Келаси йил янги тартибдаги аттестациядан 2514 та мактаб ўтказилади
Жамият
−
25 Октябрь 2019
3383Ҳукуматнинг жорий йил йил 7 июндаги 470-сонли қарори билан тасдиқланган "Давлат таълим муассасалари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом"га кўра, аттестация жараёнлари мутлақо янги тартиб асосида ташкил этилиши белгиланди.
Бу ҳақда кеча, 24 октябрь куни пойтахтнинг Учтепа туманидаги 238-умумтаълим мактабида ўтказилган "Умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларини аттестациядан ўтказиш – таълим сифатини оширишнинг муҳим омили" мавзуидаги республика семинарида айтиб ўтилди.
Қайд этилганидек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда умумий ўрта таълим мактабларини аттестациядан ва давлат аккредитациясидан ўтказишдаги янгича тартиблар қўлланилади.
Хусусан, умумий ўрта таълим мактабларини аттестациядан ўтиш даврийлиги 9 йилдан 5 йилга, аттестация давомийлиги эса 10 кундан 3 кунгача қисқартирилди.
Мазкур низомга мувофиқ умумий ўрта таълим мактабларини 2020-2024 йилларда аттестациядан ўтказиш графиги тасдиқланди ҳамда аттестациядан ўтказиш мезонлари ишлаб чиқилди.
Ушбу график ва мезонлар асосида 2020 йил давомида 2 минг 514 та умумий ўрта таълим мактаблари аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказилади.
Семинарда сўзга чиққан халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бугунги кунга қадар умумтаълим мактаблари фаолиятини баҳолаш бўйича яхлит самарали тизим бўлмаганини таъкидлар экан, аттестациядан ўтказиш жараёнини қоғозбозликдан ҳоли ва адолатли кўринишда ташкил этиш лозимлигини айтиб ўтди.
Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев янги баҳолаш мезонлари илғор халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда ЮНИСEФ экспертлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилганлигини айтиб, ушбу жараёндаги бир қатор янгиликлар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, умумий ўрта таълим мактабларини аттестациядан ўтказувчи комиссия таркиби тубдан қайта кўриб чиқилган. Эндиликда аттестация комиссияси туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан эмас, балки бевосита халқ таълими бўлими томонидан бошқарилиши белгиланганди.
Инспекция бош бошқарма бошлиғи Аслиддин Одилов умумий ўрта таълим мактаблари фаолиятини баҳолаш воситалари ва механизмлари соддалаштирилиб, аттестациядан ўтказиш ва аккредитациялаш жараёнлари электронлаштирилганини маълум қилди.
Эндиликда жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ички ва ташқи аттестация ўтказилиши белгиланиб, таълим муассасаларининг бевосита ўзини ўзи баҳолашда иштирок этиши кўзда тутилган.
LiveБарчаси