“Келажакка қайтиб” фильмидаги “Марти Макфлай” бедаво касаллик билан курашмоқда
Маданият-санъат
−
29 Октябрь 2022
7985Уч қисмдан иборат “Келажакка қайтиб” фильмларидаги “Марти Макфлай” образи орқали машҳурликка эришган ва ўзбек кино ихлосмандлари хотирасига ёш, навқирон ва ҳаракатчан йигитча қиёфаси билан муҳрланиб қолган актёр Майкл Жей Фокс ҳозирда 61 ёшда. У узоқ йиллардан буён паркинсон касаллиги билан курашиб келади. Сўнги вақтда эса касалликнинг зўрайишидан азият чекмоқда. Актёр бу ҳақда “People” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Майкл Фокснинг қайд этишича, унга бу ташхис бундан 20 йил муқаддам қўйилган. Аммо, касаллик сўнги йилларга келиб ўзини кучлироқ намоён эта бошлаган. Актёр учун ўтган 2021 йил синовли келган, у ҳаракатланишдаги қийинчиликлар, ўзини-ўзи тўлақонли бошқаролмаслиги оқибатида қўл, тирсак ва елка суякларини синдириб олган. Юз терисини қаттиқ шикастлаган. Шунингдек, актёр бир неча йил муқаддам ўсимтани олиб ташлаш бўйича хавфли орқа мия операциясини бошидан кечирган кезларини ёдга олган. Жорий йилнинг 24 сентябрь куни эса унинг онаси Филлис Фокс 92 ёшида вафот этган.
Маълум бўлишича, Фокс қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. У паркинсон касаллигини тадқиқ этиш жамғармасига асос солган. Ушбу жамғарма касалликка даво топишга ва ушбу хасталик билан яшаётган беморлар учун такомиллашган даволаш усулларини ишлаб чиқишни таъминлашга ҳисса қўшади.
Фокснинг таъкидлашича, касаллик билан курашиш вақтида уни рафиқаси Поллан ҳамиша қўллаб-қувватлаган ва у билан ёнма-ён турган. Натижада оила аъзолари билан муносабатлари аввалгиданда яхшиланган. Жуфтликнинг Сэм, Аквинна, Шайлер ва Эсме исмли тўрт нафар фарзанди бор.
Жароҳатлар Фокснинг нафақат жисмоний, балки ҳиссий ҳолатига ҳам таъсир қилди. У кўпроқ асабий ва қўрс бўлиб қолганини тан олган. Шунингдек, у ўзи беихтиёр хафа қилган инсонлардан кечирим сўраган.
Маълумот ўрнида, Майкл Жей Фокс 1961 йилнинг 9 июнь куни Канадада туғилган. 15 ёшида Канада суратга олинган “Лео ва мен” номли телесериалда суратга тушган. 18 ёшида Голливуд фильмларида суратга тушиш орзусида Америкага йўл олган. Унга илк муваффақиятни “Оилавий ришталар” телесериали келтирди. 1985 йилда “Келажакка қайтиб-1” фильми экран юзини кўради. 1989 ва 1990 йилларда фильмнинг иккинчи ва учинчи қисмлари катта муваффақият қозонади. 1996-2001 йилларда намойиш этилган “Spin City” телесериали актёр учун сўнги омадли лойиҳага айланди. Майкл Фокс 2020 йилда актёрлик фаолиятини якунлаган. Бунга хотира сустлигининг зўрайиб кетиши сабаб бўлган.
Паркинсон касаллиги
Бу марказий нерв системасининг сурункали касаллиги бўлиб, 1817 йилда Инглиз врачи Жеймс Паркинсон томонидан номланган.
Паркинсон касаллигида мускуллар таранглашади, ҳаракатлари чекланади, бемор майда қадам ташлаб юради, юз ҳаракатсиз бўлиб қолади, ҳатто, кийиниш, тугмаларни қадашга қийналади. Касаллик кўпроқ қўл бармоқларидан бошланади.
Замонавий тиббиётда ҳали бу касалликнинг давоси топилмаган, аммо мавжуд муолажа усуллари беморларнинг ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилайди ва касалликнинг ривожланишини секинлаштиришда ёрдам беради.
Кўпинча касалликнинг биринчи белгилари 55-60 ёшда пайдо бўлади. Бироқ, айрим ҳолларда касаллик 40 ёшдан олдин ривожланиши мумкин. Касаллик ҳудуд танламайди. 100 минг аҳолига 60 дан 140 кишигача бўлган оралиқда учраб туради, 60 ёшдан ошганлар орасида касаллик билан оғриган одамларнинг улуши 1% ни ташкил қилади, 85 ёшдан ошганлар – 2,6% дан 4% гача ҳолларда ушбу касаллик билан касалланади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15