Қурол савдоси билан шуғулланган 22 киши ҳибсга олинди
Олам
−
03 Апрель 2023
8806Европа давлатларининг ҳуқуқ-тартибот идоралари қўшма операция давомида ноқонуний қурол савдоси билан шуғулланган 20 дан ортиқ кишини қўлга олди. Бу ҳақда бугун, 3 апрель куни рейдларни қўллаб-қувватлаган Европа полиция агентлиги (Europol) маълум қилди.
Қайд этилишича, рейд давомида асосий эътибор фақат ёруғлик, тутун ёки овоз эффектларини яратадиган сигнал қуролларига қаратилган. Бундай қуроллар ўқ отиш учун эмас, балки сигнал юбориш (тутунли сигнал ёки овозли сигнал) учун ишлатилади. Бироқ уни бироз ўзгартириш орқали одатий қуролга айлантириш мумкин. Оддий қуролларни ноқонуний сотиб олиш қийинроқ ва қимматга тушгани учун ҳам жисмоний шахслар ва уюшган жиноий гуруҳлар ҳақиқий патронларни отиш учун осонлик билан ўзгартириладиган қуролларга тобора кўпроқ мурожаат қила бошлаган.
Руминия ва Болгария бошчилигидаги амалиётда Европанинг 31 давлати ҳуқуқ-тартибот идоралари иштирок этган. Рейдлар давомида жами 143 та объект тинтув қилиниб, 22 киши ҳибсга олинган, 129 та ўқотар қурол ҳамда деярли 1,5 минг дона ўзгартирилган ва ҳали ўзгартирилмаган сигнал ва ўралган қуроллар аниқланган. Бундан ташқари, 25 мингга яқин ўзгартирилмаган, конвертация қилинган ўқ-дорилар, олтита қўл гранатаси, 276 килограмм динамит, 299 та детонатор ва 21 килограммдан ортиқ порох мусодара қилинган.
Топилган қуролларнинг аксарияти Туркияда ишлаб чиқарилган моделлар бўлган. Ушбу қуроллар Европа Иттифоқига олиб келинган ҳамда Болгария ва бошқа мамлакатларда қонуний равишда сотилган. Бироқ, сотилгандан сўнг, улар кўпинча чегарадан ноқонуний олиб ўтилган ва Европа Иттифоқи ичидаги ёки ташқарисидаги бошқа мамлакатларда ҳақиқий қуролга айлантирилган.