Камера ортидагилар “қулоқ”ми? Одамлар нима дейди?

Жамият 10527

Ўзбекистонда йўл ҳаракатини тартибга солиш ва қоидабузарликларни аниқлаш учун жорий қилинаётган бир қатор қонунларнинг моҳиятига эътибор берадиган бўлсак, бу кимлар учундир пул ишлашнинг янги усулига айланиб бормоқда. Шу билан биргаликда жамиятда бўлиниш юзага келишига ва яна кўпчилик ҳайдовчиларнинг норозилигига ҳам сабаб бўляпти. Гап нима ҳақида кетаётганини тушунгандирсиз? Ҳа, тахмин қилганингиз “Янги Ўзбекистон”нинг “янги тадбиркор”лари ҳақида.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 центябрдаги "Йўл ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 747-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ 2019 йил 1 июлдан бошлаб жисмоний ва юридик шахсларнинг транспортларида ўрнатилган видеорегистратор воситаларида қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видеога олиш техникаларида қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатларига тенглаштирилди ва видео юоборган шахсларни рағбатлантириш йўлга қўйилди.

Йўлдаги қоидабузарликларни фото ва видео тасвирга олиб, бу ҳақда ЙҲХББнинг тегишли платформасига жўнатиш орқали жариманинг 10 фоизини олаётган айрим "тадбиркор"лар кўпайиб бораётгани нафақат ҳайдовчиларнинг, балки пиёдаларнинг ҳам норозилигига сабаб бўлиб келяпти. Мана шундай инсонларга нисбатан киракашларнинг қандай реакция билдириши маълум. Шу ўринда биз қоидабузарликларни аниқлашда "ёрдам бераётган” бу каби дастёрларга нисбатан ЙПХ ходимларининг фикри қандай эканига қизиқдик. Ходимнинг айтишича, бунинг ҳам яхши ҳам ёмон томони бор.

"Ёмон томони кимдир мажбурлигидан йўл четига қўйиб дорихонага ёки шунга ўхшаш зарур жойга кириб кетиши мумкин. Бу ҳолатда уларни тушуниш керак. Лекин, баъзилар атайлаб бузади. Машина қўйишга жой бўла туриб, мумкинмас жойда тўхташади. Бундай ҳолатларда эса ўз вақтида хабар бериш яхши, албатта", дейди ЙПХ ходими.

Қоидабузарликлар акс эттирилган видео лавҳаларни жўнатишнинг ҳам ўз тартиблари бор. Жумладан, лавҳа 120 секунддан ошмаслиги ва уч иш кунида жўнатилиши, қоидабузарлик жойи, вақти ва санаси кўрсатилиши талаб этилади. Бу талабларга жавоб бермайдиган лавҳалар кўриб чиқилмайди. Табиийки, булар учун рағбат ҳам йўқ.

Шу ўринда статистик маълумотларга тўхталсак. ИИВнинг ҚAЛAМПИР.УЗъга тақдим этган маълумотига кўра, 2021 йил 1 январ кунидан 28 январ кунига қадар Республика бўйича электрон жарима орқали 16 минг 97 та қоидабузарлик аниқланган. Ушбу ҳолат қайсидир маънода ҳайдовчиларни янада ҳушёр бўлишга, йўл ҳаракати қоидалари талабларини бажаришга ундаса, бошқаларнинг эса пул топиш манбааси яна биттага кўпайганини кўрсатади.

Янги усул ва уларнинг қайсидир маънода ёрдам бераётгани ўз йўлига. Нима бўлганда ҳам кимнингдир "азаси устига байрам қилаётган" айрим тадбиркорлар буни тирикчилик манбаига айлантириб олишлари қанчалик тўғри эканлигини балки ўзлари ўйлаб кўрсалар маъқул бўлар.

Рўзимурод Бердиев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 295
Рейтинг: 3
t
×