Кадастр тизимида 115 нафар ходим коррупцион жиноятларга қўл урган
Жамият
−
24 Август 2021
6132Ўтган икки йилда Ўзбекистонда кадастр тизимининг нақ 115 нафар ходими коррупция билан боғлиқ жиноятларга қўл урган. Улар томонидан жами 70 та жиноят содир этилгани аниқланган. Бу ҳақда бугун, 24 август куни Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган навбатдаги йиғилишда сўз борди.
Йиғилишда Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари — ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори Фазлиддин Умаров иштирок этиб, агентлик фаолияти ҳақида ахборот берди.
Йиғилишда қўмита раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев кадастр тизимида рўй берган коррупцион ҳолатларни қаттиқ танқид қилди.
“Биз Бош Прократурадан таҳллиларни олдик. Маълум бўлишича 2020 йилнинг ўзида Кадастр агентлигининг 67 нафар ходимига нисбатан 46 та, 2021 йилнинг 6 ойида эса 48 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 24 та жиноят иши очилган. Бунинг оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1,3 млрд сўм миқдорида зарар келтирилган”, дейди Боқиев.
Сенат қўмитаси раиси ўринбосарига кўра, коррупция ҳолатларини аниқлаш, уларга нисбатан чора кўриш мумкин, аммо одамларнинг тизимга нисбатан йўқолиб бораётган ишончини тиклаш алоҳида масала.
“Бугун ўлчови йўқ бўлган, биз ўлчай олмайдиган ҳодиса борки, бу халқимизнинг давлат идораларига, хусусан кадастр тизимига бўлган ишончи. Мана шу нуқтайи назардан ҳам бу масаланинг муҳимлиги ва кун тартибига чиққанлигини кўриш мумкин”, дейди у.
Йиғилишда таъкидланишича, бугун кадастр соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан тизимли муаммолар мавжуд ва бу айрим объектив ҳодисаларда ўз исботини топмоқда.
“Бу ўзбошимчалик билан суғориладиган ерларни эгаллаб олиш, ер участкаларида ноқонуний уй-жойлар қуриб олиш, қолаверса бугун кадастр агентлиги базасига киритилмаган, эгалик ҳуқуқи белгиланмаган кўчмас мулкларнинг сони 2 млндан ошиқни ташкил этаётганидир. Ушбу ҳолатлар ўз-ўзидан ўйлашни ва тизимда катта ислоҳотларни амалга ошириш кераклигини билдиради”, деди Фарҳод Боқиев.
Маълумот ўрнида, кадастр базасида давлат рўйхатидан ўтмаган, ўзбошимчалик билан қурилган 2 млн 746 мингдан ортиқ кўчмас мулк объектларининг эгалик ҳуқуқи белгиланмаган.
2021 йил 5 август ҳолатига кўра, республикада 90 минг 690 та фермер хўжалигидан 29 минг 169 таси билан ижара шартномаси тўлиқ расмийлаштирилмаган.
LiveБарчаси