Каддафийнинг аянчли ўлими: Ғарб ва НАТО Ливияда нималар уюштирганди?
Таҳлил
−
21 Март 2021
20682Юзлаб бомбалар ва ракеталар, минглаб қурбонлар, Ғарб ҳарбий машинасининг тўлиқ устунлиги – бундан ўн йил муқаддам, 2011 йил 19 март куни НАТО мамлакатлари армиялари Ливиядаги фуқаролар урушига аралашди. Каддафий назорати остидаги қўшинлар уларга ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмади – альянс авиацияси ҳар қандай қаршиликни бир зумда бостирди. Операция 31 октябрь куни якунига етди. Натижада, бир вақтлар гуллаб-яшнаган давлат Ливияда осойишта ҳаёт батамом тўхтади. Ушбу мамлакат ҳудудида жанглар ҳалигача давом этмоқда.
Эски ҳисоб-китоблар
2011 йил февраль ойида одамлар Ливиядаги аҳоли сони бўйича иккинчи шаҳар – Бингази шаҳри кўчаларига чиқиб, ҳукумат томонидан ҳибсга олинган адвокат ва ҳуқуқ фаоли Фатҳи Тербилнинг озод этилишини талаб қилди. Бир неча кундан кейин бутун мамлакат бўйлаб ҳукуматга қарши кенг кўламли намойишлар бошланди. Бугунги кунда кўпгина мутахассислар ушбу Шимолий Африка давлатидаги фуқаролар урушининг асл сабаби Киренаика ва Триполитания қабилалари ўртасидаги зиддият, деб ҳисоблайди.
Маҳаллий аҳоли вакилидан бўлган Муаммар Каддафий 40 йилдан ортиқ вақт давомида бемалол ҳукмронлик қилаётганди.
Каддафийнинг хавфсизлик кучлари қурол ишлатишга ўтди. Тартибсизликлар кўча жанжалига айланиб кетди. Қурбонлар сони ўнлаб кишига етди. Мухолифат бир нечта қурол-яроғ омборини эгаллаб олди ва Бингази шаҳрини қўлга киритди.
Март ойининг бошларида Каддафийнинг мухолифлари “Триполига юриш” эълон қилди. Пойтахтга беш мингга яқин ҳарбий ҳужум қилди, аммо улар мағлубиятга учради. Ўша пайтда Каддафий армиясида танклар, артиллерия ва жуда кучли самолётлар бор эди, мухолифатда эса фақатгина пулемёт билан пикаплар бор эди. 18 мартга қадар ҳукумат кучлари Бингази шаҳрига кириб, исённи тугатишга тайёрланди. Бироқ, БМТ Хавфсизлик Кенгаши қирғиндан қўрқиб, халқаро ҳамжамиятга Ливияда куч ишлатишга рухсат берди.
Ғарб ҳукуматлари азалдан Каддафийга тишларини қайраб келаётганди ва фурсатдан фойдаланиб, эски шикоятларга жавоб олинди. 1969 йилги давлат тўнтаришидан кейин Ливия кўпинча Европа ва АҚШ билан тўқнашувга киришди. Вашингтон Каддафийни халқаро терроризмни қўллаб-қувватлашда айблади. Бироқ, норозиликлардан кейин ҳам Каддафий истеъфога чиқиш ҳақида ўйламади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қароридан сўнг аралашув бошланди.
“Мен ҳеч қачон Ливия тупроғини тарк этмайман, охирги томчи қонимга қадар курашаман ва бу ерда ота-боболарим билан шаҳид бўлиб ўламан”, деди у одамларга юзланиб.
Учиш тақиқланган ҳудуд
Амалиётнинг бош куратори ва ташкилотчиси бўлган Пентагон Ливия қирғоқларига таъсирчан кучларни келтирди: доимий тайёргарлик амфибия ҳужуми гуруҳи таркибида тўрт минг денгиз пиёда аскари, 22 денгиз пиёда экспедиция корпуси, “Арли Берк” гуруҳидаги иккита эсминец, иккита “Лос-Анжелес” атом сувости кемаси, “Огайо” стратегик атом сувости кемаси таркибда бор эди.
Шунингдек, америкаликлар кучли зарба берувчи ва бомбардимончи самолётларни тайёрлади. Интервенциянинг энг фаол иштирокчилари бўлган французлар тўртта фрегат ва Шарл де Голл авиаташувчисини жойлаштирди. НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам ўзларининг ҳиссаларини қўшди. Умуман олганда, операцияга 18 мамлакат ҳарбий хизматчилари у ёки бу даражада жалб қилинганди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг резолюциясида фақат Ливия устидан учиш тақиқланган режим кўзда тутилган бўлса-да, НАТО самолётлари аввало қуруқликдаги нишонларга зарба берди. 19 март куни Франция ҳарбий ҳаво кучларининг 20 га яқин самолёти Бингази яқинида ҳукумат армиясининг кўплаб зирҳли машиналарига ҳужум қилди. Худди шу куни Америка ва Буюк Британия денгиз кучлари Ливиядаги нишонларга 114 та қанотли ракеталарни учирди. Расмий Триполининг хабарига кўра, ушбу ҳужумлар оқибатида 64 киши ҳалок бўлган ва 150 киши жароҳат олган. НАТО самолётлари ўнлаб кўприкларни вайрон қилган, йўлларни бузган ва кўплаб фуқаролик инфратузилмасини кўриб бўлмас аҳволга келтирган.
Кейинги кунларда ҳам бомбардимон давом этди. Мамлакатга минглаб турли хил калибрли ўқ-дорилар ёғдирилди. 23 март куни Британия ҳаво кучлари қўмондони Грег Бэгвилл Ливия ҳаво кучлари энди йўқлигини эълон қилди. БМТ қарорига биноан аралашув шу ерда тугаши керак эди. Бироқ, Ғарб тўхташ ҳақида ўйламади.
Лидернинг ўлими
Ливия устидан ҳаво устунлигини қўлга киритиб, учиш тақиқланган зонани яратган НАТОнинг қирувчи самолётлари Каддафий армиясининг жиҳозлари, ишчи кучи ва инфратузилмасини методик равишда йўқ қила бошлади. Америкаликлар ҳаттоки, операцияда “оғир отлиқлар”дан, B-1B ва B-2 стратегик бомбардимончиларидан, шунингдек, АС-130 “учар батареяси”дан фойдаланган. НАТО авиацияси деярли йўқотишларсиз ҳаракат қилди – эскирган Ливия ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими замонавий самолётларга дош беролмади.
Шундай қилиб, 10 апрель куни Шимолий Атлантика альянси самолётлари бир вақтнинг ўзида 25 та Ливия танкини йўқ қилди. Май ойида НАТО самолётлари Триполини бомбардимон қила бошлади. Улар Муаммар Каддафий қароргоҳига бир неча бор зарба берган, аммо ҳар сафар у қочишга муваффақ бўлган.
Унинг яширин жойларидан бири мамлакат шимолидаги Сирт шаҳри бўлган. 2011 йил кузига келиб, ушбу аҳоли пункти расмий Триполи томонидан назорат қилинадиган кам сонли жойлардан бири бўлиб қолди. Октябрь ойининг бошларида қуролланган мухолифат бўлинмалари ҳужумга киришди. ПНС деб аталадиган тарафдорлар – Ўтиш даври миллий кенгаши Каддафий Сиртда яширинаётганини билган ва уни ҳар қандай йўл билан қўлга олишга ҳаракат қилган.
Улар Ливия етакчисини 20 октябрь, шаҳар эгаллаб олинган кундан сўнг ушлади. Каддафий атрофида оломон пайдо бўлди. Ҳамма уни уриш, ҳақорат қилишга, унга оғир нарсаларни отишга уринди. Оломон уч соатдан кўпроқ вақт давомида “безорилик” қилди, шундан кейин Каддафий автомобилда олиб кетилиб, касалхонага ётқизилди. Аммо бу вақтга келиб, у аллақачон вафот этганди. Шундай қилиб, НАТО блоки ўз вазифасини бажариб, операцияни 31 октябрь куни якунлади.
LiveБарчаси