Капитолийга ҳужум қилган Трамп тарафдори 20 йилга қамалди
Олам
−
10 Август
1804Америка Қўшма Штатлари суди 2021 йил 6 январь куни Вашингтондаги Капитолий биносига бостириб киришда айбланган судланувчини 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “Тhе Guardian” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, айбланувчи 37 ёшли Дэвид Демпси учун чиқарилган бу ҳукм ўша кунги тартибсизликлар бўйича эълон қилинган энг узун ҳукм бўлган. Прокурорлар уни Дональд Трамп тарафдорлари тўдасининг энг зўравон аъзоларидан бири сифатида таърифлаган.
Трамп тарафдорлари қонунчилар Жо Байденнинг 2020 йилги президентлик сайловидаги ғалабасини тасдиқлаш учун йиғилишганида Капитолийга ҳужум қилган.
Демпсининг судда таъкидлашича, у полицияга қўли, оёғи, байроқ таёқчалари, мебель бўлаклари ва қўлига тушган нарсалар ёрдамида ҳужум қилган. Демпси полиция ходимларига хавфли қуроллар билан ҳужум қилганликда айбдор деб топилган ва 20 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Прокурорлар уни жуда ёмон зўравонлардан бири деб айтган ва дастлаб 22 йил қамоқ жазоси сўраган. Демпси тан жароҳати етказган полициячилардан судда кечирим сўраб, қилмишидан афсусдалигини айтган.
"Сиз ўз вазифангизни бажардингиз, мен эса душманлик ва зўравонлик билан жавоб бердим", дейди Дэвид Демпси полициячиларга.
Капитолийга бостириб киришда терговга оид энг оғир жазо Proud Boys ташкилотининг собиқ раҳбари Энрике Тарриога тегишли бўлиб, Вашингтон суди уни фитнада айбдор деб топган ва 22 йилга озодликдан маҳрум қилган.
Маълумот учун, президентлик сайловларида мағлуб бўлган Дональд Трамп тарафдорлари 2021 йил 6 январь куни овоз бериш натижаларини тасдиқлаш вақтида Конгресс биноси олдида ғалаён кўтарди. Намойишчилар бинога бостириб киришди, конгрессдаги муҳокамалар бир неча соатга тўхтатилди ва қонунчилар эвакуация қилинди. Полиция ҳужум иштирокчиларига қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган, Миллий гвардия Вашингтонга етиб келган.
Норозилик пайтида беш киши ҳалок бўлди, 50 га яқин киши ҳибсга олинди, уларнинг баъзиларига айблов эълон қилинди. Ҳужумнинг юзлаб иштирокчилари аллақачон турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Терговнинг фикрича, намойишнинг асосий иштирокчилари Proud Boys ва Oath Keepers ташкилотлари бўлган.
Капитолийга бостириб кириш ишида жами 1230 дан ортиқ одам иштирок этмоқда, улар орасида Дональд Трамп ҳам бор. АҚШнинг собиқ президенти 2020 йилги сайлов натижаларини бекор қилишга уринишда айбланмоқда. 2023 йил декабрь ойи бошида суд собиқ президентнинг дахлсизлик ҳуқуқига эга эмаслиги ва Капитолийга бостириб киришдаги роли учун Фуқаролик даъволари судида судланиши кераклиги ҳақида қарор чиқарди.
Зумрад Зарипова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь