Халқаро ислом академиясида имтиҳонлар янгича тартибда ўтади

Жамият 5503
image

Эндиликда, Ўзбекистон халқаро ислом академиясига талабаликка қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан амалга оширилади. Бу ҳақда кеча, 5 июнь куни қабул қилинган “Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарорида сўз боради.

Маълумотларга кўра, қабул қилиш тартиби, ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари, бакалавриат таълим йўналишлари мутахассисликларининг номлари, қабул параметрлари тўғрисидаги маълумот Академиянинг интернетдаги расмий сайти ва ахборот стендларида жойлаштирилади.

“Шунингдек, қарор билан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон халқаро ислом академияси бакалавриатига ўқишга киришга ҳужжат топширган абитуриентлар учун дастлабки имтиҳондан ўтиш тартиби жорий этилади”, дейилади Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабарида.

Дастлабки имтиҳонни ўтказиш жадвали Академия қабул комиссияси раиси томонидан тасдиқланади ва уни ўтказиш бошланишидан камида 10 кун аввал Академиянинг интернетдаги сайтида жойлаштирилади.

Имтиҳон Академия негизида зарур техник, тиббий ва бошқа шароитларни яратган ҳолда ўтказилади. Бино ва аудиториялар хавфсизлик талаблари, жумладан, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига тўлиқ жавоб бериши шарт.

Шунингдек, дастлабки имтиҳон натижалари асосида абитуриентларни кириш имтиҳонларининг кейинги босқичларига (касбий (ижодий) имтиҳон ва тест синовлари) ўтказиш ёки ўтказишни рад этиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинади.

Таъкидланишича, карантинга оид чоралар амал қилиши даврида Академиянинг бакалавриатига қабул қилиш жараёнлари ваколатли органларнинг карантинга оид ҳужжатлари талабларидан келиб чиққан ҳолда (масофавий, электрон, онлайн ва бошқа усуллар орқали) амалга оширилади.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 274
Рейтинг: 3
t
×