Катта муштлашув: Боливияда парламент “бокс рингига” айланди (видео)

Олам 11492
image

Кеча, 8 июнь куни Боливияда парламент йиғилиши катта муштлашувга айланиб кетди. Ҳолатга икки йил олдинги, аниқроғи 2019 йилда олинган видеолавҳа сабаб бўлган. Бу ҳақда маҳаллий “Paginasiete” газетаси ёзмоқда.

Маълум қилинишича, мамлакат Ички ишлар вазири Эдуардо Дель Кастильо парламентдаги чиқиши пайтида 2019 йилги давлат тўнтаришининг сабаблари ҳақидаги видеони намойиш қилган. 

Вазирнинг ушбу ҳисоботи мухолифатга ёқмаган ва депутатлар Кастильонинг фикрига қўшилмаслиларини айтиб, бақира бошлаган. Вазиятга аралашган “Социализм томон ҳаракат” эса вазирни қўллаб-қувватлаган.

Вазият кескинлашгандан сўнг, танқидчилардан бири сакраб туриб, муштларини ҳаракатга келтирган. Кейин ҳукмрон партия вакиллари ҳам ўрнидан турган, шу билан минбар ёнида жанжал келиб чиққан.

Кадрларда мажлисга йиғилганлар қандай қилиб ерга қулаб, оёқ-қўллари билан бир-бирини уришни бошлагани акс этган. Уларнинг ичида аёллар ҳам бўлган. Аёл депутатлар Татьяна Аньес ва Мария Аланока бир-бирларининг сочларидан тортиб, жароҳат етказган.

Вазият тинчиганидан сўнг, парламент сессияси тўхтатилгани эълон қилинган. Одобсизлик қилган депутатлар кечирим сўрган ва Ички ишлар вазири қисқа танаффусдан сўнг, ҳисоботини якунлаб қўйган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг кузида Боливияда мухолиф кучлар Президент сайловларида қонунбузарликлар қайд этилганини эълон қилди. Шундан сўнг, Президент Эво Моралес истеъфога чиқди ва оммавий норозилик фонида мамлакатни тарк этди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 205
Рейтинг: 3.1
t
×