Қўрқинчли офат. 2019-2020 йилларда кузатилган энг даҳшатли зилзилалар
Олам
−
25 Январь 2020
906724 январь куни Туркияда магнитудаси 6,8 бўлган даҳшатли зилзила содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида 19 киши ҳалок бўлган, 922 киши жабрланган. Ҳозирга келиб улар сони ошиб бораётгани таъкидланмоқда. Вайроналар ичидан қидирув-қутқарув ишлари ҳамон давом этмоқда.
Инсоният тарихида вайронагарчилик келтириб чиқарган ҳалокатли зилзилалар жуда кўп бўлган. Ана шундай зилзилалар 2020 йилнинг дастлабки ойидаёқ иккита давлатда қайд этилди. Улардан бири январь ойининг бошида Пуэрто-Риконинг Кариб денгизидаги оролларида содир бўлди. Оқибатда электр таъминот тизими ишдан чиқди, жуда кўплаб уйлар вайронага айланди. Ўшанда зилзила магнитудаси 6,6 баллни ташкил этган эди. 14 январь куни Пуэрто-Рико ҳукумати мамлакатда фавқулодда вазият эълон қилди. Қатор зилзилалар сабаб 20 минг одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Табиий офат келтирган зарар 110 миллион долларни ташкил этди.
Хўш, 2019 йил ана шундай ҳалокатли, вайронакор зилзилалар қайси давлатларда кузатилган эди?
Филиппин
22 апрель. Филиппин пойтахти Маниладан унча узоқ бўлмаган ҳудудда 6,3 балли ер силкиниши кузатилди. Бундан энг кўп Пампанга провинцияси зарар кўрди. Табиий офат натижасида бир нечта иншоот, жумладан, иккита черков шикастланди. Кларк халқаро аэропорти бир кунга ёпиб қўйилди. Шунингдек, ушбу провинция аҳолиси оммавий электр таъминотисиз қолди.
27 июль куни Филиппиннинг Итбайят оролида магнитудаси 5,9 бўлган зилзила содир бўлди. Бундан уч соат олдин оролдан уч километр узоқликда 5,4 балли ер силкиниши кузатилганди. Табиий офат оқибатида 5 киши ҳалок бўлди, 12 киши турли даражада тан жароҳати олди.
Шу йилнинг 29 ва 31 октябрь кунлари мамлакатнинг Миндан оролида иккита кучли зилзила содир бўлди. Уларнинг магнитудаси 6,6 ва 6,5 баллни ташкил этди. Оқибатда 21 киши ҳалок бўлди, 432 киши жабрланди. Табиий офат 30 мингга яқин объектни, жумладан, деярли мингта мактабни, ўнлаб диний иншоотни ва тиббиёт марказини вайрон қилди. Шунингдек, 20 дан зиёд йўл ва кўприклар яроқсиз ҳолатга келиб қолди.
Филиппинда 15 декабрь куни тағин ер силкиниши кузатилди. Унинг магнитудаси 6,8 баллни ташкил этди. Зилзиланинг ўчоғи Магсайсай аҳоли пунктидан беш километр жануби-шарқда бўлгани айтилди. Ер силкиниши оқибатида Давао Дель Сур провинциясидаги деярли 1,5 минг уй вайронага айланди. Табиий офат оқибатида 12 киши ҳалок бўлди, 200 дан зиёд киши жабрланди.
Албания
2019 йил, 26 ноябрь. АҚШ Геология хизмати (USGS) Албания пойтахти Тиранадан унча узоқ бўлмаган ҳудудда магнитудаси 6,4 балли зилзила содир бўлгани ҳақида хабар қилди. Сейсмологларнинг маълум қилишича, унинг ортидан магнитудаси 5 бўлган афтершоклар кузатилди. Ерости силкинишлари Тирана, шунингдек, Дуррес шаҳрида сезилди. Табиий офат 50 кишининг умрига зомин бўлди, 900 дан зиёд киши жабрланди.
21 сентябрь куни мамлакат яна бир бор ушбу табиий офат билан юзма-юз келди. Бу сафар иккита ер силкиниши кетма-кет қайтарилди. Биринчи силкиниш маҳаллий вақт билан 14:04 да бўлди. Афина Университети сейсмология лабораторияси дастлаб зилзиланинг магнитудасини 5,6 балл бўлганини айтди. Сўнгра 6,0 эканлигини маълум қилинди. Ўчоғ Дуррес шаҳридан 6 километр шимолда қайд этилди. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, 5,3 балли иккинчи силкиниш содир бўлди. Унинг ортидан магнитудаси 3,1 дан 4,1 гача бўлган учта афтершок кузатилди. Силкинишлар 22 сентябрь тунигача давом этди. Ҳалок бўлганлар кузатилмаган бўлса-да, жабрланганлар сони 105 нафарга етди.
Эрон
2019 йил, 8 август. Масжиди Сулаймон шаҳри. Айнан шу куни ушбу ҳудудда магнитудаси 5,7 балл бўлган ер силкиниши кузатилди. Оқибатда бир киши нобуд бўлди, 64 нафари жабрланди.
8 ноябрь. Шу куни тунда мамлакатда магнитудаси 5,9 бўлган зилзила кузатилди. Унинг ўчоғи Табриздан (Шарқий Озарбойжон провинцияси) 156 километр жануби-шарқда қайд этилди. Ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, 529 киши жабрланди.
Индонезия
2019 йилнинг 17 март санаси. Мамлакатда 5,5 магнитудали зилзила бўлди. Унинг ортидан келган кўчкилар оқибатида 5 киши ҳалок бўлди ва 30 киши жабрланди. Шунингдек, 40 киши саёҳлар орасида машҳур бўлган Тиу Келеп шаршарасида қолиб кетди.
14 июль Индонезия учун унутилмас кунга айланди. Шу куни мамлакатда магнитудаси 7,3 бўлган даҳшатли зилзила содир бўлди. Унинг ўчоғи Шимолий Малуку провинциясидан 102 километр шимоли-шарқда дея қайд этилди. 5 киши ҳалок бўлди, яна бир киши эвакуация вақтида жон берди.
2 август. Суматра оролида магнитудаси 6,8 балли зилзила кузатилди. Оқибатда 5 киши ҳалок бўлди, 4 киши жабрланди. Бантен ва Ғарбий Ява провинцияларидаги 233 бино вайронага айланди.
Сентябрь ойининг 26-санаси. Шу куни мамлакатда магнитудаси 6,5 бўлган зилзила содир бўлди. Унинг ўчоғи Кайрату шаҳридан (Серам ороли) 8 километр жануби-шарқда аниқланди. 30 киши ҳалок бўлди, 156 киши жабрланди. 25 мингга яқин фуқаро ўз уйидан чиқиб кетишга мажбур бўлди.
Хитой
2019 йил, 17 июнь. Хитойнинг Сичуань провинциясида зилзила бўлди. Бошида магнитудаси 6,0 бўлган ер силкиниши Ибинь шаҳар округининг Чаннин уездида кузатилди. Орадан 40 дақиқа ўтиб, 5,1 балли зилзила худди шу округнинг Гун уездида қайд этилди. Эртаси куни 17 та силкиниш содир бўлди. Табиий офат оқибатида 13 киши қурбон бўлди, 199 киши жабрланди.
8 сентябрь Яна шу Сичуань провинциясида магнитудаси 5,4 бўлган йирик зилзила содир бўлди. Табиий офат бир кишини ҳаётдан олиб кетди. 63 киши жабрланди. Ҳодиса жойида бўлган 10 минг кишининг барчаси моддий талофатга учради.
Перу
2019 йил, 26 май куни Перуда магнитудаси 8,0 бўлган кучли ер силкиниши бўлди. Бир киши ҳалок бўлди, 15 киши жароҳатланди. 291 та бино ер билан яксон бўлди. 337 таси яшашга яроқсиз деб топилди.
Сарвар Анвар ўғли
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь