Халқаро ҳамжамиятнинг Афғон муаммосига эътибори сусайди – Норов

Жамият

image

Жорий йилнинг июль ойи охирида Тошкент шаҳрида Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро конференция ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Душанбе шаҳрида бўлиб ўтётган МДҲ Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг мажлисидаги нутқида маълум қилди.

Қайд этилишича, Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган конференцияда Афғонистоннинг бугунги куни ва келажаги, мамлакатнинг оғир ижтимоий муаммоларини ҳал қилиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинади.

Владимир Норовга кўра, ҳамдўстлик ҳудудида, биринчи ўринда “Шимол-Жануб” йўналишидаги минтақалараро ва трансконтинентал транспорт йўлаклари тизимини, шу жумладан “Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор” йўналишидаги темир йўлини диверсификация қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим.

“Афсуски, халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги вазиятга эътибори сусайганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айни пайтда у ердаги вазият оғир иқтисодий инқироз ва қийин гуманитар вазият кескинлигича қолиб, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар сақланиб қолмоқда”, дейди Норов.

Унга кўра, ҳамжамият ушбу мамлакатнинг бугунги куни ва келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши ҳамда Афғонистоннинг оғир ижтимоий муаммоларини ҳал қилишда ёрдамни давом эттиришга қаратилган аниқ чораларни кўриши керак. 

“Жорий йил июль ойи охирида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича олий даражадаги халқаро конференция ушбу масалаларни долзарблаштириш ва ҳар томонлама муҳокама қилиш учун қулай имконият яратади”, дея таъкидлади сиёсатчи. 

Шунингдек, Владимир Норов МДҲ Ташқи ишлар вазирларини Афғон муаммосини ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида ушбу муҳим тадбирда иштирок этишга таклиф қилди.

Маълумот учун, Муқаддас Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистондан Афғонистонга 58 вагондан иборат, 4 минг тоннадан ортиқ озиқ-овқат, дори-дармон ва кийим-кечак юкланган яна бир гуманитар ёрдам поезди жўнатилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг