Каримовлар оиласида тўполон – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Биз инсон ҳуқуқлари, инсон қадри деб айюҳаннос соладиган, журналистлардан давлат идоралари босимларидан ҳимоя кутадиган, аммо битта ҳайвонга ҳам шафқати йўқ, онгсиз ва ҳимоясиз жонзотнинг қўлидан Яратган берган яшаш ҳуқуқини оладиган ваҳший одамлармиз. Биз боламизни койигани учун бориб ўқитувчини ҳам савалашдан тап тортмайдиган, аммо ўзимизга зиён етса дунёни остин-устин қиладиган, бир неча сониялик ҳузур учун ҳайвонларнинг терисини шиладиган безорилармиз. Биз инсонмиз! Таъбир жоиз бўлса, энг хавфли мавжудот. Ассалому алайкум! 

*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*

Одам ёнса нима бўлади, айниқса, қафасда ёнса. Менимча, буни кўз ўнгингизга ҳам келтиролмайсиз. Қўрқасиз. Аммо орамизда шундай одамлар пайдо бўляптики, ҳар қандай ваҳшийликдан қўрқмаяпти ва буни ожиз жонзотларда синаб кўряпти.

Фарғона вилояти Қувасой шаҳар Қарамкўл қишлоғида яшовчи фуқаролар мушукни ваҳшийларча тириклайин яна камига қафасга солиб ёқиб юборди. Камига ушбу томошасини видеога олиб, тарқатган ҳам. 

Куракда турмайдиган бу ишни шу қишлоқда яшовчи эркак ва унинг шериклари содир этган. Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси билан маъмурий тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жарима жазоси қўлланилган. Жавобгарликка тортилган шахс нари борса 1 миллионлик жарима билан қутилиб қолган. Қанийди, ҳайвонларга озор берган шундай одамларни жуда бўлмаганда қафасга солиб қўйиш мумкин бўлса. 

Ҳайвонларга нисбатан қабиҳ муносабатда жиззахлик фуқаро ҳам қолишгани йўқ. Дўстлик тумани Алишер Навоий маҳалласида яшовчи эркак  итнинг бурнини электр арра билан кесиб ташлаган. 

У ҳам  жарима билан қутилиб қолган. 

*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*

Европа мамлакатларида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга нисбатан муросасизлик урчиб бормоқда. Олдинроқ Швецияда Эрдўған кўринишидаги қўғирчоқ марказда жойлашган кўприкка оёғи осмондан қилиб илиб кетилган бўлса, энди эса Эрдўған аксидаги қўғирчоқ ва Туркия байроғи Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ёқиб юборилди. 

Қайд этилишича, мазкур намойиш Цюрих шаҳридаги UBS банки биноси олдида Цюрих инқилобий иш ташлашлар жамоаси номли гуруҳ томонидан амалга оширилган. Шу билан бирга “Эрдўғанни (ўлдир)” дея ёзилган баннер ҳам кўтарилган.

Ушбу ҳолат ортидан Швейцариянинг Анқарадаги элчиси Жан-Даниэль Рух Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. У билан вазир ўринбосари Меҳмет Камол Бўзбай учрашган ва мамлакат Президентига қарши ҳар қандай хатти-ҳаракатларни қабул қилиб бўлмаслигини айтиб, элчидан мазкур ҳолатга алоқадор шахсларни аниқлаш учун тергов ўтказилишини талаб қилган.

Айтганимдек, бу Европада Эрдўғанга нисбатан биринчи таҳқирлаш эмас. Хусусан, Швеция Эрдўғанга ўхшаш қўғирчоқ оёғидан осилгач, Туркия раҳбарининг адвокати Ҳусайн Ойдин Анқара прокуратурасига Швецияда Туркия раҳбарига қарши намойиш ташкилотчиларига нисбатан жиноий иш қўзғатиш талаби билан мурожаат қилганди. Туркия ҳукумати эса Швеция мудофаа вазири Пол Ёнссоннинг 27 январга мўлжалланган Туркияга ташрифини Стокгольмда бўлиб ўтган намойишлар туфайли бекор қилганди. Бундан ташқари мамлакатнинг ўша пайтдаги Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Швециянинг Стокгольмда ўтказилган митингни қоралаши етарли эмаслигини айтганди.

Эрдўған эса аламидан чиқаётгани йўқ. У Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ҳамон қарши чиқмоқда. Швециянинг олдида эса икки йўл бор. Ё Эрдўған террорчи деётган PKK/PYD ва YPG ҳамда 2016 йилнинг 15 июль куни давлат тўнтаришига уринишни амалга оширишда айбланаётган шахсларни Туркиянинг қўлига топширади, ё НАТОга аъзолик орзусида яшашда давом этади. 

*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*

Жорий ҳафтани ҳеч иккиланмасдан ёнган, куйган ҳафта дайжести деб аташ мумкин. Гарчи ёнғинлар анча олдиндан, ўтган ҳафтадаёқ бошланган бўлса¬да бу ҳафта унинг азобини тортадиган, талафотларини тўлдирадиган ҳафта бўлди. Гап қўшни Қозоғистон ҳақида кетмоқда. 12 июнь куни Қозоғистонда миллий мотам куни деб эълон қилинди.  Бу аввалроқ Қозоғистон шарқидаги Абай вилоятида табиий ўрмон ёнғини авж олгани, қурбонлар сони эса сўнгги маълумотларга кўра, 15 кишига етгани билан боғлиқ. 

8 июнда бошланган мазкур ёнғиннинг дастлабки майдони 60 минг гектардан ортиқни ташкил қилган. Ёнғин туфайли ҳудуддаги 316 киши эвакуация қилинган. Ҳукумат ва Абай вилояти ҳокимлигига ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига барча зарур ёрдамни кўрсатиш топширилган. Ёнғин туфайли эвакуация қилинган аҳоли учун Семейда 9 та пункт тайёрланди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев эса 11-13 июнь кунларига мўлжалланган Вьетнамга расмий ташрифини қолдирган. 

Шунингдек, Абай вилоятида юз берган ўрмон ёнғини бўйича жиноий иш қўзғатилди ва ҳолатга айбдор мансабдорларнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилади. 

“8 июнь куни Абай вилоятидаги ўрмон ҳудудида содир бўлган ёнғин бўйича Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 292-моддаси 3-қисми (ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Давлат раҳбари номидан жиноят ишини махсус прокурорлар ўз зиммасига олди”, дейилади мамалакат Бош прокуратураси хабарида. 

Келтирилишича, ушбу ҳодиса бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва махсус идораларнинг тажрибали ходимларидан иборат идоралараро тергов-тезкор гуруҳи тузилган.

Бундан ташқари, одамларнинг ўлимига сабаб бўлган ва атроф-муҳитга жиддий зарар етказилган оғир оқибатларни инобатга олиб, махсус прокурор томонидан эҳтиётсизлик факти бўйича жиноят иши қўзғатилган. Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тергов-суриштирув ишлари доирасида масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига тегишли ҳуқуқий баҳо берилади. 

Ёнғин ортидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистонда содир бўлган ўрмон ёнғинида ҳалок бўлганлар юзасидан Тўқаевга таъзия билдирган.

Аммо Қозоғистонга ҳамдардлик билдириб турилган бир пайтда Ўзбекистоннинг бошига ҳам ўт балоси келди. Бунга бироздан кейин тўхталамиз. 

*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган, халқ тилида “оптом бозор” деб аталувчи энг катта бозорда 12 июнь куни кечки пайт соат 19:00 атрофида ёнғин чиқди. 10 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 19:25 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни ўчириш ишларини бошлаган. Аммо ёнғинни ўчириш осон кечмаган. Аланга бошланганидан бир соатдан ошиқ вақт ўтганидан кейингина, яъни 20:25 да қуршаб олиниб, ёнғин нақ 4 соатда, 23:30 да бутанлай  бартараф этилган.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Қўқон шаҳридаги савдо мажмуасида ёнғинда ёниб кетган дўконлар 15 кун ичида бозор маъмурияти томонидан қайта қуриб берилишини ваъда қилди. Айтилишича, ёнган дўконларнинг барчаси бозор балансида бўлган. Шу сабаб дўконларни қуриб бериш бозор маъмурияти ҳисобидан амалга оширилади.

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги томонидан қурилиш ишлари 15 кун муддатда якунланиши, бунинг учун етарли қурувчиларнинг жалб этилиши таъминланиши ва жараён назоратга олиниши билдирилган.

Фалокатдан Президент Мирзиёев ҳам хабар топган, албатта. У қўқонлик тадбиркорларни хотиржамликка чорлаб,  ҳеч кимни ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслигини айтди.
Қўқондагига ўхшаш ёнғинлар жорий ҳафтада Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам содир бўлди. 

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги автобекатда, Тошкентда жойлашган қурилиши битмаган кўп қаватли бинода, Жиззахда эса 7 қаватли “дом”да ёнғин содир чиқди.  Бундан ташқари, Андижонда ҳам бир-бирига туташ учта уй ёниб кетди.

Кўпчиликнинг уйи ё дўкони кулга айланган бўлса ҳам, муҳими соғлиғига зиён етмади. Лекин бу ҳафтани ўлимларсиз, фожиаларсиз бўлди деб айтолмаймиз, афсуски. Бўлганда ҳам аёллар ўлими кўп бўлди.

*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*

Баъзан кузатувчиларимиздан “нима учун ўлди, сўйди, чопиб ташлади деган хабарларни кўп чиқарасизлар, одамларга ёмон ўрнак бўляпсизлар” деган эътирозлар келиб туради. А нима қилайлик, Ўзбекистонда кунда-кунора одамлар бир-бирини ўлдираётган бўлса, эрлар хотинларини чопиб ташлаётган бўлса, бизда нима айб? Бундай хабарларни биз ўрнак олинг деб эмас, огоҳликка чорлаш, хулоса чиқариш, бундай ишнинг оқибати қандай бўлишини кўрсатиш учун берамиз, аслида. Айниқса ўлимларнинг орасида аёл-қизларнинг ўлими кўплиги бугун уйида қиз ўстираётган ҳар бир ота-она учун, хусусан, мен учун ҳам жуда хавотирли ҳолат.

Мана қаранг, Фарғонада эр хотинини бўғиб ўлдириб қўйди. 

Бош прокуратура матбуот хизматининг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича,  жорий йилнинг 10 июнь куни соат 04:30 ларда Бешариқ туман Ички ишлар бошқармаси навбатчилик қисмига мурожаат келиб тушган. Унда туманнинг “Янгиҳаёт” маҳалласи Саховат кўчасида яшовчи 2007 йилда туғилган бола хонадонида отаси ўзини осиб, жонига қасд қилганини ва ўгай онаси жонсиз ҳолатда топилганини айтган. 

Маълумотларга кўра, эркак муқаддам жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинганидан сўнг, жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб марҳума аёл билан қонуний никоҳдан ўтмай яшай бошлаган. Бу орада уларнинг муносабатлари совуқлашиб, тез-тез жанжаллашишган. 

Шу йилнинг 9 июнь куни соат 23:00 ларда улар яна жанжаллашган ва тортишув давомида эркак аёлининг юз ва тана соҳаларига қўл ҳамда оёқ билан уриб, бўғиб ўлдирган. 

Шундан сўнг, эркак уйининг деворига ўрнатилган темир жисмга оқ матодан сиртмоқ ясаб, ўзини осган. 

Ҳолат юзасидан 10 июнь куни Бешариқ туман прокуратураси томонидан эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. 

*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*

Андижонда ҳам эр аёлининг бошига темир труба билан уриб, қасддан ўлдирди.

Расмий хабарларга кўра, 12 июнь кунига ўтар кечаси соат 01:30 ларда Бўстон тумани “Нурафшон” маҳалласида яшовчи 1971 йилда туғилган эркак турмуш ўртоғи билан оилавий келишмовчиликлар сабабли ўзаро жанжаллашиб қолган. Жанжал вақтида эр темир труба билан рафиқасининг бош қисмига бир неча маротаба уриб, уни қасддан ўлдирган. Шундан сўнг у содир қилган ушбу ҳаракатларидан пушаймонлик билдириб, ўзи соат 04:00 ларда туман Ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бўстон туман прокурори томонидан эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. У Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*

Бухорода эса талаба қиз ўзини ижарада яшаган уйининг 6-қаватдан ташлаб, вафот этди. Бунга нима сабаб бўлгани, воқеа қачон юз бергани ҳозирча номаълум. Аммо марҳуманинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлган тахминлар ишлаб чиқилиб, текширилмоқда. Ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, марҳуманинг ўлими бўйича судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. 

*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*

Фалокат оёқ остида дейди кексалар. Мана яна битта фалокатлардан бири. Тошкент вилоятида 9-синф ўқувчиси расмга тушаман деб, оёғи тойиб дарёга тушиб кетган.  Мазкур ҳодиса жорий йилнинг 11 июнь куни Бўстонлиқ туманида юз берган. Туман ҳудудида жойлашган мактаблардан бирининг 9-синф ўқувчилари ўқитувчиси бошчилигида тоғ ёнбағрига айлангани чиққан. 

Ўқувчи қиз суратга тушиш учун дарё соҳилидаги тош устига чиққан вақтида эҳтиётсизлик туфайли сувга йиқилиб, оқиб кетган. Орадан бироз вақт ўтгач, қизнинг жасади топилган.

Ҳолат бўйича Бўстонлиқ тумани прокуратураси ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.

*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*

Эҳ гўдаккина-я, нима қилардинг шу тош устида расмга тушиб, демасмидик тирик бўлганда. Болаларимизни қаровсиз қолдирганимиз учун қаранг қандай фалокатлар юз беряпти. Ҳа айтганча, бола деганимга эсимга тушди, 12 июнь Халқаро болалар меҳнатига қарши курашиш куни эканини билармидингиз?  Йўқми? Нима ҳам дердик, виждонингиз унча қийналмасин, бу кунни юқоридагилар ҳам унутди чоғи. На бир яхши ташаббус, на бир курашнинг аниқ намунасини кўрдик бу кунда. Аммо QALAMPIR.UZ сайти бу кунга узоқ тайёргарлик кўрди. Айниқса, ёз мавсумида авж оладиган болалар меҳнати, унинг сабаблари ҳақида таҳлилий видео материал тайёрлади. Бу видео болалари бозорда арава судрайдиган, кўчада нам сочиқчалар сотадиган, далада кетмон чопадиган мамлакат ҳақида. 

Ажабланарлиси шундаки, биз буёқда мазкур таҳлилий видеомиз орқали “Ўзбекистон болаларини боқолмайдими?” деб масъулларга савол бериб турсак, бошқа томондан Бола ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Алия Юнусова Ўзбекистонда болалар меҳнатига чек қўйилган деб қолса бўладими?

Унинг айтишича, Халқаро меҳнат ташкилоти аъзоси бўлган Ўзбекистонда ҳам болалар меҳнатига чек қўйишга қаратилган барча чоралар кўрилган ва бу борада ижобий натижага эришилган. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик учун етарли норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган. 

Юнусованинг айтишича, Ўзбекистондаги болалар меҳнатига қарши курашиш жаҳон ҳамжамияти, хусусан, ХМТ, Жаҳон банки ва Европарламент томонидан юқори баҳоланган.

Бундан ташқари, у болаларнинг ҳуқуқлари ҳимояси йўлида изчил ишлар амалга оширилаётгани, болаларга адолатли муносабатда бўлиш кўникмасини шакллантириш бўйича ҳам тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилаётганини қўшимча қилган. Бу гапларни ўқиб Юнусова ярим кечаси дўкон атрофидаги нам сочиқ, тақвим сотиб юрган ёки тиланчилик қилаётган болаларни учратмайди, ё болалар катталардан ҳам ўтиб сайдо қилаётган Чорсуга бормайди деб ўйлаб қолдим. 

Ўртоқлар, ростини айтинглар, Алия опа айтаётган Ўзбекистон билан биз айтаётган Ўзбекистон бошқа-бошқа эмасми? Биз билган Ўзбекистонда болалар меҳнати ҳар куни содир этилаётган бўлса, бу ҳақда одамлар, юрист ва бошқалар ҳам айтаётган бўлса, қанақасига болалар меҳнатига чек қўйилган бўлади? Ишонмасангиз, биз тайёрлаган видеони томоша қилинг.

*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*

Баъзан дўппини ечиб, бир чеккага қўйиб ўйлаб қоламан. Биздан болаларимизга нима қоляпти, дейман ўзимга ўзим. 

Италиянинг катта фигураларидан бири, собиқ Бош вазир Сильвио Берлускони 12 июнь куни 87 ёшида Миландаги шифохонада вафот этди. Ундан эса унинг 5 нафар фарзанди ва 16 набирасига салкам 5 миллиард евролик мерос қолди. 

Берлускони сўнгги йилларда соғлиғи билан боғлиқ бир нечта муаммоларга дуч келган. Хусусан, у кўп йиллар давомида юрак стимулятори билан яшаган, 2016 йилда аорта қопқоғини алмаштириш учун юрак операциясини ўтказган, шунингдек, простата саратонини енгган. 2020 йилда эса COVID-19ʼдан тузалган. 

Бунча маблағлар унга қандай келиб қолди дерсиз. 1936 йил 29 сентябрда Миланда туғилган Сильвио Берлусконининг меҳнат фаолияти анча узоқ давом этган. У тўрт маротаба Италия Вазирлар Кенгашига раислик қилган. Берлускони Италиянинг энг бой одамларидан бири, суғурта магнати, банклар ва оммавий ахборот воситаларининг эгаси, Фининвест акцияларининг назорат пакети эгаси ҳисобланган.

1970 йиллар охирида у Европада биринчи йирик тижорат телевизион тармоғини яратган. 1986 йилдан 2016 йилгача 30 йил давомида “Милан” футбол клубининг хўжайини бўлган. 

Берлускони Италия Республикасида бош вазирлик муддати бўйича рекордчи ҳисобланади. Шунингдек, Берлускони жаҳон сиёсий тарихида ажойиб рекордга эга: 1994 йил январь ойида ўзининг биринчи партияси “Олға, Италия”га асос солиб, атиги 60 кундан кейин Италияда бўлиб ўтган миллий парламент сайловларида ғалаба қозонган.

Аммо унинг бойликлари юқори лавозимлари билан боғлиқ бўлмаслиги мумкин. Берлусконига тегишли бойликнинг асосий улуши 4,89 миллиард еврога баҳоланган “Fininvest” оилавий ҳолдингига тўғри келади, унинг таркибига “Mediaset” телекомпаниясининг 50 фоизи ва “Mondadori” нашриётининг 53 фоизи, шунингдек, “Mediolanum” банки киради. Бунда беш фарзанднинг ҳар бири 7,65 фоизга эгалик қилади. Биринчи никоҳдан бўлган икки нафар катта фарзандлари – Марина ва Пьер Сильвио – у ерда асосий ўринларни эгаллайди.

“Forbes” журналининг сўнгги рейтингига кўра, Берлускони Италиянинг энг бой одамлари рўйхатида учинчи ўринни эгаллаган. Баъзи йилларда у биринчи ўринга чиққан. Журнал унинг бойлигини 6,9 миллиард еврога баҳолаган.

Берлускони бизнесдан ташқари, бир нечта вилла, сарой ва уйларга эга бўлган. Унинг Милан яқинидаги энг машҳур қароргоҳи Аркордаги Вилла Сан Мартино бўлиб, у ерда кеча, 13 июнь куни сиёсатчи билан видолашув якка тартибда, фақат яқинлари учун бўлиб ўтган. Шунингдек, Берлусконининг яна бир машҳур қароргоҳи – Сардиния оролидаги ёзги Сертоса ҳисобланади.

Берлускони Милан яқинида яна бир нечта виллага, шунингдек, Римдаги қадимий Аппиан йўлидаги уйга эгалик қилган. Газета, шунингдек, сиёсатчинининг хориждаги, жумладан, Канн, Бермуд ва Антигуадаги мулки ҳақида ҳам хабар берган.

*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*

Италияда собиқ бош вазирнинг ворислари катта меросга эга чиққан бўлса, Ўзбекистонда биринчи президентнинг ўғли ворисликка даъво қилмоқда. Жорий йилнинг 26 июнь куни Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримовага нисбатан фуқаролик иши кўриб чиқилади. Даъвогар Ислом Каримовнинг Наталья Кучми билан биринчи турмушидан ўғли Пётр Каримов экани айтилмоқда. Даъво предмети сифатида ворислик ҳуқуқидан келиб чиққан низо экани кўрсатилган. 

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, марҳум Ислом Каримовнинг икки никоҳдан уч фарзанди бор. Катта ўғли Пётр Каримов ҳозир Москва вилоятида яшайди. Ўз вақтида “Asia-Invest Bank” бошқаруви раиси ўринбосари бўлиб ишлаган. Аммо май ойида Россиянинг Красногорск шаҳрида хотинини калтаклаганликда гумонланиб, қўлга олинган эди. Шундан сўнг унинг мерос бўйича судда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келмоқчилиги ҳақида хабарлар болалаганди.

Каримовнинг Татьяна Акбаровна билан турмушидан тўнғич қизи, 21 яшар Гулнора Каримова эса ҳозирда қатор молиявий жиноятларда айбланиб, қамоқда сақланмоқда. Оиланинг кенжаси Лола Каримова-Тилляева эса аллақачон турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. Ҳозирда ижтимоий тармоқларда Гулнора ва Лоланинг қизлари Имон ва Марям анча машҳур. Дарвоқе, улар опа сингил Каримовлар ўртасидан ўтган оламушук сабаб анча йиллар алоқа килмаган. Чамаси бир йиллар бурун холаваччаларнинг алоқаси тикланди. 

*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*

Эшитдингизми, Ўзбекистонда камдан кам содир бўладиган воқеа юз берди. Амалдор ўлмасидан, касал бўлмасидан, ҳеч қандай қовун туширмасидан, мажлисларда сазойи қилинмасидан аввал нафақага чиқди. Гап – собиқ ташқи ишлар вазири, Марказий Осиё халқаро институти директори 68 ёшли Владимир Имомович Норов ҳақида кетмоқда.

Норов 2022 йил 30 декабрдан ҳозиргача Марказий Осиё халқаро институти директори вазифасида ишлаб келаётган эди. 

Нега буни сенсацион хабар деяпмиз, аввало амалдорларнинг нафақага чиқиши камёб ҳодиса, бунақа шаклда кетиш умуман бўлмаган, менимча. 

*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*

“Газпром” 2023 йилнинг тўртинчи чорагида Қозоғистон орқали Ўзбекистонга газ етказиб беришни бошлаши мумкин. Бу бўйича Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида холдинг ва Ўзбекистон ўртасида шартнома имзоланди. 

Маълум қилинишича, 16 июнь куни Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида “Газпром” раҳбари Алексей Миллернинг Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан ишчи учрашуви бўлиб ўтган.

Унда газ соҳасида ҳамкорликнинг жорий ва истиқболли масалалари кўриб чиқилган. Томонлар Россия газини Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш бўйича шартнома ва Ўзбекистон газ узатиш тизимини Россия газ қувури газини қабул қилиш ва ташишга тайёрлаш бўйича “йўл харитаси”ни имзолаган. Россия табиий газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга экспорт қилишни бошлашнинг режалаштирилган санаси 2023 йилнинг IV чорагидир.

“Газпром” раҳбари Алексей Миллер, шунингдек, Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев ва “QazaqGaz” бошқаруви раиси Санжар Жаркешов билан учрашув ўтказган. Унда улар газ етказиб бериш, қайта ишлаш ва ташиш соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилган ҳамда Россия газини Қозоғистон орқали Ўзбекистон истеъмолчилари учун ташиш бўйича шартнома имзолаган.

*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*

Жиззах вилояти бўйича Миллий гвардия бошқармасида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган 19 ёшли аскар вафот этди. 6 июнь куни соғлиғи ёмонлашган аскар 7 июнь куни Самарқанд ҳарбий госпиталига олиб кетилган ва 15 июнь куни ўткир юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Миллий гвардия Жиззах вилояти бошқармасида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган 19 ёшли оддий аскар тиббиёт бўлими фельдшерига ошқозонида оғриқ борлиги билан мурожаат қилган.

7 июнь куни Бошқарма тиббиёт бўлими бошлиғи томонидан Самарқанд ҳарбий госпиталига олиб борилиб, тиббий кўрикдан ўтказилган. Мутахассис-терапевт врачнинг сурункали ошқозон касаллиги қўзиш даври ташхиси билан терапия бўлимига станционар даволаниш учун ётқизилган.

15 июнь куни аскарнинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳарбий госпиталда вафот этган. Ўтказилган суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, унда ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги сабабли тўсатдан ўлим ҳолати қайд этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг