“Камроқ гўшт истеъмол қилинг”. Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова билан эксклюзив интервью

Интервью

image

Куни кеча Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева Instagram’даги онлайн мода дўконига жонли эфирда интервью берди. Суҳбат аввалида Лола Исломовна атторлик буюмлари бренди асосчиси, ёзувчи ва хайриялар фаоли сифатида таништирилди. Қуйида ушбу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Лола Каримова-Тилляева – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи. У 1978 йилнинг 3 июлида туғилган. 2016 йил, отасининг вафотидан кейин Лола Каримова турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтди. У АҚШдан туриб Ислом Каримов номидаги Республика жамоат фонди фаолиятига васийлик қилмоқда. Шунингдек, “The harmonist” атторлик моллари брендига ҳам асос солган.

2018 йил 2 февралда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси лавозими, 6 март куни эса Ўзбекистон гимнастика федерацияси президенти лавозимини тарк этди. Уч фарзанднинг онаси: Марям, Сафия ва Умар.

Гендер тенглиги ва бизнес оламидаги аёллар 

— Биз бугунги кунда эркаклар учун бунёд этилган дунёда яшаяпмиз. Биласизми, ҳатто, офислардаги хона ҳарорати ҳам эркаклар учун мўлжалланган. Яъни аёллар ўзларини қулай ҳис қилишлари учун салқинроқ, эркаклар учун эса мўътадил ҳарорат халқаро стандарт сифатида танланган. Атрофимиздаги нарсалар эса эркаклар учун мослаштирилган. 

Биз ҳам қачонлардир бола бўлганмиз. Мен кичик қизалоқларга қараб улар қанчалик фаол, ақлли ва масъулиятли эканини кўраман. Улар олийгоҳларда ҳам аълочи бўлишади, аммо кейинчалик ўзларини кўрсата олмасликларининг кўплаб факторлари бор. Бу билан курашиш ва вазиятни яхшилаш учун таълимга ёрдам бериш керак. Шундай гап бор, агар эркакка таълим берсангиз бир одамни ўқитасиз, агар аёлни ўқитсангиз бутун миллат ўқимишли бўлади. Қизларга биз кўпроқ ёрдам беришимиз керак, айниқса, таълимда. Қачонки, қиз болада билим ва малака кучлироқ бўлса, у ва унинг оиласи кўпроқ даромад кўради. Уларга омадли ва даромади юқори аёлларни намуна қилиб кўрсатиш керак. Ўз фаолиятида ютуқ ва натижага эришган аёллар намунаси улар учун фойдали. Бундай мисоллар эса кўп.

Севги 

— Мен бу ҳақида ҳатто ўйлаб кўрмаган эканман. Фикрларимни жамлаб олишим учун менга икки сония беринг. 

Севги бу сизнинг муҳаббатингиз объекти. Аслида севгини бирор қолипга солиб бўлмайди. Сабаби биз тилимиз билан гапирар эканмиз забонимиз қандайдир стандарт ва структуралар билан чегараланган. Севги сиз ақлингиз билан ҳис этолмайдиган туйғу. Севгини фақатгина юрак ва қалб билан ҳис этиш мумкин.

Анъаналар

— Инсон ҳаётининг гўзаллиги шундаки биз ҳамиша ўзгариб борамиз. Кеча сенга ёққан нарсалар бугун қизиқиш уйғотмай қўяди. Менимча, биз янги тажрибалар учун очиқ бўлишимиз керак. Мен кофени фақат бир финжонда ичаман, дейиш менинг тасаввуримда фойдали эмас. Масалан сиз итингизни сайрга олиб чиққан бўлсангиз, ҳар сафар битта йўлдан юрмасдан, бошқа йўлларни ҳам синаб кўришингиз керак. Бизнинг тажрибаларимиз янгилангани сари зукколашиб бораверамиз. Битта ишни ҳар хил усулда бажариш мумкин.

Уй ҳайвонлари

— Ҳа, мен уй ҳайвонларини севаман. Итларимдан бирининг лақаби “Ҳаррй”. У бизга катта тажриба бўлган ва қизимдан қолган иккинчи кучукча “Туччй”. У биз учун худди кенжа фарзандимиздек бўлиб қолган.

Уй ҳайвонлари ҳаётимизни қизиқарлироқ қилади ва биз ҳис этишга қодир эмасмиз, деган ҳиссиётларни туйиш имконини беради. Агар имконингиз бўлса, уй ҳайвонларини парвариш қилинг.

Шахсий ҳаёт

— Бизда одамлар шахсий мазмундаги саволларни яхши кўришади. Шахсий ҳаётга қизиқувчилар ва бошқа бир инсоннинг шахсий ҳаётида “яшовчилар”га мен шундай деган бўлардим: бу дунё шу қадар қизиқарли ва сарҳадсизки, у бошқа бир инсоннинг шахсий ҳаётидан қизиқарлироқ. Яхшиси, ўз эътиборингизни ва вақтингизни бошқаларни муҳокама қилишга сарфламанг. 

Албатта, мен айтадиган гаплар тавсия характерига эга, сабаби ҳар бир инсон ўз қизиқишлари майдонини ўзи танлаш ҳуқуқига эга. Менга бериладиган шахсий ҳаётимга оид саволларга эса мен жавоб бермайман. Сабаби шахсий ҳаёт бу ўз номи билан шахсий. Уни муҳофаза қилиш учун бизда ойна ва эшикларимизда қулфлар бор. Агар кимдир хоҳласа ўз шахсий ҳаётини кўрсатиши, гапириб бериши, ҳатто, бунинг ортидан даромад кўриши ҳам мумкин.

Вегетариан

— Мен сўнги олти йилдан буён веганман. Менда нима учун аввалроқ веган бўлмаган эканман, деган хаёл ҳам ўтади. Қайд этишим лозим, мен фанат эмасман. Мен ҳар қандай фанатизмга қаршиман. Биз бир нарсани тушунишимиз керак, гўштни ҳар куни ёки ҳафтада бир неча маротаба истеъмол қилиш зарарли. Гўшт инсон организмида яллиғланиш чақиради. У эса натижада саратон ёки бошқа хавфли касалликларга олиб келиши мумкин. Гўштни сотиш учун уни реклама қилишган. Гўшт истеъмол қилиш керак, деган фараз кенг тарқалган. Одамлар гўштни оқсилнинг ягона манбаси деб ўйлашади, аслида ундай эмас. Гўшт иккиламчи оқсил, холос. Агар сиз соғлиғингизга эътиборли бўлишни истасангиз, гўшт истеъмолини қисқартиринг. 

Ўтмишга эътибор қаратсангиз, гўшт тансиқ таом бўлганлигини кўрасиз. Аждодларимиз ҳар куни мамонтларни ўлдиришмаган, улар ҳар куни қўйларни сўйишмаган. Гўшт фақатгина қандайдир байрамлар, тантаналар вақтида талаб этилган. Итимни мисол тариқасида олайлик. Ҳайвонларда ҳам ҳис-туйғу бор. Улар қувониши, хафа бўлиши ва қўрқишлари мумкин. Бу ҳақида ўйлаб кўринг. Камроқ гўшт истеъмол қилинг. Айтганча, менинг Олимпиадада чемпион бўлган дўстим бор ва у ҳам веган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

3622

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг