Кашенский конининг иши атроф-муҳитга таъсирини баҳолашга қадар тўхтатилди
Олам
−
29 Декабрь 2022
4347Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси ҳукумати кеча, 28 декабрь куни халқаро экологик экспертиза ўтказилгунга қадар Кашенский конининг ишини вақтинча тўхтатишга қарор қилди. “Armenpress” агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда тан олинмаган республиканинг Вазирлар Маҳкамаси баёнотида айтилган.
“Қўшни давлат “экологик фаоллари” томонидан яратилган носоғлом вазият, халқаро ҳамжамиятни чалғитишга уринишлар ҳисобга олиниб, “Base Metals” фаолияти билан боғлиқ халқаро экологик экспертиза ўтказиш учун халқаро ташкилотларга мурожаат қилишга қарор қилинди. Компания раҳбарияти билан биргаликда экспертиза якунлангунига қадар кон фаолиятини вақтинча тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинди”, дейилади Вазирлар Маҳкамаси баёнотида.
12 декабрь куни ўзларини экологлар деб таништирган бир гуруҳ озарбайжонликлар Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Лочин йўлагини тўсиб қўйди. Баку норозилик акциясидан мақсад ҳеч қандай йўлни тўсиб қўйиш эмаслигини, фуқаролик воситалари ҳар икки йўналишда ҳам эркин ҳаракатлана олишини билдирди.
Ереван буни Баку томонидан тан олинмаган республикада гуманитар фалокат яратишга қаратилган провокация сифатида баҳолади. Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян аввалроқ Ереван БМТ ва ЕХҲТ Минск гуруҳини Лочин коридорига баҳолаш миссиясини жўнатишга чақиргани ҳақида хабар берган эди. Республика Бош вазири Никол Пашинян ҳукумат йиғилишида маълум қилганидек, Тоғли Қорабоғда қамал туфайли озиқ-овқат тақчиллиги бошланган. 14 декабрь куни Арманистон Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига Озарбайжонни Лочин йўлагини очишга мажбурлаш талаби билан мурожаат қилди.
LiveБарчаси