Кеча Қашқадарёда топилган қўнғир айиқнинг боласи бугун ўлдириб кетилди

Жамият

image

Кеча, 25 апрель куни Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидаги тоғли ҳудудда “Қизил китоб”га киритилган қўнғир айиқ ва болалари борлиги маълум бўлганди. 

Бугун, 26 апрель куни эса мазкур ноёб айиқ болаларининг биттаси ўлдириб кетилди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси матбуот котиби Бунёд Абдуллаев QALAMPIR.UZ'га маълум қилди

Қўмита вакилининг сўзларига кўра, айиқ боласининг ким томонидан отилгани номаълум, бироқ чўпонлардан бири отган бўлиши мумкин.

“Она айиқ овқат емайди. У ҳеч нарса емасдан туғади. Жудаям чидамли ҳайвон. Ҳозир, айни оч, чарчоқда бўлган вақти. Бу ҳолат жудаям ачинарли. У одамга ташланмайди, одамга ташланадиган ҳолатда ҳам эмас. Кимдир айиқнинг бу ҳолатидан фойдаланиб, боласини ўлдирибди. Ўша отган одамни ушлаб, жазолаш керак, бошқа илож йўқ”, дейди Абдуллаев.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан аниқлик киритиш учун Ички ишлар органлари ва Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси назорат инспекцияси ходимлари воқеа содир бўлган ҳудудга кетган.

“Ҳозир айиқ далада, ёввойи табиатда юрибди. У ерда у эркин юради, шароит бор, озиқланиши учун ҳам нарсалар етарли. Айиқ боласини ўлдирган одам кимлигини аниқлаймиз”, дейди матбуот котиби.

Маълумот учун, она айиқ ва унинг иккита боласи суратларини қўмитага “Теракли” МФЙда яшовчилар жўнатган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1024

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг