Келишувга қарамай Россия яна Украинага зарба берди
Олам
−
31 Январь 1658 2 дақиқа
Кеча, 30 январь куни Россия ҳарбийлари Украинага дронлар ва ракета ёрдамида навбатдаги кенг кўламли ҳужумни амалга оширди. Бу ҳужум Украинадаги шаҳарларга зарбаларни вақтинча тўхтатиш бўйича баёнотлар фонида содир бўлди. Бу ҳақда Украина Қуролли кучлари хабар берди.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг маълум қилишича, Россия армияси тунда Украинага 111 та учувчисиз учиш аппарати ва битта “Iskander-M” баллистик ракетасини учирган. Украина ҳарбийлари ракета зарбаси ҳамда 25 та ҳужумкор дроннинг 15 та манзилда нишонга текканини қайд этган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 80 та рус дронини уриб туширган ёки йўлдан қайтарган, бироқ ҳужумлар кундуз куни ҳам давом этган.
Украинанинг Фавқулодда вазиятлар хизмати Харьков шаҳри яқинидаги ҳудудда ракета зарбасидан кейин йирик ёнғин чиққани ҳақида хабар берган. Фуқаролик корхонасига тегишли омбор биноси нишонга олинган, ёнғин 5 минг квадрат метрдан ортиқ майдонни қамраб олган. Оқибатларни бартараф этиш ишларига сапёрлар ва 80 дан ортиқ қутқарувчи жалб этилган.
Россиянинг навбатдаги ҳужуми Украина инфратузилмасига зарбаларни вақтинча тўхтатиш бўйича келишувга эришилгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганидан кейин бир суткадан кам вақт ўтиб содир бўлган.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Дональд Трамп Москва совуқ об-ҳаво сабабли бир ҳафта давомида Украинадаги шаҳарларга зарба беришни тўхтатишга рози бўлганини айтган эди.
“Мен шахсан Путиндан бир ҳафта давомида Киев ва бошқа шаҳарларга ўқ узмасликни сўрадим. У рози бўлди”, деган Трамп.
Украина Президенти Владимир Зеленский Россия билан энергетика инфратузилмасига зарбаларни вақтинча тўхтатиш бўйича келишув борлигини тасдиқлаб, Трампнинг воситачилик ҳаракатларини юқори баҳолаган. Кейинчалик у Россия билан тўғридан-тўғри мулоқот бўлмаганини ва ҳеч қандай ҳужжат имзоланмаганини аниқлаштирган.
Зеленскийнинг айтишича, агар Россия Украина энергетика объектларига зарба бермаса, Киев ҳам худди шундай жавоб қайтаради.
Москвада АҚШ ва Россия етакчилари ўртасида телефон орқали мулоқот бўлгани тасдиқланган. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Трамп Владимир Путиндан 1 февралгача Киевга зарба бермасликни шахсан сўраган. Песков бу илтимос музокаралар ўтказиш учун қулай шароит яратиш мақсадида билдирилганини таъкидлаган.
Унинг айтишича, Путин АҚШ Президенти илтимосига рози бўлган. Бироқ Кремль вакили гап “энергетик сулҳ” ҳақида кетяптими ёки умуман барча зарбаларни тўхтатиш масаласими, бунга аниқлик киритмаган.