Камола Харрис Филиппинга борди
Олам
−
21 Ноябрь 2022
3601Америка Қўшма Штатлари вице-президенти Камола Харрис бугун, 21 ноябрь куни Филиппинга ташриф буюрди. Бу ҳақда CNN нашри Оқ уй маъмуриятига таянган ҳолда хабар берди.
Хабарда айтилишича, Харрис хоним Филиппин президенти Фердинанд Маркос билан учрашган ва АҚШ томонидан молиялаштириладиган 21 та янги лойиҳани, жумладан, Филиппин атрофида ҳали ошкор этилмаган мудофаа объектларини муҳокама қилган.
“Лойиҳалар икки давлат ўртасидаги “Мудофаа соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”ги битимнинг бир қисми ҳисобланади. Ушбу битим АҚШ қўшинларига Филиппиндаги келишилган жойлардан хавфсизлик машқлари ва қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиш мақсадида фойдаланиш имконини беради”, дейилади Оқ уй баёнотида.
Бугунги журналистлар билан учрашувда Харрис Вашингтоннинг шартномага “шаксиз” содиқлигини яна бир бор тасдиқлади ва “Жанубий Хитой денгизида Филиппин Қуролли Кучларининг жамоат кемалари ёки самолётларига қуролли ҳужум бўлса, бу АҚШнинг ўзаро мудофаа мажбуриятларини талаб қилади”, деб таъкидлади.
Президент Маркос ҳам ўз ўрнида: “Кўп марта айтганман, мен Филиппиннинг келажагини Америка Қўшма Штатларисиз тасаввур қилмайман ва бу АҚШ билан жуда узоқ муносабатлардан келиб чиққан ҳолдир”, дея фикр билдирган.
Қайд этиш жоиз, икки давлат ўртасидаги алоқалар Филиппиннинг собиқ президенти Родриго Дутерте даврида бузилган эди, у олти йиллик бошқаруви даврида Хитой билан яқинроқ муносабатларга интилган эди.
Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг денгиз хавфсизлиги бўйича эксперти Грегори Полингнинг айтишича, АҚШ ва Филиппин ўша “оғир йиллардан” чекинмоқда.
Маълумот ўрнида, вице-президент Камола Харрис эртага, 22 ноябрь куни Филиппин ҳарбий базаси жойлашган Паваланга ташриф буюради.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси