Каспий денгизида Туркманистонни Қозоғистон билан боғлайдиган кўприк қурилиши бошланди

Олам 6513
image

Жорий йилнинг 8 август куни Каспий денгизидаги Қорабўғоз кўл (Гарабўғозгол) кўрфази орқали Туркманистон ва Қозоғистонни боғловчи автомобиль кўприги қурилиши бошланди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар берди. Кўприк Туркманбоши-Гарабўғоз-Қозоғистон чегараси бўйлаб барпо этилади.

Тамал тоши қўйиш маросимида Каспий денгизи соҳилида дам олаётган Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этган. У воқеа жойига вертолётда учиб кетган. Лойиҳа ҳақидаги маълумотларни тинглаб, маъруза қилган.

Президент, хусусан, янги кўприк Туркманистоннинг шарқий ва шимолий ҳудудлари, қўшни давлатлар ўртасидаги савдо, юк ва йўловчи ташиш ҳажмини сезиларли даражада оширишини таъкидлаган.

“У [кўприк] Туркманистон, Россия, Қозоғистон, Эрон ва Ҳиндистон юк ташувчиларига самарали хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган бўлиб, бу уларга денгиз, темир йўл ва автомобиль транспортидан фойдаланган ҳолда Шимолий ва Шарқий Европа мамлакатларига энг қисқа йўлдан етиб бориш имконини беради”, дея таъкидлаган Бердимуҳамедов.

Тақдимот маросимидан сўнг Туркманистон раҳбари автомобил кўприги пойдевори остига ўз авлодларига мурожаат ёзилган капсула қўйди ва қазилган чуқурга белкуракда илк бетон аралашмасини ташлади.

Янги муҳандислик иншооти икки қаторли эски кўприк ўрнида қурилади. Эски кўприк ҳозирда ортиб бораётган транспорт қатновига бардош бера олмай қолган.

Янги кўприк қурилиши 2009 йилдан бери Туркманистон расмийлари билан ҳамкорлик қилиб келаётган Украинанинг “Альтком” қурилиш компаниясига топширилган.

Кўприк лойиҳаси “Туркменавтойўллари” давлат концерни лойиҳа институти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган. Иншоот тўрт полосали бўлиб, унинг узунлиги 354 метр, кенглиги – 17 метр, кўрфаз юзасидан баландлиги – 7 метрни ташкил қилади. Объект 2024 йил июнь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 252
Рейтинг: 3
t
×