Катта синов олдидаги ўзбек футболи – Спорт дайжести

Спорт

Сенсацияга сабаб бўлган Ўзбекистон миллий терма жамоаси, Осиё ўйинларида Аббосбек Файзуллаевсиз иштирок этадиган олимпиячилар, Жаҳон чемпионатида Испанияга қарши ўйнайдиган ўзбекистонлик ўсмир футболчилар, Марокашдаги табиий офат жабрланувчиларига ёрдам қўлини чўзаётган спорт юлдузлари бугун эътиборимиз марказида бўлади. Ассалому алайкум. Якунлаётган ҳафтанинг энг муҳим янгиликлари билан QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.

Сенсацион Ўзбекистон

Уммон ортида ўқув йиғин машғулотларини ўтказган футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси АҚШ ва Мексикага қарши ўртоқлик ўйинларида иштирок этди. 10 сентябрь куни Ўзбекистон ва АҚШ терма жамоалари ўртасида халқаро ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу ўйинда Сречко Катанец шогирдлари 3:0 ҳисобда мағлубиятга учради.

Ўйин Тошкент вақти билан тунги соат 2:30 да старт олди. Миллий терма жамоа ўйинни кўриш учун ширин уйқусидан воз кечган минглаб ўзбекистонлик ишқибозларнинг ишончини оқлай олмади. АҚШ терма жамоасида сафида дастлабки голни Либерия давлати президентининг ўгли Тимоти Веа киритди. Иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса АҚШ жамоасидан Рикардо Пепи ва Кристиан Пулишич Ўзбекистон дарвозасига гол киритишга муваффақ бўлди. Шундай қилиб, ўйин 3:0 ҳисобда АҚШ фойдасига ҳал бўлди.

13 сентябрь тонгида эса Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари Атланта шаҳридаги “Mercedes-benz” аренада Мексика терма жамоасига қарши саф тортди ва АҚШга қарши ўйиндаги натижадан сўнг танқидларни тўғри қабул қилганини исботлай олди. FIFA рейтингида 12-ўринни банд этиб турган жамоага қарши баҳсда Катанец шогирлари жанговар 3:3 ҳисобига имзо чекди. Таркибида Гильермо Очо, Рауль Хименес каби номдор футболчилари бор жамоага Ўзбекистон терма жамоасидан голларни Бобур Абдуҳолиқов, Азизбек Турғунбоев ва Отабек Шукуровлар киритди. Айниқса баҳснинг сўнгги дақиқаларида “Фатиҳ Карагюмрук” жамоаси аъзосининг киритган голи ўйиннинг кулминациясини, FIFA кунларининг сенсациясини келтириб чиқарди. Дунё ОАВ бу ўйинни жуда кўп муҳокама қилди, жумладан Мексика медиаси ҳам Ўзбекистон билан ўйиндаги дуранг натижани жуда оғир, керак бўлса Мексика футболи учун шармандали ҳолат деб қабул қилди, ҳар ҳолда Мексика амалдаги КОНКАКАФ кубоги ғолиби саналади. Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси кейинги ўртоқлик ўйинларини октябрь ойида Хитой ва Вьетнамга қарши ўтказади.

Ўзбекистон Осиё ўйинларида Файзуллаев ва Раҳмоналиевсиз иштирок этади

12 сентябрь куни 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё кубоги саралаш босқичи 3-тури доирасида Ўзбекистон терма жамоаси Эронга қарши майдонга тушди. Мазкур учрашувда Тимур Кападзе шогирдлари 1:0 ҳисобида ғалабага эришди. 

Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади ва жамоалар дастлабки 45 дақиқаликда майдонни нурсиз дуранг билан тарк этди.

Иккинчи таймни фаол бошлаган Ўзбекистон вакиллари 47-дақиқада рақиб дарвозасига йўл топди. ЦСКА аъзоси Аббосбек Файзуллаев Ланс ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг заргарона узатмасини голга айлантириб, ҳисобни очди.

Баҳс давомида Файзуллаевнинг голи ягоналигини сақлаб қолди ва якунда ўзбекистонлик футболчилар гуруҳда юз фоизлик натижа қайд этиб Осиё кубоги йўлланмасини қўлга киритди. Эрон эса кейинги йили Қатарда ўтказиладиган қитъа биринчилигига чиқа олмади.

Таъкидлаш жоиз, Тимур Кападзе қўл остидаги айнан мана шу жамоа бир неча кундан сўнг Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказиладиган Осиё ўйинларида ҳам иштирок этади. 15 сентябрь куни Тимур Кападзе Хитойда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган таркибни эълон қилди.

Эътиборлиси, таркибдан Ўзбекистоннинг U-23 Осиё кубогига чиқиши учун муҳим роль ўйнаган футболчилар Аббосбек Файзуллаев ва Умарали Раҳмоналиев жой олмаган. Бунинг сабаби эса ҳозирча бизга қоронғу. Якуний рўйхатга эса асосан “Олимпик” клубининг футболчилари жалб қилинган.

Таркиб иқтидорларга бой, лекин ЦСКА ва “Рубин” клуби аъзоларининг йўқлиги саволларни келтириб чиқаради? Жавобни эса жамоанинг Осиё ўйинларида намойиш этадиган ўйинларидан қидирган маъқул.

Ўзбекистон Испания билан ўйнайди. U-17 Жаҳон чемпионатига қуръа ташланди

15 сентябрь куни Швейцариянинг Цюрих шаҳрида футбол бўйича U-17 терма жамоалари ўртасида ўтказиладиган Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичига қуръа ташланди.

Қуръа натижаларига кўра, Жамолиддин Раҳматуллаев бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоасининг гуруҳ босқичидаги рақиблари номи маълум бўлди. Ўзбекистон мундиалнинг “B” квартетидан жой олди.

Раҳматуллаев шогирдларига гуруҳда Испания, Мали ва Канада рақиблик қилади.

U-17 Жаҳон чемпионати 10 ноябрдан 2 декабрга қадар Индонезияда ўтказилади. Ўзбекистон жамоаси шу йили Таиландда ўтказилган Осиё чемпионатида ярим финалга чиқиб, кичик мундиалга йўлланмани қўлга киритганди.

Машҳур футболчилар Марокашдаги зилзила жабрланувчиларига ёрдам қўлини чўзмоқда

9 сентябрга ўтар кечаси Марокаш давлатининг Марракеш шаҳри яқинида 6,9 магнитудали зилзила содир бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, табиий офат оқибатида қарийб 3 минг киши ҳалок бўлган.

Марокаш терма жамоаси футболчилари, мураббийлар ва ходимлар Африка Миллатлар Кубоги бошлангунга қадар ўтказилган ўйинлар учун бонусларини мамлакатдаги зилзиладан жабрланганларга хайрия қилади. Бу ҳақда Марокаш терма жамоаси сардори Ромен Саисс ўз Instagram саҳифасида маълум қилди.

“Биз сиз биланмиз ва дардингизга шерикмиз. Марокаш бизни бирлаштиради”, дейди Саисс.

Шунингдек, Марокаш қироллик футбол федерацияси 12 сентябрь куни Буркина-Фасога қарши 1:0 ҳисобидаги ўртоқлик ўйини учун сотилган барча чипталардан тушган даромад зилзила оқибатларини бартараф этишга сарфланишини билдирган.

Зилзиладан сўнг жаҳон ҳамжамияти, шу жумладан, футбол оламининг етакчилари ҳам ушбу офатдан жабр кўрган аҳолига ёрдам бериш учун ҳаракат қилмоқда. ПСЖ ўйинчилари ҳам қон топшириш орқали бунга ўз ҳиссасини қўшди. Ашраф Ҳакими терма жамоадаги футболчилар билан биргаликда жароҳатланганларга ёрдам бериш учун донор сифатида қон топширди.

“Қон бериш - имкон қадар кўпроқ ҳаётни сақлаб қолиш демак. Бу ҳар бир кишининг масъулиятидир”, деб ёзган Ҳакими ўзининг Х саҳифасида.

Жаҳон футболи юлдузи Криштиану Роналду ҳам Инстаграм саҳифасида Марокаш аҳолисига ҳамдардлик билдирди. ОАВда Роналду ўзига тегишли бўлган Марокашдаги “Pestana” номли тўрт юлдузли меҳмонхонасини жабр кўрганларга бошпана учун берди деган мазмундаги хабарлар ҳам тарқалди, бироқ бироз вақт ўтгач меҳмонхона раҳбарияти бу хабарларни рад этди.

“Бу ёлғон маълумот. Ҳозирда бизда дам олаётган мижозларнинг барчаси одатий режимда жой банд қилган”, деган “Pestana“ меҳмонхонаси ходими.

Нима бўлган тақдирда ҳам Марокашдаги воқеалар ҳамон бутун дунё эътиборининг марказида бўлиб турибди. Табиий офат инсониятни қалбан бирлаштирмоқда, оғир вазиятда эса кўпгина таниқлилар ёрдам қўлини чўзишаётгани ҳам эътиборга молик жиҳат.

Ҳусанов “Ланс”нинг Европа Чемпионлар лигаси учун қайдномасига киритилди

“Ланс” клубининг янги мавсум Европа Чемпионлар лигаси (ЕЧЛ) учун қайдномаси маълум бўлди. Унда жамоанинг ўзбекистонлик футболчиси Абдуқодир Ҳусанов ҳам бор.

Жамоа ЕЧЛда “B” гуруҳидан жой олган. Гуруҳ босқичида Франция клубига Англиянинг “Арсенал”, Испаниянинг “Севилья” ва Нидерландиянинг ПСВ жамоалари рақиблик қилади. 

“Ланс” гуруҳдаги дастлабки ўйинини 20 сентябрь куни сафарда “Севилья”га қарши ўтказади. 3 октябрь куни эса Франция клуби ўз уйида Лондоннинг “Арсенал”и билан куч синашади.

“Ланс”нинг ЕЧЛ учун қайдномаси:

Дарвозабонлар:

Жан-Луи Лека, Брис Самба, Янник Пандор.

Ҳимоячилар:

Рубен Агилар, Дейвер Мачадо, Кевин Дансо, Факундо Медина, Фету Мауасса, Массадио Хайдара, Жонатан Градит, Абдуқодир Ҳусанов, Пшемислав Франковски.

Ярим ҳимоячилар:

Салис Абдул Самед, Перейра да Коста, Анди Диуф, Нил Ал-Айнауи, Нампали Менди, Адриен Томассон, Фоде Силла.

Ҳужумчилар:

Флориан  Сотока, Элье Вахи, Анжелот Фульжини, Уэсли Саид,Морган Гилавоги, Аянда Сишуба.

Футзал “Гвардиола”си Ўзбекистонга келади

Дунёга машҳур футзал мутахассиси Хосе Венансио Лопес Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2024 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган футзал бўйича жаҳон чемпионати мусобақасига муносиб тайёргарлик кўриш ва миллий жамоани муҳим турнир олдидан янада юқори даражага олиб чиқиш мақсад қилинган.

Жумладан, яқин кунларда жаҳонда юксак мавқега эга мутахассис Хосе Венансио Лопеснинг Ўзбекистонга келиши ҳамда ЎФА раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорлик шартномасини тузиш бўйича музокаралар ўтказилади.

Маълумот учун, Венансио икки бор Испания терма жамоасини Европа чемпионига айлантирган ва Жаҳон чемпионати финалига олиб чиққан. У клублар ўртасида Европа ва Испания чемпиони, 3 карра кубок эгаси ҳамда 3 карра суперкубок совриндори ҳисобланади. Мутахассис шунингдек, 5 бор дунёнинг энг яхши мураббийи деб топилган.

Ўзбекистонлик жаҳон чемпионлари сони яна бир нафарга кўпайди

Саудия Арабистонида ўтказилаётган оғир атлетика бўйича Жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик Муҳаммадқодир Тоштемиров олтин медалга эга чиқди. Тоштемиров даст кўтариш машқида 164 кг натижа билан олтин медални нақд қилди. Ўзбекистонлик спортчи икки кураш ҳисобида ҳам совриндорлар қаторидан жой олди. Силтаб кўтаришдаги 188 кг Тоштемировга мазкур йўналишда медаль тақдим қилмаган бўлса ҳам, якунда икки курашда Ўзбекистон вакили 3-ўринни эгаллади.  Ар-Риёд шаҳрида ўтаётган мусобақа 17 сентябрга қадар давом этади. Медаллар учун асосий даъвогар бўлган Ўзбекистон вакиллари Руслан Нуриддинов ва Акбар Жўраев ҳали ўз иштирокларини бошламади. Демак, Тоштемировнинг натижаси чемпионатда Ўзбекистон учун ягона ижобий натижа бўлмаслиги эҳтимоли юқори.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг