Келаси йилдан газ ва электр нархи ўзгариши мумкин

Олам

image

Ўзбекистонда хусусий электр станцияларининг ишга туширилишича натижасида умумий электр ишлаб чиқаришнинг 18 фоизи хусусий сектор ҳисобига тўғри келади ва нархлар ишлаб чиқарувчи томонидан мустақил белгиланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун, 19 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари —Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди. 

Унинг қайд этишича, мамлакат энергетика соҳасида қилинаётган ишлар жуда кўп, лекин натижасини бирданига кўриб бўлмаяпти. 

“2023 йилда 1,3 гегават, 2024 йилда эса 4,7 гегеват қувватга эга бўлган хусусий электр станциялари ишга туширилади. Бундан беш йил аввал Ўзбекистоннинг битта ҳам хусусий электр станцияси йўқ эди. Насиб бўлса уларнинг улуши 2023 йилда 18 фоизга етади”, дейди Қўчқоров. 

Унинг қайд этишича, хусусий электр станциялари ишга туширилиши орқали мамлакатда электр энергиясига нисбатан бозоро тамойиллари принципи амал қила бошлайди. 

“Бу соҳа ҳақида гапирганда, бозор принципларига кўра ҳаракатлар давом этади. Электр энергияси ва табиий газ учун улгуржи ва чакана бозорларни яратиш бўйича ҳам ишлар давом эттирилмоқда. Бир сўз билан айтганда ислоҳотлар бу соҳага инвестициялар жалб қилишга имкон беради ва бозор очилгандан кейин инвестициялар кўпайиши ҳисобига электр энергияси ёки табиий газ ишлаб чиқариш кўпаяди. Бунинг бошқа йўли йўқ. Бундай катта маблағларни ўзимиз бевосита давлат қарзини кўпайтириш ҳисобига амалга ошириш ҳисобига эга эмасмиз”, дейди вазир. 

У, шунингдек, хусусий электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг нархларига ҳам тўхталиб, қиймат ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун оғирлик қилмаслигига ваъда берди. 

“Тарифлар бўйича ишлар олиб бориляпти. Шуни ишонтириб айтаманки, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли қатламлари умуман бу ўзгаришни сезмайдилар”. 

QALAMPIR.UZ’да мавжуд маълумотларга кўра, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ 2021 йилда ҳам ўз фаолиятини қарийб 2,1 трлн сўм, “Ўзтрансгаз” АЖ эса 2,5 трлн сўм зарар билан якунлаган. Бунга асосий сабаб, электр энергияси ва табиий газни якуний истеъмолчиларга сотишнинг амалдаги тарифлари соҳанинг жами харажатлари ва инвестицион лойиҳалар доирасида жалб қилинган кредитлар бўйича мажбуриятларини қоплашга етарли эмаслиги билан изоҳланади. Хусусан, Жаҳон банки консультантлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижаларига кўра, амалдаги электр энергияси тарифлари жами харажатларнинг 66 фоизини қопласа, табиий газ тарифлари эса бор йўғи 46 фоизини қоплайди.

Маълумот учун, сўнгги бор ёқилғи-энергетика ресурсларига янги нархлар ва тарифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлда қабул қилинган 633-сон қарорига кўра, 2019 йил 15 августдан бошлаб белгиланган эди ва қарийб 3 йил давомида қайта кўриб чиқилмади.

2017 йил сентябрь ойида аҳоли учун электр энергияси тарифи 2,5 центни ташкил қилган бўлса, 2018 йил апрель ойида – 2,8 цент, 2018 йил ноябрда – 3,0 цент, 2019 йил август ойида – 3,3 цент эди. Бугунги кунда эса 2,6 центни ташкил қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

390

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made