Карантинда парвозни соғинганлар учун махсус ресторан очилди (фоторепортаж)

Олам 6719
image

Таиланднинг миллий авиакомпанияси бўлган "Thai Airways" яқинда Бангкокдаги офисларининг кафетериясини "pop-up" ресторанга айлантирди. Ресторан парвоз вақтида тақдим этиладиган менюга асосланган. Очилиш кунида у жуда гавжум бўлди.

Ресторан коронавирус пандемияси шароитида саёҳатга бўлган талабнинг пасайиши натижасида йўқолган даромадларнинг бир қисмини қоплаш учун очилди. Бу ҳақда "Thai Airways" авиакомпаниясининг озиқ-овқат хизмати бош бошқармаси директори Варангкана Луерожвонг маълум қилди.

Ресторан парвоз вақтидаги таомлардан ҳам кўпроқ танлов таклиф қилади. У самолётнинг эҳтиёт қисмлари – ўриндиқлар, махсус гилам, стол билан жиҳозланган. У бир қарашдаёқ сизга самолёт бортини эслатади. Хизматчилар эса борт кузатувчилари либосида намоён бўлади. Ошпазлар ва официантлар мижозлар билан, худди парвоз вақтидагидек мулоқот қилишади. Сиз ушбу ресторанга келганингизда худди самолётдагидек аввал трапдан кўтариласиз.

Луерожвонгнинг айтишича, кунига 2000 кишига овқат тайёрлаш имкониятига эга бўлган маскан ўз фаолиятини муваффақиятли давом эттирмоқда.

"Thai Airways" май ойида банкрот бўлишдан ҳимояланиш мақсадида ариза берган эди.

Қанчалик ғалати бўлмасин, бундай ғоя биринчиси эмас. Ўтган йили "AirAsia" авиакомпанияси парвоз менюси учун ажратилган таомларни сотадиган илк ресторанни очганди.

Рушанабону Султонова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 104
Рейтинг: 3.2
t
×