Халқларимиз, фарзандларимиз ва набираларимиз тинчлиги йўлида қўлимиздан келган ишни қиламиз! - Президент
Жамият
−
16 Апрель 2019
3429Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи муносабати билан "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев иштирок этиб, нутқ сўзладилар. Қуйида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу тантанали маросимда сўзлаган нутқи билан танишишингиз мумкин.
Ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелевич!
Хонимлар ва жаноблар!
Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар!
Сиз, азизларни меҳмондўст Ўзбекистон заминида яна бир бор қутлаймиз.
Бутун Ўзбекистон халқи номидан биродар Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Кемелович Тоқаевни мамлакатимизга илк бор давлат ташрифи муносабати билан чуқур мамнуният изҳор этишга рухсат бергайсиз.
Ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелевич!
Азиз дўстлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Бугун сизларни Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг тантанали очилиш маросимида қутлашдан мамнунман.
Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти, Элбоши, оғам, муҳтарам Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг 2017 йил сентябрь ойида мамлакатимизга давлат ташрифи чоғида биз ўтган йили Қозоғистонда Ўзбекистон йилини, бу йил эса юртимизда Қозоғистон йилини ўтказишга келишиб олган эдик.
Фурсатдан фойдаланиб, кўпмиллатли Ўзбекистон халқи номидан Нурсултон Абишевичга мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган беқиёс ҳиссаси, шунингдек, мамлакатингизда ўтказилган ажойиб, ёрқин ва унутилмас Ўзбекистон йили тадбирлари учун самимий миннатдорлик изҳор қилмоқчиман.
Бугун муҳтарам Қосим-Жомарт Кемеливич билан биргаликда Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг очилиши мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш, биродарлик ришталари узвий мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.
Бу муҳим воқелик, шунингдек, халқларимиз ўртасидаги азалий ва самимий дўстлик, маданий ва маънавий якдиллик рамзидир.
Қозоғистоннинг Абай Қўнонбоев, Мухтор Авезов, Ахмет Байтурсунов, Илёс Есенберлин, Ўлжас Сулаймонов ва бошқа кўплаб атоқли маданият намояндалари тинчлик ва эзгуликни асраш, халқларимизга хос юксак инсоний фазилатларни тараннум этган.
Ўзининг жўшқин асарлари билан улар ушбу эзгу қадриятларни ҳозирги авлодга етказиш, мамлакатларимиз, халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини кенгайтиришга улкан ҳисса қўшган.
Шу муносабат билан мен ҳамкорлигимиз келажагига катта некбинлик билан қарамоқдаман ва Ўзбекистондаги Қозоғистон йили тадбирлари ушбу кўп асрлик алоқаларни янада мустаҳкамлашига ишончим комил.
Бугунги кунда Қозоғистон бутун дунёга давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида, жумладан, замонавий рақобатбардош иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини изчил ошириш бўйича эришилган салмоқли муваффақиятларини намоён қилаётганини катта мамнуният билан таъкидламоқчиман.
Ишончим комилки, мамлакатимизда Қозоғистон йили тадбирлари нафақат ушбу йўналишдаги ишлар натижаларини намойиш қилиш имконини беради, балки мамлакатларимиз санъати, илм-фани, таълими, бизнеси вакиллари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, билим ва ютуқларни алмашиш учун янги уфқлар очиб беради.
Буларнинг барчаси маданиятларни бойитиш, халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Юртимизда яқинда ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати фестивалида қозоғистонлик Улжан Байбусинова Гран-прига сазовор бўлгани ҳам қувонарли ҳол.
Барча қозоғистонлик дўстларимизни самимий қутлайман!
Азиз дўстлар!
Ўйлайманки, Ўзбекистонда Қозоғистон йили қардош мамлакат санъат усталарининг катта концерт дастури – кўпмиллатли Қозоғистоннинг ёрқин ва серқирра намойиши билан бошланишида рамзий маъно мужассам.
Дарҳақиқат, шеърият, мусиқа ва қўшиқ халқларнинг энг пок ва гўзал орзу-умидлари, эзгу интилишларини ифода этади.
Шу муносабат билан қозоғистонлик дўстларимиз, барча иштирокчиларга ушбу байрам концертини ташкил қилганликлари учун самимий миннатдорлик изҳор қилмоқчиман.
Ҳурматли дўстлар!
Қозоқ халқ мақолида айтилганидек: “Туы-сы жа-қын – жа-қын емес, қўны-сы жа-қын – жа-қын”.
Биз қардош Қозоғистон билан йўлга қўйилган дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини қадрлаймиз ва энг яқин қўшнимиз билан мулоқот ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга интиламиз.
Биз бир-биримизга ҳамиша елкадош бўлиб келганмиз, хавф-хатарларга қарши биргаликда курашганмиз, бугун эса умумий ёрқин келажагимизни ҳам бирга қурмоқдамиз.
Ўйлайманки, улуғ бобокалонларимиз Алишер Навоий ва Абай Қўнонбоевларнинг муқаддас руҳи бизни бу йўлда қўллаб-қувватлайди.
Биз халқларимиз, фарзандларимиз ва набираларимиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида қўлимиздан келган барча ишларни қиламиз!
Ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелевич!
Муҳтарам қозоғистонлик дўстлар!
Бугунги кун ўзбек-қозоқ муносабатларида янги, тарихий сана сифатида халқларимиз ўртасидаги қардошлик алоқаларини ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади, деб ишонаман.
Яна бир бор Ўзбекистонга хуш келибсиз!
Эътиборингиз учун раҳмат!
LiveБарчаси