Каримов ҳайкали ортидаги машмашалар: Давлат бюджети ҳавога учириляпти...ми?
Таҳлил
−
26 Август 2019
27326Аввалроқ, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Ислом Каримов хотира ҳафталигига тайёргарлик кўрилаётгани, 26 августдан ҳафталик старт олиши, мажмуада ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
QALAMPIR.UZ “Оқсарой”га ташриф буюрди. Ҳукумат объектларига хизмат кўрсатишга ихтисослашган бошқарманинг “Оқсарой” бўлими ходими кутиб олди (ходим ўзи исмини айтишни истамади).
Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасига ўрнатилган басавлат ҳайкал. У фаолият юритган бино, неча йиллар халқ ҳатто яқин ҳам келолмаган, Каримов вафотидан кейин эса қучоқ очиб, бағрига чорлаётган сарой. Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек, аммо бу савлат ортида ҳам муаммолар талайгина.
Ислом Каримовни хотирлаш маросимлари олдидан ҳайкал атрофига 25 минг дона гул кўчатлари экилган. Бироқ, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ёрдамчиси Анвар Умаров жорий йилнинг 22 август куни ҳудудга келиб, олиб борилаётган ишлар билан танишиш чоғида, бу гуллар унга маъқул келмагани, уларни олиб ташлаб, бошқасини экиш юзасидан топшириқ бериб кетган. Ходимлар ҳоким ёрдамчисининг бу топшириғини бажаришдан бош тортмоқда. Вазият қандай тугаши эса ҳозирча номаълум.
“Увол эмасми? Булар мавсумий гуллар бўлса. Ахир давлат бюджетидан пул ажратилган. Ҳар бирини ўртача 2 минг сўмдан олганда ҳам давлат ғазнасидан 50 миллион сарфланган. Қолаверса, етказиб бериш, экиш ҳақи дегандек... Бу меҳнатни қадрламасликми, ишчини менсимасликми ё уни оёқости қилишми? Чиройли, барваста гуллар бўлса, ҳудуд чиройини очиб турибди. Нимаси ёмон айтинг? Ўрнига бошқасини экиш, яна харажат қилиш нимага керак? Устига устак бу гулларни бошқа жойга кўчириб бўлмайди, юлиб олиндими, тамом чиқиндига ташланади. Ҳоким ёрдамчилари эса келиб ўзи истаган топшириқни бериб кетаверади. Шундай экан, нега аввал бошдан айтишмайди. Бугунги вазиятда давлатнинг пулини кўкка совуриш керакми? Ахир Президентимиз бошқача сиёсат юритяпти-ку”, дейди ўзини таништиришни истамаган Ободонлаштириш ходими.
Маълумотларга қараганда, ҳудудга Салвия, Бигония, Тагетес, Герань номли гуллар экилган.
“Ҳоким ёрдамчиси қишки мавсумга мўлжалланган гулларни экишимизни бюрди. Мен 18 йилдан буён шу ишда ишлайман, тажрибам етарли. Айтишим мумкинки, ҳали қишки мавсумдаги гулларни экишга жуда эрта, офтобда қуриб кетади. “Оқсарой” эса айнан афтоб тиғида жойлашган. Ўзи ҳайкал атрофига экилган нозик гулларни устига мато ёпиб зўрға сақлаяпмиз.
Бугун ҳоким ёрдамчиси келиб эътироз билдиряпти. Эртага унинг айтганини қилиб бошқа гулни экдик ҳам дейлик, агар бу гул яна бирор раҳбарга ёки Бош вазирга ёқмаса нима бўлади?”
Суратда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва унинг ёрдамчиси Анвар Турсунов
QALAMPIR.UZ манбасининг хабар беришича, бугун ушбу ҳудудга Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев келиб, гулларни экиш бўйича бошқа топшириқ бериб кетган.
“Агар топшириқларни бажармасак, нари борса ишдан айриламиз. Лекин мен меҳнатнинг, гулларнинг, давлат бюджетининг ҳавога учирилаётганига ачинаман”, дейди суҳбатдошимиз сўзи якунида.
Маълумот ўрнида, Анвар Турсунов кўп йиллардан буён Тошкент шаҳар ҳокими ёрдамчиси бўлиб ишлаб келмоқда. У Раҳмонбек Усмонов даврида ҳам ёрдамчи ўлароқ фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, ҳар йилги анъанага мувофиқ, 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Ислом Каримовни хотирлаш тадбирлари ўтказилади. Унда вазирлик ва идоралар ходимлари иштирок этади.
LiveБарчаси