Марказий Осиё давлатлари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига қанча тўламоқда?

Таҳлил

image

Бир неча кундан сўнг Ўзбекистонда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни нишонланади. Лекин бу байрам аксарият Марказий Осиё давлатларида Иккинчи жаҳон уруши ғалабаси сифатида нишонланиб келинадиган кундир. Дунёда Иккинчи жаҳон уруши тугаганига ҳам мана 78 йилдан ошяпти. Марказий Осиё мамлакатларида уруш фахрийлари сони ҳам йилдан йилга камайиб бормоқда. Бу кунда 5 давлат уруш қатнашчиларига турли хил совғалар, инъомлар тақдим этади. Хўш, Марказий Осиё давлатлари бу йил уруш фахрийларига қанчадан тўламоқда? QALAMPIR.UZ бу ҳақида маълумот тўплади.

Қозоғистон

Қозоғистонда Ғалаба куни қўшалоқ байрамдир, чунки 7 май куни республикада Ватан ҳимоячилари куни нишонланади. Мамлакатда бу йил парад ўтказиш режалаштирилмаяпти.

Бунга бир неча йил аввал коронавирус пандемияси сабаб бўлган бўлса, бу йил Мудофаа вазирлиги бюджет маблағларини тежаш ҳисобидан, шунингдек, бошқа муаммоларни ҳал қилиш зарурати туфайли парад ўтказилмаслигини маълум қилди. 

Қозоғистон ҳукуматига кўра, бу йил Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир иштирокчисига камида 1,5 миллион тенге (3,3 минг доллар) тўлайди. Бундан ташқари, иш ҳақи маҳаллий бюджетлар ҳисобидан оширилиши мумкин.

Ўзбекистон

Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига давлат томонидан 18 миллион сўмдан (тахминан 1,6 минг доллар) тўлаш тўғрисидаги Президент фармони имзоланди. Охирги маълумотларга кўра, мамлакатда 236 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси қолган.

Ўтган йили уруш фахрийларига 15 млн сўмдан пул берилганди. Бериладиган пул миқдори йилдан йилга ошиб бормоқда.

Қирғизистон

Қирғизистон собиқ Совет Иттифоқидаги Марказий Осиё республикалари ичида Ғалаба куни деярли Россиядаги каби миқёсда нишонланадиган ягона давлатдир. Ҳатто Президент Садир Жапаров байрамни Москвада нишонлашга қарор қилган ягона Марказий Осиёдаги давлат Президенти бўлиб 
қолмоқда.

Мамлакатда жуда кўп тадбирлар бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда, улардан энг каттаси Жанубий дарвозадан бошланадиган “Ўлмас полк” кортежи бўлади. Президент Садир Жапаров қарорига кўра, фахрийларга Ғалаба 
байрамига қадар давлатдан 100 минг сомдан (1100 АҚШ доллари) пул ажратилади.

Давлат бюджети бундан унчалик зарар кўрмайди, чунки апрель ойи бошидаги маълумотларга кўра, республикада Иккинчи жаҳон урушининг 68 нафар иштирокчиси қолган.

Тожикистон

Россия Президенти Владимир Путин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонни шу йилнинг 9 май куни Москвада ўтказиладиган парадга таклиф қилди. Бир қатор ОАВларда Раҳмоннинг Москвадаги парадга бориши ҳақида хабарлар тарқалди. Тожикистон Президенти матбуот хизмати Москвага сафар ҳақида аниқ қарор қабул қилинмаганини, Имомали Раҳмон 9 майни Душанбеда ўтказишни режалаштираётганини маълум қилди.

Бугунга қадар мамлакатда 37 нафар Улуғ Ватан уруши қатнашчиси қолган. Тожикистон Президенти Ғалаба куни муносабати билан республикада истиқомат қилаётган барча 37 нафар Улуғ Ватан уруши қатнашчисига 18 минг сомоний (1650 доллар) ажратишини эълон қилди.

Туркманистон

Туркманистонда ҳам Ғалаба куни нишонланади, лекин дам олиш куни берилмайди. Мамлакатда уруш қатнашчилари 200 манат (57 доллар — давлат курсида, бозор нархи билан эса 10 долларга тенг) ва қимматбаҳо совғалар олиши мумкин. Бу эса Марказий Осиё давлатлари ичида энг кам миқдордир.


Мақола муаллифи

Теглар

Иккинчи жаҳон уруши Марказий Осиё қатнашчилар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг