Касалликларни даволаш учун ягона тарифлар белгиланади
Жамият
−
28 Март 2022
7223Ўзбекистонда давлат ва хусусий шифохоналар учун касалликларни даволаш бўйича ягона тарифлар белгиланади. Бу ҳақда бугун, 28 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўз борди.
“Яқинда “ордер” тизими ислоҳ қилинди, бу борада хусусий сектор иштироки учун ҳам имконият яратилди.
Лекин, барча талаблар аниқ белгилангани билан ўтган 6 ой давомида бирорта хусусий шифохонага беморлар учун йўлланма берилмаган.
Ёки, республика марказларининг айрим филиалларида юқори технологик даволаш йўлга қўйилган бўлса-да, бошқа ҳудуддан бемор қабул қилинмаяпти”, деган Шавкат Мирзиёев йиғилишда.
Шу боис, Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликларига икки ҳафта муддатда давлат ва хусусий шифохоналар учун касалликларни даволаш бўйича ягона тарифларни тасдиқлаш топширилган.
Йиғилишда очиқ танлов эълон қилиб, 15 майга қадар йўлланма асосида тиббий хизматлар кўрсатадиган хусусий клиникалар рўйхатини шакллантириш вазифаси қўйилган.
Шунингдек, 1 апрелдан бошлаб давлат ҳисобидан даволаниш учун йўлланмалар бошқа ҳудуддаги давлат шифохоналари учун ҳам берилади.
Йиғилиш якунида мутасаддилар кўтарилган масалалар юзасидан ҳисобот берган.
LiveБарчаси