“Адлия вазирлиги масалани бошқа тарафга бурмоқчи”: Расул Кушербоев вазирликка жавоб қайтарди
Жамият
−
29 Май 2019
4887Куни кеча “Муносабат” телекўрсатувида куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари чироқларини ёқиб ҳаракатланиши белгиланган ҳукумат қарори бўйича муҳокама ўтказилди.
Муҳокамага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини олиб борувчи орган сифатида муҳокамада билдирилган қонунчилик тизими билан боғлиқ бўлган фикрларга изоҳ бериб, Йўл ҳаракати қоидалари бўйича ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси аслида депутатларнинг ташаббуси бўлганини билдирди.
Кундузи автомобиль чироғини ёқиб юришни танқид қилиб чиққан Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев Адлия вазирлигининг изоҳига жавоб қайтарди.
“Адлия вазирлигининг автомобилларда кундуз куни чироқларни мажбурий ёқиб юришга эътироз билдирган депутатлар бўйича муносабатини кўриб бир латифа эсга тушиб кетди: бировнинг боғига ўғриликка тушаётган афанди дарахтга чиқиб меваларини халтасига солаётса, уй эгаси келиб афандининг кофушидан тортади:
- Нега мени боғимдан ўғрилик қиляпсан?
Афанди эса устомонлик билан:
- Нега унда ўзинг хотинингга ковуш олиб бермайсан?, дейди.
Мавзуга қайтсак. Аслида гап Адлия вазирлиги масалани бошқа тарафга буриб юборишга ҳаракат қилган – 2016 йилда йўл ҳаракати қоидалари бўйича ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида эмас, балки серқуёш Ўзбекистонда кундуз куни автомобиль чироқларини мажбурий ёқиб юришни бекор қилиш ҳақида.
Буни ҳамма кўриб билиб турибди. Майли Адлия вазирлиги асосий мавзудан чалғитувчи бу ишни депутатлар қўярда-қўймай ташаббус қилиб чиқишган, дейишмоқда. Буни астойдил, меҳнат қилиб, чуқур ўрганиб аниқлашибди. Шундай бўла қолсин. Бироқ бундай ташаббус қандай бўлганлиги кўрга ҳам маълум. Кейин ўша қонун лойиҳасида гап фақатгина йўловчи ва юк ташувчи, мототранспорт воситаларининг кундуз куни чироқларини ёқиб юрмаганлиги учун жарима ҳақида кетган. Ҳозир эса ўша қонун баҳона ҳамма ҳайдовчилар шундай қоидабузарлик учун жаримага тортилмоқда.
Адлия вазирлиги бу ўринда фуқароларимизнинг эътирозларини эшитиш ўрнига нимаики ёмонлик, одамларнинг эътирозига сабаб бўлган ҳужжатлар бўлса депутатларни айбдор қилиш билан шуғулланмоқда. Шу адолатданми? Адлия вазирлиги оппоқ: барча қонун ҳужжатлари бўйича экспертизалар аъло даражада ўтказилиб, ҳеч бир ҳужжатда маълум гуруҳ ва шахсларнинг монополиясига йўл қўйиш, нодавлат ташкилотларига тадбиркор ва фермерларни мажбурий аъзоликка киритиш, давлат тилидан бошқа тилда ҳужжатлар қабул қилишга йўл қўйилмаганми? Аҳолини арзон уй-жой олиши учун ҳукумат белгиланган тартибларни қўллашда қонунбузилишини кўриб туриб эса кўз юмиш ҳолатлари ҳам бўлмаган шекилли? Бу бизга маълум натижалар, холос.
Адлия вазирлигининг бу муносабатини минглаб юртдошларимиз томонидан эътироз билдирилган масалага виждонан ёндошиб, йўл ҳаракати қоидаларига киритилган асоссиз ўзгартиришни оддий айтганда “халқнинг буюртмаси”га кўра бекор қилиш ҳақида фикр билдираётган депутатларга нисбатан жамоатчиликда салбий фикр пайдо қилишга бўлган уриниш, деган хулосага келиш мумкин. Худди шундай: бу масалада одамларнинг ишонч ва эътиборини қозонаётган, уларнинг қўлловига эришаётган депутатларни худди шу одамлар олдида обрўсизлантириш, кулгига қўйиш ва ихлосини қайтаришдан бўлак иш эмас. Бу Адлия вазирлигига нима учун керак бўлиб қолди?
Барча масъуллар, шу жумладан депутатлар ва вазирликлар ҳам аввало халқ олдида масъул ва ҳисобдордир. Халқнинг хоҳиш иродаси фаолиятимизнинг асосий мезони. Депутат сифатида биз шундай ҳисоблаймиз. Халқ эътирозига сабаб бўлаётган муаммоларни барчамиз бир-биримизни қўллаб-қувватлаб ҳал этишимиз керак. Афсуски бугун биз ва биз орқали юз минглаб юртдошларимизни қўллаб-қувватлашига умид қилганлар қаторида бир жамоанинг йўқ эканлигига ишонч хосил қилдик. Наилож бу йўлда уларсиз бўлса ҳам охиригача давом этамиз...”, деган Расул Кушербаев.
LiveБарчаси