“Космик ЙТҲ”. Қўшни юлдуз тизимида икки сайёра тўқнашуви юз берди
Бу қизиқ
−
22 Октябрь 2021
10473АҚШ, Ирландия ва Буюк Британия астрономлари кичикроқ сайёранинг бошқа бир каттароқ сайёра билан тўқнашиши оқибатида фазога атмосфераси ажралиб чиқиши ҳолатига дуч келди. Бу ҳақда “Nature” журнали ёзмоқда.
Қайд этилишича, космик миқёсдаги фалокат тахминан 200 минг йил олдин Ердан 95 ёруғлик йили узоқликда жойлашган HD 172555 юлдуз тизимида содир бўлган.
Астрономлар 2000-йиллардаёқ ушбу фалокат тўғрисидаги маълумотларга эга бўлган. Ўшанда улар ойнинг катталигидаги самовий жисмнинг Меркурий каби сайёрага сониясига 10 километр тезликда урилганини тахмин қилган.
66 та радио телескопдан олинган янги маълумотларга кўра, катта сайёра Ернинг ҳажми билан тенг бўлиб, карбонат ангидридли атмосферага эга эди.
Маълумот ўрнида, йирик осмон жисмлари кўпинча 12 миллион йиллик HD 172555 каби ёш юлдуз тизимларида бир-бирига тўқнашади. Бундай тўқнашувлар натижасида сайёралар одатда охирги шаклига келади. Тўрт миллиард йилдан кўпроқ вақт олдин, Қуёш системасида ҳам осмон жисмлари тўқнашганди. Бунинг ортидан Ой Ердан ажралиб чиққан, Уран ён томонига “қулаб тушган”, Венера эса тескари йўналишда айлана бошлаган.
Ҳозирда Қуёш тизимидаги сайёраларнинг тўқнашуви эҳтимолдан йироқ – уларнинг орбиталари барқарор ва бир-бири билан кесишмайди. Асосий таҳдид кометалар ва катта астероидлардир, уларнинг йўли вақти-вақти билан сайёра орбиталари билан кесишиши мумкин: масалан, 2009 йилда Юпитерга диаметри 500 метр бўлган комета тушиб, унинг атмосферасида Тинч океани катталиги билан тенг келадиган тешик ҳосил қилган. Олимларнинг фикрича, бундай катталикдаги осмон жисмлари Ерга ҳар 100 минг йилда бир марта тушади.
LiveБарчаси