Келгуси ўқув йилидан мактабларда бепул овқат берилади
Жамият
−
01 Март 2023
68612023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кеча, 28 февраль куни имзоланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида айтилган.
Бунда, овқат турлари ўқувчиларнинг ёши ва соғлиғи ҳолатига кўра меъёрланган ҳолда етказиб берилиши ҳамда санитария талабларига жавоб бериши таъминланади.
Таълим сифатини ошириш, соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш мақсадида 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади.
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, уларда коммуникатив кўникмалар, танқидий ва креатив фикрлаш, жамоа бўлиб ишлаш, тадқиқотчилик каби кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим дастурлари амалиётга киритилади.
Бунда:
• умумий ўрта таълим муассасаларининг 1–4-синфларида ўқувчиларни илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган дарсликлар бўйича ўқитиш;
• 5–9-синфларда ўқувчиларга умумтаълим фанларидан таянч билимлар бериш;
• 10–11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган ихтисослашган дастурлар асосида билим бериш амалиёти жорий қилинади.
LiveБарчаси