Канндаги Ўзбекистон Миллий павильони янги лойиҳалар муҳокамаси марказига айланди
Бизнес
−
21 Май 2022
8475Шу кунларда 75-Халқаро Канн кинофестивали давом этмоқда.
Кенг кўламли тадбирда Ўзбекистон Миллий павильони учинчи бор иштирок этмоқда. Канн кинофестивали йилдан йилга турли мамлакатларнинг кино мутахассисларини мунтазам бирлаштириб келмоқда.
Фестиваль меҳмонлари 18 майдан 22 майга қадар дунёдаги энг таниқли ва йирик кино бозори – машҳур Круазет қирғоғида мунтазам ўтказиладиган Marché Du Film’да очилган Ўзбекистон павильонига ташриф буюриш имкониятига эга. Унинг ёнида қолган давлатлар, жумладан, АҚШ, Хитой, Австрия ва бошқа мамлакатларнинг миллий павильонлари жойлашган.
Ушбу майдонча янги лойиҳалар билан танишиш ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш, республикамизда фильмлар ва медиа маҳсулотларни суратга олишда бутун дунёдан продюсер ва режиссёрларни жалб қилиш имконини беради.
Ўзбекистон бетакрор тарихий обидалари, ўзига хос тарихи ва маданиятига эга мамлакат сифатида кино санъати вакилларида қизиқиш уйғотиши мумкин.
Юртимизда аввал ҳам хорижлик томошабинлар учун бир қатор теледастурлар суратга олинган. Ўзбекистоннинг Канн фестивалида иштирок этиши, шунингдек, халқаро майдонда мамлакат имижи шаклланишига хизмат қилади.
Ҳар бир давлат режиссёр ва продюсерларга суратга олиш учун ўзига хос шарт-шароитларни таклиф қилишга интилмоқда. Бу йил Ўзбекистон мамлакатимизда суратга олиш истагида бўлган кинокомпания ва телеканаллар харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш таклифи билан чиқмоқда.
Профессионаллар ҳамжамиятида бу таклиф қизиқиш уйғотиб, павильон ишининг дастлабки куниданоқ фаол музокаралар бошланиб кетди.
Хусусан, келиб чиқиши Эрондан бўлган канадалик таниқли режиссёр Мустафо Кешвари Ўзбекистон майдончасига ташриф буюриб, юртимизда фильм суратга олиш имкониятларини муҳокама қилди. 2019 йилги Канн кинофестивалида унинг “Child Bride” қисқа метражли фильми премьераси бўлиб ўтганди.
Кешварининг фильмлари бир неча бор нуфузли киномукофотларга муносиб кўрилган. Мустафо Кешвари сўнгги олти ойдан буён Умар Хайём ҳақидаги фильм устида ишламоқда. Ўзбекистон Миллий павильонида хорижлик режиссёр ва Ўзбекистон Миллий PR маркази билан ўтказилган музокаралар натижасида унинг жорий йил июль ойида Бухоро ва Қорақалпоғистонга жой танлаш масаласида ташриф буюриши ҳақида келишувга эришилди. Суратга олиш ишлари 2022 йилнинг сентябрига режалаштирилмоқда.
Мамлакатимизнинг Канн шаҳридаги Миллий павильонига Гонконг киноярмаркаси – “Hong Kong Film Mart” вакили Мишел Журдан (Michel Jourdan) ҳам ташриф буюрди. У билан март ойида ўтказиладиган Гонконг киноярмаркасида Ўзбекистон Миллий павильонини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
У ерда Хитой, Корея, Япония, Сингапур ва бошқа давлатлар вакиллари ҳам ўз кино маҳсулотларини намойиш этишни режалаштирган. “Hong Kong Film Mart” вакили Осиё кино бозорида Ўзбекистоннинг салоҳиятини намойиш этишга катта қизиқиш билдирди ва Гонконг киноярмаркаси “Хитой дарвозаси” эканини таъкидлади. Ўзбекистон вакилларига мазкур халқаро тадбирда қатнашиш учун яратилган имтиёзли шартлар ҳақида ҳам маълумот беришди.
Жанубий Африка тараққиёт агентлиги – “Songezo Boyisi Africa” вакили ушбу мамлакат ҳудудида ўз медиа маҳсулотларини суратга олиш ниятида бўлган Ўзбекистон кино ва телекомпаниялари учун имкониятлар ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, Африка мамлакатларида амалга оширилиши мумкин бўлган телелойиҳалар ва уларни халқаро кино бозорида илгари суриш истиқболлари муҳокама қилинди.
Швейцария фестивали вакили Адолфо Эдоардо Бадер (Adolfo Edoardo Bader) Ўзбекистоннинг жанговар жанрдаги фильмлари намойишига қизиқиш билдирар экан, мамлакатимизда хорижлик суратга олиш гуруҳларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ташаббусларни ҳам алоҳида эътироф қилди.
Хорижий суратга олиш гуруҳларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукумат ташаббусларининг жаҳон рейтингини юритувчи “Olsberg SPI” агентлиги вакиллари Ўзбекистоннинг ривожланиш салоҳияти, мамлакатимизда яратилган шароитлар ҳақида маълумот олишди. Шунингдек, улар Ўзбекистонни ушбу нуфузли рейтингга киритиш масаласига қизиқиш билдиришди.
Шунингдек, “Vesoul International Film Festival of Asian Cinema” фестивали директори Жан-Марк Теруан (Jean-Marc Therouanne) билан франциялик томошабинларининг юртимиз фильмларига бўлган қизиқиши, шунингдек, республикамиз ҳудудида фильмлар суратга олинганидан кейин сайёҳлар ташрифининг кўпайиши каби ижобий натижалар муҳокама қилинди. Хорижлик экспертлар бошқа мамлакатлар томошабинларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши, айниқса, қатор фильмлар намойиш этилганидан кейин ортганини таъкидлашди.
Канн кинофестивалидаги Ўзбекистон Миллий павильони бу йил ҳам ўтган йиллардаги каби Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси томонидан Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ўзбекистон Миллий павильони бош ҳомийси – “Orient Group” компанияси. Делегациянинг Францияга учиб келиши миллий авиа ташувчи – “Uzbekistan Airways” томонидан ташкиллаштирилган. Меҳмонларнинг яшаши ва жойлаштирилиши билан боғлиқ масалаларни “Asialux Travel” туроператори ўз зиммасига олган.
Павильон иши вақтида Канн кинофестивали меҳмонларига “Uzbekistan’s club” глобал мотивацион платформаси тақдимоти намойиш этилди. Мазкур платформа лойиҳаларидан бири “Ўзбекистонлик” фильми бўлиб, унинг биринчи қисми 2022 йилнинг мартида тақдим этилган ва кенг томошабинлар аудиторияси ва ОАВда катта шов-шувларга сабаб бўлган.
Павильон ишида асосий эътибор Оролбўйи муаммоси ва минтақани янги “Aral Dream” креатив лойиҳаси ёрдамида жаҳон ахборот маконида илгари суришга қаратилган.
LiveБарчаси