсани қилиш керак. Хусусан, БМТ ҳам минтақада гуманитар операцияларини давом эттирмоқда.

Йенс Леркега кўра, айни вақтда Украинада 2,9 миллионга яқин одам халқаро гуманитар ёрдамга муҳтож. Улар, асосан, шарқдаги можародан жабр кўрган ва ҳукумат назорати остида бўлмаган ҳудудларда истиқомат қилади. 

Украинадаги гуманитар ҳамжамият холислик, мустақиллик ва бетарафликни кўрсатиб, аҳолининг ёрдамга бўлган мавжуд ҳамда потенциал эҳтиёжларини ҳал қилади.

Бугунги кунда вазиятни олдиндан айтиб бўлмайди 

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси Матбуот котиби Шабиа Мантунинг қайд этишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Европа минтақавий бюроси БМТ тизимидаги бошқа идоралар билан биргаликда Украина шарқидаги инқирознинг кучайишидан чуқур хавотир билдирган. 

“Биз кўп йиллардан буён ушбу минтақадамиз. Бугунги кунда вазиятни олдиндан айтиб бўлмайди, лекин биз ҳукуматлар ва бошқа манфаатдор томонларнинг қочқинларни ҳимоя қилиш ҳамда кўчирилган одамларга ечим топиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, дейди Шабиа Мантоу.

ЖССТ зарур тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатилишини таъминлаши лозим

“Ҳар бир инсон саломатлиги ва фаровонлигини ҳимоя қилиш ЖССТнинг барча вазиятларда, жумладан, гуманитар инқироз ва можароларда асосий вазифаси ҳамда мажбуриятидир”, дейилади баёнотда.

Таъкидланишича, ЖССТнинг Украинадаги ваколатхонаси ва БМТнинг Украинадаги доимий координатори идораси мамлакатнинг инқироздан жабр кўрган ҳудудлари аҳолисига зарур хизматлар кўрсатишда Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан яқин ҳамкорликни давом эттирмоқда.

Баёнотда ЖССТ соғлиқни сақлаш тизимларини ҳимоя қилиш, айниқса, ҳозирги қийин пайтларда зарур тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш, COVID-19 ва бошқа юқумли касалликларнинг тарқалиши олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришда муҳим аҳамият касб этиши ҳам эслатиб ўтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

68

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг