Қаззофийнинг маҳв этилиши: Африка қироллари қиролининг ўлдирилганига 10 йил тўлди
Бу қизиқ
−
20 Октябрь 2021
27140“Демократия билан бошбошдоқликнинг ораси бир қадам”
Наполеон Бонапарт
2010-2011 йилларда араб мамлакатларида ҳокимият бошқарувига қарши “Араб баҳори” деб номланган норозилик намойишлари бошланиб кетди. Бу тартибсизликлар сиёсатчилар ва давлат раҳбарлари учун кутилмаган воқеа бўлди. Араб дунёсига ёйилган бу инқилобий ҳаракатлар Тунисда Бен Али, Мисрда Ҳусни Муборак ҳокимиятини бир кечада қулатди. Галдаги нишон Ливия эди. Бироқ, мамлакат раҳбари полковник Муаммар ал-Қаззофий таслим бўлишни истамади. Бу эса биринчи навбатда АҚШ ҳамда унинг иттифоқчилари Буюк Британия ва Францияга ёқмади.
2011 йил 19 март туш вақти АҚШ ва НАТО ҳарбий самолётлари ҳавога кўтарилди. Уларнинг нишони Бенғози шаҳри бўлиб, у ерда Ливия раҳбари Муаммар ал-Қаззофийнинг асосий қўшинлари жойлашган эди. Ҳужум натижасида, Қаззофий кучлари таг-туги билан йўқ қилиб ташланди. 20 октябрь куни икки оёғидан яраланган давлат раҳбари қўлга олиниб, халққа топширилди. Йиғилган онгсиз оломон ўз давлат раҳбарини шафқатсизларча уриб ўлдирди. Бугунги мақоламизда, бундан роппа-роса ўн йил аввал, ташқи кучлар аралашуви билан ҳокимиятдан ағдарилган Ливия диктатори Муаммар ал-Қаззофийнинг аянчли қисмати ҳақида сўз юритамиз.
Қаззофийнинг ҳокимиятга келиши
Ливиядаги фуқаролар урушининг сабабларини яхшироқ тушуниш учун Қаззофийнинг ҳокимият тепасига келган вақтдан бошлаб, 2011 йилгача бўлган мамлакат ташқи ва ички сиёсатини таҳлил қилиш лозим.
1969 йилгача Ливияда конституцион монархия тузуми ҳукмрон эди. Қирол Идрис Ғарб мамлакатлари қўлидаги бир қўғирчоқ ҳисобланган. Чунки, Ливия Иккинчи жаҳон урушидан олдин Италия мустамлакаси бўлган. Урушда Италия мағлубиятга учради. Шундан сўнг, Ливия ерлари Франция ва Буюк Британия назоратига ўтди. 60-йилларнинг охирига келиб, айрим араб давлатларида социалистик тузум ўрнатилди. Хусусан, 1952 йилда Мисрда, 1963 йилда Сурияда СССР намунасидаги давлат тузилди. Бу ҳаракатлар Ливияга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Мамлакатдаги бир гуруҳ ҳарбийлар Ливияда социалистик тузум ўрнатишга ҳаракат бошлашди. Полковник Муаммар Қаззофий бу ҳаракатга бошчилик қилди.
1969 йил 1 сентябрь куни, қирол Идрис Туркияда даволанаётган бир вақтда, 28 ёшли полковник Муаммар Қаззофий бошчилигидаги “Озод офицерлар” гуруҳи Ливияда давлат тўнтариши уюштирди. Бу инқилобни махфий тарзда СССР ва Миср кучлари қўллаб турди. Шундай қилиб, қўғирчоқ қирол тахтдан ағдарилди.
Қаззофийнинг ички сиёсати
Ливияда ҳокимият, инқилобий қўмондонлик кенгаши қўлига ўтгач, мамлакат номи Ливия Араб Республикаси деб эълон қилинди. Кенгаш бошқаруви Қаззофий қўлига ўтди. 1970 йилда Муаммар Қаззофий Ливия Бош вазири ва Мудофаа вазири лавозимини эгаллади. Давлат бошқарувини ўз қўлига олган полковник Ливия ҳудудидаги Буюк Британия ва АҚШ ҳарбий базаларини чиқариб юборди. 1970 йилдан бошлаб мамлакатдаги барча хорижий банклар ва нефть заводлари миллийлаштирилди.
1977 йил 2 март куни Ливиянинг Себха шаҳрида бўлиб ўтган Ливия умумхалқ конгрессининг навбатдан ташқари сессиясида “Себҳа декларацияси” қабул қилинди. Унга кўра, мамлакатда “Жамахирия”, деб номланган янги давлат бошқарув шакли жорий этилди. Давлат номи Социалистик Халқ Ливия Араб Жамаҳирияси, деб эълон қилинди.
Ливияда монархия ағдарилишидан олдин, мамлакат аҳолисининг 27 фоизи саводли эди. Инқилобдан ўн йил ўтиб, мамлакатда 220 та кутубхона, 20 та олий ўқув юрти очилди. 1977 йилга келиб аҳолининг саводхонлик даражаси 51 фоизга кўтарилди. 1980 йилда 180 мингдан ортиқ уй-жой қурилди. Бу бошпанасиз яшаб келаётган муҳтожларнинг қарийб 80 фоизини замонавий уй-жой билан таъминлаш имконини берди.
Ливия асосан нефтга бой ҳудуд ҳисобланган. Бундан ташқари Қаззофий мамлакатнинг чўл ҳудудларига сув етказиб бериш учун “Буюк сунъий дарё”, деб номланган йирик суғориш лойиҳасини ишлаб чиқди. Лойиҳага кўра, ичимлик суви 500 метр чуқурликдаги 1300 та қудуқдан қазиб чиқарилиши керак эди. Муаммар Қаззофий бу дарёни дунёнинг “саккизинчи мўжизаси” деб атади.
Қаззофий юритган ташқи сиёсат
Муаммар Қаззофий даврида Ливия Яқин Шарқ ва Африка давлатларидаги муаммоларига фаол аралашди. Хусусан, Фаластиндаги террористик гуруҳларга ёрдам берди. Бундан ташқари, Ливия ҳукумати қўшни давлат Чадга ҳудудий даъволарни эълон қилди. Қаззофий даъво ортидан Чадга қўшин киритди. Бу ўз навбатида Халқаро кучларнинг норозилигига сабаб бўлди.
Ташқи сиёсатда Ливия ҳукумати инқилобий ва террористик ташкилотларга, айниқса панисломизм ғояларига риоя қилувчи гуруҳларга ёрдам кўрсатди. Қаззофий шунингдек, Ирландия Республикачилар армиясини, Филиппиндаги мусулмон қўзғолончиларни ва Африка миллий конгрессини қўллаб-қувватлади. 80-йилларнинг бошида Қаззофий номи терроризмга ҳомийлик қилувчи шахс сифатида ёйилди. АҚШ Президенти Рональд Рейган Ливия раҳбарини “Яқин Шарқнинг қутурган ити” деб атаб, уни халқаро терроризмга шерикликда айблади.
1988 йил 21 декабрь куни Франкфурт-Лондон-Нью Йорк-Детроит йўналишида парвоз қилаётган “Boeing 747” самолёти Локерби шаҳри устида портлади. 1991 йилги тергов жараёнида бу портлашга Ливия разведкасининг дахлдор эканлигини аниқланди. АҚШ ва Буюк Британия ҳукумати Қаззофийдан айбдорларни беришни талаб қилди. Бироқ, мамлакат раҳбари бунга рад жавобини берди. Шундан сўнг, АҚШ ва Европа давлатлари Ливияга қарши иқтисодий санкциялар жорий қилди. Ғарб дунёсида Қаззофий номи янада қораланди.
Африка қироллари қироли
1998 йилда Ливия раҳбарининг ташаббуси билан тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек минтақада глобал иқтисодий ривожланишга эришиш мақсадида саҳро давлатлари ҳамжамияти (CENSAD) тузилди. 2001 йилда Қаззофийнинг ташаббуси билан 54 та Африка давлатларини бирлаштирган Африка Иттифоқи тузилди. Бундан ташқари, У Африка Қўшма Штатларини яратиш ташаббусини кўтара бошлади. Қаззофий бутун Африка мамлакатларини бир мақсад йўлида, бир мушт қилишга ҳаракат қилди. Бу эса ўз навбатида АҚШ ва Ғарб дунёсига ёқмади. Чунки, Африкадаги катта нефть, олтин, олмос конлари айнан ғарб мамлакатларига қарашли эди.
2008 йилнинг август ойида Африканинг 200 дан ортиқ қироллари, султонлари, амирлари, шайхлари ва қабила бошлиқларининг йиғилишида Муаммар Қаззофий “Африка қироллари қироли”, деб эълон қилинди.
Ғарб билан яқинлашув
2000 йилларга келиб Қаззофий Европа мамлакатлари билан яқинлаша бошлади. Европа магнатларига Ливияга кириши учун рухсат берилди. Бу ҳаракатлар мамлакатнинг иқтисодий сиёсий ҳаётини бироз либераллаштиришга олиб келди.
2003 йилнинг июнь ойида, Миллий конгрессда Муаммар Қаззофий мамлакатнинг “халқ капитализми” деб номланган янги сиёсий йўналишини эълон қилди. Ливия раҳбари нефть ва газ конларини хусусийлаштиришга рухсат берди. 2003 йилнинг декабрь ойида Ливия оммавий қирғин қуролларининг барча турларидан воз кечганини эълон қилди. 2004 йилнинг 23 апрелида АҚШ Ливияга қарши иқтисодий санкцияларни қисман бекор қилди. Тез орада, Ливия йиллик инфляция даражаси энг паст бўлган мамлакат сифатида Гиннес рекордлар китобига кирди.
Қаззофийга қилинган суиқасдлар
Муаммар Қаззофийнинг ҳукмронлик даврида унга нисбатан кўп марта суиқасд амалга оширилган. Хусусан, 1975 йилнинг июль ойида ҳарбий парад вақтида Ливия раҳбари турган шоҳсупага ўт очишга уриниш муваффақиятсизликка учради. 1981 йилда Ливия ҳарбий ҳаво кучларидаги фитначилар Қаззофий СССРдан Триполига қайтаётган самолётни уриб туширишга уринишди. 1981 йилнинг декабрь ойида Халифа Қодир Муаммар Қаззофийга ўқ узди. Ливия етакчиси елкасидан яраланди. 1989 йилда Сурия Президенти Ҳафиз Асаднинг Ливияга ташрифи чоғида Қаззофийга қилич билан қуролланган ҳарбий ҳужум қилди. У дарҳол соқчилар томонидан отиб ташланди. 1996 йилда Сирт шаҳри кўчасида Қаддафий кортежи ўтаётганда машина портилатилди. Ливия етакчиси жароҳат олмаган, лекин суиқасд оқибатида олти киши ҳалок бўлган. Текширувлар натижасида, бу суиқасдлар ортида АҚШ ва унинг шотирлари тургани эълон қилинган.
Қаззофийнинг йўқ қилиниши
2010-2011 йилларда араб мамлакатларида мавжуд тузумга қарши “Араб баҳори”, деб номланган норозилик намойишлари бошланди. Араб дунёсига ёйилган бу инқилобий ҳаракатлар Тунисда Бен Али, Мисрдаги Ҳусни Муборак ҳокимиятини бир кечада қулатди. Галдаги нишон Ливия эди. 2011 йил 15 февраль куни Ливияда ҳам Қаззофий бошқарувига қарши бўлган мухолиф кучлар бош кўтарди. Улар, Қаззофийдан истеъфога чиқишини талаб қилди. Мамлакатда фуқаролик уруши бошланди. 20 февраль куни Ливия пойтахти Триполида мухолифлар томонидан митинг ўтказилди. 22 февраль кечқурун, Муаммар Қаззофий давлат телевидениеси орқали чиқиш қилиб шундай деди:
“Муаммар Қаззофийнинг кетиш нияти йўқ. У президент эмас, у инқилобнинг етакчиси ва у бу ерда қолади. Гиёҳвандлик таъсири остида бўлган бир гуруҳ ёшлар полиция бўлимларига ҳужум қилиб, қурол ўғирлашди. Хорижий каламушлар Миср ва Тунисда бўлиб ўтган воқеаларни Ливияга кўчириб, уни Афғонистонга айлантирмоқчи! Биз уларга қарши ҳали куч ишлатмадик, Агар норозилик намойишлари давом этаверса, ҳар бир уй тозаланади. Қуролини ташламаганлар қатл қилинади”.
Эртаси куни Бенғози шаҳрида маҳаллий халқ кенгаши аъзоларининг қўшма фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Қаззофийга қарши Миллий Кенгаш тузилиб, унга мамлакатнинг собиқ адлия вазири Мустафо Муҳаммад бош бўлди. Тез орада, фуқаролар уруши мамлакатнинг катта қисмини қамраб олди. 26 февраль куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ливияга қурол ва ҳар қандай ҳарбий материал етказиб беришни тақиқловчи санкция эълон қилди. Шунингдек, Қаззофийнинг хорижий активларини музлатиб қўйди.
2011 йил 27 июнь куни Ливиядаги фуқаролар уруши вақтида Халқаро жиноят суди Муаммар Қаззофийни қотиллик ва турли жиноятларда айблаб қўлга олиш учун рухсат берди. Шундан сўнг, АҚШ ва НАТО бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Ливияга кирди.
Бир неча ойлик жанглардан сўнг, 20 август куни исёнчилар пойтахт Триполига ҳужум қилишди. НАТОнинг ҳаво ҳужуми натижасида Триполи ер билан яксон қилинди. Инқилобчилар Қаззофийнинг тиригини ёки жасадини янги ҳокимиятга топширганларга 1,6 миллион доллар мукофот эълон қилди. 9 сентябрь куни Халқаро жиноят суди талабига биноан Муаммар Қаззофий Интерпол томонидан халқаро қидирувга берилди. Пойтахт қулагач, фақат Бани Валид ва Сирт шаҳарлари Қаззофийнинг назорати остида қолди. Бу шаҳарлар атрофида ҳам шиддатли жанглар давом этди.
Ўша вақтда, Ливий раҳбарининг ёнидан бўлган Ички хавфсизлик хизмати бошлиғи генерал Мансур Дао Қаззофийнинг Триполи олингандан кейинги аҳволи ҳақида шундай дейди:
“У хафа бўлди, ғазабланди, баъзида биз уни ақлдан озган деб ўйладик. Кўпинча, у ғамгин эди. Унга пойтахт қулаганини айтганимиздан кейин ҳам Ливия халқи уни ҳали ҳам яхши кўришига ишонди”.
Маълумотларга кўра, Ливия раҳбари сўнгги кунларда бир хонадан чиқмасдан, дафтарга нималарнидир ёзиб ўтирган. Муаммар Қаззофий барчасини тугагани сезди. Ҳатто, қўриқчилари қочишни таклиф қилганда у “ мени ҳеч бир мамлакат қабул қилмайди. Мен қочишдан кўра, ўз она халқимнинг қўлида ўлишни афзал кўраман”, деб жавоб берган.
2011 йил 20 октябрь куни АҚШ ва НАТО ҳарбийлари Сирт шаҳрига ҳужум қилди. Иккала оёғидан яраланган Қаззофий қўлга олиниб, халққа топширилди. Шунда сўнг, йиғилган онгсиз оломон Муаммар Қаззофийни уришни, ҳақоратлашни бошлади. Ғазабланган халқ Қаззофийни уриб ўлдирди. Кейинчалик, Инқилоб етакчисининг мурдаси Мисрат шаҳрида музлатгичга солиниб халққа намойиш этилди. Фитначилар Қаззофийнинг мурдасини суратларга олиб, ўша вақтдаги АҚШ давлат котиби Хиллари Клинтонга юборишади. Муаммар Қаззофийнинг мурдасини кўрган давлат котиби хурсанд бўлиб кетади.
Муаммар Қаззофийнинг 42 йиллик ҳукумронлик даврида Ливия нефть сотишда кўп даромад олди. Халқ диктатор даврида тинч яшади. Бироқ онгсиз халқ охир-оқибат ташқи кучларнинг демократия қуриш ваъдаларига учиб, ўз давлатини парокандаликка олиб келди. Ливия Муаамар Қаззофийдан кейин ўзини ўнглай олмади. Ливия Ғарбнинг таъсир доирасига тушиб қолди. Охир-оқибат, уларнинг қўғирчоғига айланди.
Муаммар Қаззофий режими ағдарилганидан сўнг, Ливия икки қисимга бўлиниб кетди. Мамлакатнинг Ғарбий қисмини Файез Сарраж бошчилигидаги Миллий кенгаш ҳукумати бошқармоқда. Шарқни эса фельдмаршал Халифа Хафтал қўмондонлиги остидаги Ливия миллий армияси назорат қилмоқда. Ҳозирда Ливия аҳолисининг катта қисми қашшоқликда кун кечиради.
LiveБарчаси