Катта жанглар олдидаги ўзбек боксчилари – Спорт дайжести
Таҳлил
−
07 Январь
5730Фаластинни қўллаб-қувватлагани учун қамоқ жазосига ҳукм қилинган футболчи, WBA камари учун рақиби аниқ бўлган Исроил Мадримов ва шахсий титуллари сонини ошириб олган Криштиану Роналду бугун диққат марказимизда. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести
Олимпиада олдидан Франция хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда
Париждаги Олимпиада ўйинларининг очилиш маросимига етти ой қолганида Франция терактларнинг олдини олиш режасини ишлаб чиқди.
Олимпиада ўйинларининг очилиши мисли кўрилмаган форматда ўтказилиши режалаштирилган. Тадбир стадионда эмас, Сена дарёси қирғоғида бўлиб ўтади. Меҳмонлар сони тахминан 600 минг кишини ташкил қилади.
Шундай қилиб, ҳокимият хавфсизликни ўрнатиш учун жиддий чораларни кўришга қарор қилди.
Франция Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, белгиланган вазифаларни бажариш учун 40 минг ҳарбий ва полиция ходимлари ажратилиши кутилмоқда. Ҳар 100 метр ҳудудга тўрт кишидан хавфсизлик ходими ўз фаолиятини олиб бориши кўзда тутиляпти.
Париж ҳаво ҳудуди ва яқин атрофдаги метро бекатлари ҳам очилиш куни ёпилади.
Маълумот учун, Олимпиада баҳслари 26 июлдан 11 августга қадар ўтказилади. Бу тарихдаги 33-Олимпиада ҳисобланади.
Янгиланган WBA рейтингида 4 нафар ўзбек боксчиси етакчи бўлди
Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) декабрь ойи бўйича янгиланган рейтингни эълон қилди.
Янгиланган рейтингда 4 нафар ўзбекистонлик боксчи 1-ўринда қайд этилди.
Умумий ҳисобда 7 нафар ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси ушбу рўйхатдан жой олди.
Жумладан:
- Ҳасанбой Дўстматов - (минимал вазн) 2-ўрин;
- Муроджон Аҳмадалиев (биринчи ярим енгил вазн) 1-ўрин;
- Отабек Холматов (ярим енгил вазн) - 1-ўрин;
- Ботир Аҳмедов (супер енгил вазн) - 8-ўрин (ўтган ойда 7-ўринда эди);
- Шаҳрам Ғиёсов (яримўрта вазн) - 1-ўрин;
- Исроил Мадримов (супер ярим ўрта вазн) - 1-ўрин;
- Бектемир Мелиқўзиев (супер ўрта вазн) - 6-ўрин.
Польшалик гроссмейстер ЖЧда россиялик шахматчи билан кўришишдан бош тортди
2023 йил 26-30 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор шахмат бўйича Жаҳон чемпионатида польшалик гроссмейстер Ян-Кшиштоф Дуда россиялик шахматчи Денис Хисматуллин билан қўл бериб кўришмади.
Ижтимоий тармоқларларда тарқалган видеога кўра, ўйин бошланишидан олдин Хисматуллин рақиби билан қўл сиқишмоқчи бўлган, бироқ польшалик шахматчи у билан кўришишни истамаган.
Қайд этилишича, Хисматуллин Россиянинг Украинадаги "ҳарбий операцияси"ни қўллаб-қувватлайди. Шу боисдан ҳам Дуда рус рақибининг дўстона муносабатини рад этган. Дуданинг бу иши кўпгина таниқли украиналикларнинг эътирофига сабаб бўлди.
Маълумот учун, 2023 йилги тезкор шахмат бўйича Жаҳон чемпионатида норвегиялик гроссмейстер Магнус Карлсен ғалаба қозонди. Бу Карлсеннинг тезкор шахмат бўйича Жаҳон чемпионатидаги бешинчи ғалабаси бўлди. Бунгача Магнус 2014, 2015, 2019 ва 2022 йилларда жаҳон чемпиони бўлган.
Исроил Мадримов WBA камари учун ким билан жанг қилади?
Супер ярим ўрта вазнда жанглар ўтказадиган ўзбекистонлик профессионал боксчи Исроил Мадримовнинг Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) камари учун рақиби маълум бўлди.
Чемпионлик баҳсида Мадримовга россиялик Магомед Қурбонов рақиблик қилади. Ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси ўз вазнида WBA камари учун 1-рақамли даъвогар ҳисобланади. Қурбонов эса 2-рақамли даъвогар сифатида қайд этилган.
Мазкур вазнда WBA, WBO ва IBF камарлари эгаси америкалик Жермелл Чарло эди, бироқ Чарло вазнини ўзгартириб, Саул Канело Алварес билан жанг қилди ва мағлубиятга учради. Чарло ўз вазнига қайтди, аммо мажбурий даъвогарлар билан жанг қилишни истамади. Шунинг учун у WBA, WBO ва IBF камарлардан маҳрум қилинди.
Фаластинни қўллаб-қувватлаган футболчи қамоқ жазосига ҳукм қилинди
3 январь куни “Ницца” ҳимоячиси Юсуф Аталга “диний асосда нафрат уйғотиш” айби билан 8 ойлик шартли қамоқ жазоси ва 45 минг евро жарима тайинланди.
Октябрь ойида Фаластин-Исроил можароси кескинлашиши фонида футболчи ижтимоий тармоқларда бутун дунё бўйлаб яҳудийларни танқид қилган ва Исроил билан можарода Фаластинни қўллаб-қувватловчи видеосини эълон қилганди.
Кейинроқ футболчи ўз постини ўчириб ташлади ва омма олдида узр сўради. Бироқ у қўйган видеонинг жиддийлигини инобатга олиб, клуб футболчига нисбатан зудлик билан биринчи интизомий жазо қўллади ва уни жамоадан четлаштирди.
Кейинчалик, худди шу сабабга кўра, Атал Франция Профессионал Футбол Лигаси (LFP) томонидан еттита ўйинга дисквалификация қилинди.
Жорий мавсумда 27 ёшли ҳимоячи “Ницца” таркибида олтита ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол уришга муваффақ бўлди. У 1 октябрдан бери майдонга тушмади, бироқ футболчига қўйилган тақиқ декабрь ойи охирида ниҳоясига етганди. Француз жамоаси Лига 1 да 2-ўринда бормоқда. Жамоа кейинги турда 13 январь куни “Ренн”га қарши майдонга тушади.
Шу билан бирга, Атал Жазоир терма жамоасининг аъзоси ҳисобланади. Сентябрь-октябрь ойларида у ўртоқлик ўйинларида, ноябрда эса ЖЧ-2026 саралаш баҳсларида майдонга тушган. У ҳозирда Африка кубогига тайёргарлик кўраётган “чўл тулкилари” ихтиёрида. Турнир 13 январдан 11 февралга қадар Кот-д'Ивуарда бўлиб ўтади.
Ўзбекистонлик 5 нафар пара таэквондочи Паралимпиада йўлланмасини қўлга киритди
Бутунжаҳон таэквондо федерацияси Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларига лицензия берувчи рейтингни эълон қилди. Унга кўра, илк бор ўзбекистонлик 5 нафар пара таэквондочи рейтинг орқали Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларига лицензияни қўлга киритди.
Аёллар:
- Зиёда Исоқова (-47 кг);
- Гулжаной Наимова (+65 кг).
Эркаклар:
- Зуҳриддин Тоҳиров (-63 кг);
- Жавоҳир Алиқулов (-70 кг);
- Асад Тоштемиров (-80 кг).
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон делегацияси Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларининг пара таэквондо дастурида 3 нафар спортчи билан иштирок этган.Ҳозирга келиб, Париж-2024 Паралимпиадасида иштирок этувчи ўзбекистонлик пара атлетлар сони 33 нафарга етди.
Роналду Марадона мукофоти билан тақдирланади
“Ал-Наср”нинг 38 ёшли ҳужумчиси Криштиану Роналду ўз коллекциясини яна бир соврин билан тўлдирадиган бўлди. Футболчи йилнинг энг яхши тўпурари учун бериладиган Марадона мукофоти билан тақдирланади. Мукофот 19 январь куни Dubai Globe Soccer Awards 2023 маросимида топширилади. Бу ҳақда “Goal” хабар берди.
Беш карра “Олтин-тўп” соҳиби 2023 йилда “Ал-Наср” ва Португалия терма жамоаси сафида 54 та гол урди. Тўпурарлар пойгасида португалиялик форвард ПСЖ ҳужумчиси Килиан Мбаппе (52 гол) ва “Бавария” ҳужумчиси Ҳарри Кейн (52), шунингдек, “Манчестер Сити” ҳужумчиси Эрлинг Холанд (50) каби футболчиларни ортда қолдирди.
Декабрь ойида Криштиану Роналду Саудия Арабистони Про лигасининг энг яхши футболчиси совринини қўлга киритди. Декабрда у 5 та ўйинда 5 та гол уриб, 3 та голли узатмани амалга оширди.Жорий мавсумда португалиялик футболчи Саудия Арабистони чемпионатида 18 учрашувда 20 та гол урди ва 9 та голли узатмани амалга оширди.
Шаҳрам Ғиёсовнинг навбатдаги жанги тасдиқланди
Ярим ўрта вазн тоифасида жанглар ўтказадиган ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Шаҳрам Ғиёсовнинг профбоксдаги 15-жанги санаси ва рақиби аниқ бўлди
Ғиёсов 24 февраль куни АҚШнинг Орландо шаҳрида мексикалик Пабло Сезар Кано билан жанг қилади. Ушбу тўқнашув даъвогарлик мақомида ўтади, яъни жанг ғолиби Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) камари учун расмий даъвогарга айланади.
Таъкидлаш жоиз, ўзбекистонлик боксчининг рақиби шу вақтга қадар икки марта жаҳон чемпионлиги учун рингга кўтарилган, бироқ ҳар икки жангда рақибига имкониятни бой берган.
Маълумот учун, Ғиёсов ҳозиргача профбоксда 14 та жанг ўтказган ва жангларнинг барчасида ғалаба қозонган. 9 та баҳсда рақибини муддатидан аввал мағлубиятга учратган. 34 ёшли Пабло Сезар Кано эса фаолияти давомида 44 та жанг ўтказиб, 35 ғалаба, 8 мағлубият ва 1 дуранг қайд этган.
Дунё футболи катта йўқотишга учради
Бразилиялик собиқ футболчи Марио Загалло 92 ёшида вафот этди. Бу ҳақда собиқ футболчининг Instagram саҳифасида хабар берилди.
Заголло футболчилик ва мураббийлик фаолияти давомида Бразилия терма жамоаси билан тўрт марта жаҳон чемпиони бўлган. Жумладан, у кўплаб футбол мутахассислари томонидан футбол тарихидаги энг яхши терма жамоа сифатида эътироф этиладиган 1970 йилги терма жамоага устозлик қилган.
Марио Заголло футболчи сифатида 1958 ва 1962 йиллардаги жаҳон чемпионатларида ғолиб чиққан. 1970 йилда терма жамоа бош мураббийи сифатида турнир ғолиби бўлган. Унинг жамоасида Пеле, Жаирзиньо, Роберто Ривелиньо ва Тостао каби футболчилар тўп тепган. Загалло футбол тарихида ҳам футболчи, ҳам мураббий сифатида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган биринчи инсон ҳисобланади. Шунингдек, 1998 йилда Загалло терма жамоа бош мураббийи сифатида финалга чиққанди, аммо ўшанда пентакампионлар Францияга мағлуб бўлган.
Бу QALAMPIR.UZ'da ортда қолаётган ҳафта спортига оид энг муҳим янгиликлар эди. Саҳифаларимизга обуна бўлинг ва изоҳлар бўлимида ўз фикрингизни билдиринг. Кўришгунча.
LiveБарчаси