Канада Хитойга босим ўтказиш йўлини маълум қилди

Олам

image
0:00
0:00
download

Халқаро ҳамжамият Пекинда бўлиб ўтадиган 2022 йилги Олимпия ўйинларидан инсон ҳуқуқлари масаласида Хитойга босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 4 июнь куни Канада Бош вазири Жастин Трюдо “Toronto Star” газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди

“Халқаро ҳамжамият томонидан Хитойга босим ҳозирда юқори, айниқса, келгуси йил Пекинда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинлари арафасида босим янада ортган”, дейди у.

Трюдога кўра, агар фақат бир давлат инсон ҳуқуқлари масаласини кўтарса, Хитой бунга, ҳатто, эътибор ҳам қаратмаслиги мумкин. 

“Бир мамлакат, масалан Қўшма Штатлар ушбу мавзуни кўтарса, Хитой учун [инсон ҳуқуқлари масаласини] эътиборсиз қолдириши осон бўлади. Аммо дунё ҳамжамияти бирлашган фронт сифатида ҳаракат қилса, унда Хитой ушбу муаммони ҳисобга олишга мажбур бўлади”, дейди Трюдо.

Бундан ташқари, Канада Бош вазири яқинда бўлиб ўтадиган G7 (Group of Seven—катта еттилик: Канада, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция ва Япония) саммитида Хитойга босим ўтказиш масаласини кўтариш ниятида эканини қўшимча қилган.

Трюдо, шунингдек Хитойда ҳибсга олинган икки Канада фуқароси масаласига ҳам тўхталиб, уларни озод қилиш “узоқ вақт талаб этишини” таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил декабрь ойида Ванкуверда Huawei компанияси молиявий директори Мэн Ваньчжоу ҳибсга олинганлиги сабабли Канада ва Хитой ўртасида дипломатик зиддиятлар юзага келди. Мэн Ваньчжоу фирибгарликда ва Американинг Эронга қарши қаратилган санкцияларини бузганликда айбланмоқда.

Кўп ўтмай, Хитой ҳукумати Пекиндаги икки Канада фуқаросини мамлакат миллий хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳаракатлар содир этганликда айблаб, ҳибсга олди. Уларнинг суди 2021 йилнинг март ойида бошланган ва ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган. Расмий Оттава уларнинг ҳибсга олинишини ноқонуний деб ҳисоблайди ва Пекиндан Канада фуқароларини дарҳол ўз Ватанига қайтаришни талаб қилмоқда.

Ғарб давлатлари ХХР Шинжон-Уйғур автоном вилояти ва Гонконгда инсон ҳуқуқларини бузганлиги тўғрисида бир неча бор баёнот берган. Пекин эса бу айбловларни рад этиб келмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

260

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг