Халқаро бокс ассоциацияси вазн тоифаларини кўпайтирди

Спорт

image

Халқаро бокс ассоциацияси — АIBА директорлар кенгаши барча мусобақаларда (Олимпия ўйинларидан ташқари) ёшлар ва катта ёшли спортчиларининг вазн тоифаларига ўзгартиришлар киритиб, спорт турини тубдан ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилди. Эркаклар вазн тоифалари 10 тадан 13 тагача, аёллар ўртасида эса 10 тадан 12 тагача кўтарилади.

Қарор жорий йил 1 августдан кучга киради.

Ушбу таклифни АIBА Бош котиби Истван Ковач тақдим этди. Унинг таъкидлашича, АIBА кенгашининг йиғилишида янги вазн тоифаларини муҳокама қилиш ва келишишдан аввал эркаклар ва аёллар боксида манфаатдор томонларнинг кенг консултацияси ўтказилган.

“Биз ишонамизки, ушбу қадам кўпроқ вазн тоифасидаги боксчиларга ўзларини энг кучли ва қулай ҳис этадиган вазн тоифаларида иштирок этишларига имкон беради. Биз барча таклифларни миллий федерациялар ва АIBА қўмиталарининг ҳурматли вакиллари орқали тўпладик. Ҳар бир овоз инобатга олинди. Ушбу янгилик бокснинг қуйи қатламдан элитага айланиши учун ёрдам беради”, дейди Ковач.

АIBА президенти Умар Кремлёв эса:

“АIBА’нинг барча рақобат таркибини кенг ислоҳ қилиш жараёнида биз ушбу муҳим ўзгаришни амалга оширмоқдамиз. Мен, албатта, спортчиларимизга кўпроқ имкониятлар беришимиз кераклигига ишонаман, янги бўлинишлар турли мамлакатлардан кўпроқ одамларни бокс билан шуғулланишга ундайди ва медаллар қўлга киритишга имкон беради. Медалларимиз қанчалик кўп бўлса, мамлакатлар ҳукуматлари бизнинг спортимизга шунчалик эътибор беришади ва уни бутун дунёда молиялаштирадилар”, дея фикр билдирди.

Ўзгаришлар боксчиларнинг хавфсизлиги учун вазнни бошқариш ва тенг курашни таъминлашга хизмат қилади. 

Тўлиқ вазн тоифалари қуйидагича тақсимланди:

  • Эркаклар: -48, -51, -54, -57, -60, -63,5, -67, -71, -75, -80, -86, -92 +92.
  • Аёллар: -48, -50, -52, -54, -57, -60, -63, -66, -70, -75, -81, +81.

Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

87

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг