Карни Трампга Канада сотилмаслигини айтди (видео)

Олам

image

Канада Бош вазири Марк Карни кеча, 6 май куни Вашингтонда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашувда унинг мамлакати сотилмаслигини айтди. Бу ҳақда у Овал кабинетда журналистлар Трампнинг Канадани АҚШга қўшиб олмоқчи экани ҳақидаги такрорий баёнотларига изоҳ беришни сўраганида сўз очди.

Қисқа салом-аликдан сўнг, Трамп Канадани Американинг 51-штатига айлантириш ниятидан воз кечмаётганини айтди.

“Менимча, бу Канада учун анча яхши, аммо кимдир буни муҳокама қилмоқчи бўлмаса, биз буни муҳокама қилмаймиз.

Ўйлайманки, бу ажойиб никоҳ бўларди, чунки икки давлат жуда яхши муносабатда”, деди у Овал офисда журналистларнинг саволларига жавоб берар экан.

Канада Бош вазири бунга жавобан Трамп бизнес тажрибасидан “баъзи жойлар борки, улар ҳеч қачон сотилмайди” деб билишини айтди.

“Мен сўнгги ойларда сайловолди кампаниясида Канада эгалари [сайловчилар] билан учрашдим ва сизга айта оламанки, у сотилмайди, у ҳеч қачон сотилмайди”, деди Карни.

“Ҳеч қачон ҳеч қачон деманг”, деб жавоб берди Трамп.

“Канаданинг позицияси ҳеч қачон ўзгармайди”, деб жавоб қайтарди Карни.

Учрашувни кузатаётган журналистларнинг таъкидлашича, “51-штат” муҳокамаси бўлган эпизодда Марк Карни ишончли, аммо вазминлик билан жавоб қайтарган ва вазиятни кескинлаштирмаган. Бунинг ўрнига, у Трампни ҳамкорлик ҳақида мунозарага жалб қилишга ҳаракат қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳамкорликда иш олиб бориш ҳар икки давлат учун катта имкониятлар очиши мумкин.

Қўшма Штатлар раҳбари бир неча бор кўплаб канадаликлар ўз мамлакатлари АҚШнинг 51-штати бўлиши тарафдори, деган фикрни билдирган. Унинг фикрича, бундай иттифоқ Канадага иқтисодий барқарорлик олиб келади ва уни ташқи таҳдидлардан, хусусан, Россия ва Хитойдан келадиган хавфлардан ҳимоя қилади.

Карни эса унинг мамлакати ҳеч қачон, ҳеч қандай шаклда Қўшма Штатлар таркибига кирмаслигини бир неча бор таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Канада Марк Карни

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг