Канада Россияга газ турбиналарини нега қайтаришга мажбур бўлгани айтилди
Олам
−
12 Июль 2022
14743Канада Россиянинг Европага газ етказиб бериш бўйича асосий газ қувури “Шимолий оқим” учун мўлжалланган турбиналарни Германияга қайтаради. Канаданинг Табиий ресурслар вазири Жонатан Уилкинсон бу қарор юзасидан тушунтириш берди.
“Бу шунчаки ноқулайлик масаласи эмас. Бу уларнинг (Европа мамлакатлари) ўз фуқароларини бирламчи эҳтиёжларини таъминлаш – уйларни иситишдан тортиб, озиқ-овқат ва товарларни ташиш учун ёқилғи олиш, саноат, иш жойлари ва иқтисодиётларини қўллаб-қувватлаш қобилиятига таҳдиддир”, деган Уилкинсон.
Уилкинсон, Украинадаги мавжуд вазият Европанинг Россия энергия манбаларига қарамлигини кўрсатганига эътибор қаратиб, расмий Оттава Европа истеъмолчиларини Канада суюлтирилган гази ва бошқа товарлари билан таъминлаш учун ҳаракат қилаётганини қўшимча қилган.
Украина Канаданинг турбиналарни қайтариш қарорига норозилик билдирди. Канаданинг Киевдаги вақтинчалик ишончли вакили ТИВга чақирилиб, унга бу қарор юзасидан эътироз билидирилган. Ташқи ишлар вазирлиги Россияга нисбатан санкциялар босимини сақлаб қолиш учун Канадани ушбу қарорни қайта кўриб чиқишга чақирди. Украина Президенти Владимир Зеленский Канаданинг бу қарорини Россияга нисбатан санкциялар босимига номувофиқ истисно деб атади.
11 июль куни Россиядан Европага газ экспортининг асосий йўналиши бўлган “Шимолий оқим” орқали етказиб бериш газ қувурида йиллик режали техник хизмат кўрсатиш туфайли ўн кунга тўхтатилди. Канаданинг Россияга қарши санкциялари туфайли Siemens Монреалдаги таъмирдан сўнг газ насос агрегатларини ўз вақтида қайтариб бермагани учун июнь ойининг ўрталаридан бошлаб “Шимолий оқим” максимал қувватининг атиги 40 фоизида ишлади. Канада 9 июль куни Германиянинг кўплаб сўровларидан сўнг таъмирланган Siemens турбинасини қайтаришга қарор қилган бўлса-да, уни етказиб бериш муддати аниқланмаган.
LiveБарчаси