Қўрқаётган Путин, Трампга “тарсаки” ва Исроилга дўст Қозоғистон — Weekend
Таҳлил
−
19:25 2072 20 дақиқа
Қозоғистонга келган Исроил президенти Қирғизистонни сотқинликда айблади! Уруш Ўзбекистонга яқинлашяптими? Москвада Ғалаба паради кескин қисқартирилиши мумкин. Путин нимадан қўрқмоқда? Педофил Эпштейн ўзининг жирканч жиноятлар содир этган оролида “масжид” қурдирган. Бу ишда ўзбекистонликларнинг ҳам алоқаси бор! Трамп яна бошлади. У дунё харитасини ўз исми билан ўзгартирмоқчи. Буюк Британия қироли Чарльз III эса Трампга тарсаки туширди — рамзий маънода. Шулар ва бошқа дунё саҳнида содир бўлган муҳим воқеалар тафсилотини кўриб чиқамиз
Эпштейннинг “масжиди” ва Ўзбекистон кошинлари
Педофилликда айбланувчи Эпштейн ваҳшийлик, жинсий зўрлик ҳамда хўрликлар марказига айланган ўз оролида, унинг тили билан айтганда, "масжид" қурдирган ва уни безатиш учун Ўзбекистондан кошинларни сотиб олган. “The New York Times” нашрининг хабар беришича, кўпчилик томонидан ёвуз мавжудот сифатида кўрилувчи бу шахс нодир ислом артефактларини сотиб олишга қизиққан. У ушбу буюмларни ўзининг шахсий оролидаги ғайриоддий бинони безаш ва бой ҳамда нуфузли одамлар билан алоқалар тармоғини кенгайтириш учун харид қилган. Эпштейн шахсий суҳбатларда бу бинони ҳар доим “масжид” деб атаган. Бу гумбазли, оқ-кўк чизиқлардан иборат бинони сиз ҳам кўрган бўлсангиз керак.
Уни безаш учун Каъбадан Қуръон оятлари туширилган кисвалар келтирилган. Шунингдек, Эпштейн ўз иншооти учун Ўзбекистондан масжид кошинларини ҳамда қадимги Сурия меъморчилиги намунаси асосида яратилган олтин рангли металл гумбазни сотиб олган.
Яқинда махфийликдан чиқарилган ва дунё даражасидаги машҳур шахсларнинг бир нечтасини титратиб юборган ҳужжатлар Эпштейннинг Литтл-Сент-Жеймс оролидаги сирли бино билан боғлиқ кўп йиллик жумбоққа ойдинлик киритган. Ушбу бино илгари мусиқа хонаси, павильон, ибодатхона ёки ҳатто оккультизм маскани сифатида таърифланган. Бироқ Эпштейннинг ўзи бу иншоотни тез-тез “масжид” деб атаб келган.
Ҳужжатларга кўра, муқаддас “қадамжо” барпо этиш ғояси унда фоҳишаликка жалб қилиш иши бўйича айбига иқрор бўлиб, қамоқда ўтирган вақтида пайдо бўлган. 2009 йилда озодликка чиқишидан олдин, ёзишмаларга кўра, у атрофида “исломий боғ” бўлган ҳаммом лойиҳаси учун архитекторларни ёллаган. Кейинчалик эса Эпштейн бу режадан воз кечиб, “мусиқа хонаси” қуриш учун рухсат олишга ҳаракат қилган. Аммо қурилишга алоқадор шахслар билан ёзишмаларда у барибир “масжид” атамасини ишлатган. NYT суриштирувида айтилишича, 2011 йилда Эпштейн Ўзбекистондаги алоқадор шахсига ҳақиқий кошинлар (плитка) топиш илтимоси билан хат ёзган.
Молиячи томонидан ёлланган румин рассоми Ион Никола ҳам NYT’га берган интервьюсида Эпштейн бинони мунтазам равишда ўз “масжиди” деб атаганини тасдиқлаган. 2013 йилда у Николага Ҳалабдаги (Алеппо) Ялбуға ҳаммомининг суратини юбориб, шунга ўхшаш эскизлар тайёрлашни сўраган. Шу билан бирга, унинг ушбу бинодан ҳақиқатан ҳам масжид сифатида фойдаланиш нияти бўлган-бўлмагани ҳақида далиллар йўқ.
Исмини “абадийлаштираётган” Трамп
Деярли бутун дунё медиасида ҳар куни бир марта бўлса ҳам исми зикр қилинадиган Трамп бу ҳафта ҳам жим тургани йўқ. У Ҳормузни “Трамп бўғози” деб ўзгартирмоқчилигига ишора қилди. АҚШ Президенти Truth Social ижтимоий тармоғига “Трамп бўғози” деб номланган расмни жойлаштирди. Ва бундай ишора биринчиси эмас.
Март ойининг охирида Маямида ўтказилган инвестиция форумида Трамп ҳазил тариқасида Ҳормуз бўғозини ўз номи билан атаб, “улар Трамп бўғозини очишга мажбур бўлади”, деган эди ва бундай баёнотлар тасодифий эмаслигини қўшимча қилган. Орадан кўп ўтмай “New York Post” манбаларга таяниб, Трамп Ҳормуз бўғозини “Америка бўғози” деб қайта номлаш имкониятини кўриб чиқаётганини хабар қилган. Бу ҳаракатлар уни иккиюзламачи деб аталишига кўп бора сабаб бўлди. Чунки Эрон томони бўғозни очган пайтида Трамп бу муҳим сув йўлини Ҳормуз эмас, “Эрон бўғози” деб ҳам атаган эди.
Оқ уйга қайтиб, яна президент бўлгач, Трамп муҳим объектларни ўз номи билан қайта номлаш ташаббусларини фаол илгари сурмоқда. Хусусан, 2025 йилда Америка Тинчлик институтини “Трамп номидаги Америка тинчлик институти” деб қайта номлаган. Бундан ташқари, у географик объектлар номини ўзгартириш ташаббуслари билан ҳам чиққан. 2025 йил январь ойида у Мексика қўлтиғини “Америка қўлтиғи”, Денали тоғини эса “Мак-Кинли” деб қайта номлашни буюрган. Мексика томонида бу қарорлар танқид қилиниб, “Мексика қўлтиғи” номи асрлар давомида халқаро навигацияда қўлланиб келаётгани таъкидланган.
Ўзига хос харизмага эга президентнинг Биньямин Нетаньяхуга берган тавсияси ҳам кенг муҳокама қилинди. У Нетаньяхуни Ливанга фақат “аниқ нишонли” зарбалар беришга чақирган. Акс ҳолда, унинг фикрича, Исроил “ўзини ёмон кўрсатиб қўяди”. Тушуняпсиз-а? Умуман зарба берма эмас, аниқ зарба бер!
“Мен Нетаньяхуга айтдим: у аниқроқ ҳаракат қилиши керак. Биноларни вайрон қилмасин. Буни қилиш мумкин эмас. Бу жуда даҳшатли ва Исроилни ёмон отлиққа чиқаради”, деган Трамп.
У Ливан ва унинг раҳбариятига ижобий муносабатда эканини таъкидлаган. АҚШ Президенти, шунингдек, Теҳронга қарши операция якунлангач, Ливан “яна тикланиши” мумкин деб ҳисоблайди.
“Эрон Ливанни вайрон қилди. Уларнинг қўғирчоғи – “Ҳизбуллоҳ” Ливанни вайрон қилди. Эрон мағлуб бўлса, “Ҳизбуллоҳ” ҳам автоматик тарзда мағлуб бўлади”, деган Трамп.
АҚШ расмийларидан бири нашрга маълум қилишича, Трамп маъмурияти Исроилдан “ўзини тийишни” ва Ливан билан янги дипломатик жараёнга имкон беришни сўраган. Вашингтон Ливан Қуролли кучларига қисқа муддат ичида муаммоларни енгиб ўтишда ёрдам бериш йўлларини изламоқда.
25 апрель куни Биньямин Нетаньяху армияга Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” нишонларига кучли зарбалар бериш бўйича кўрсатма берган эди. Бу қарор гуруҳнинг Исроил шимоли ва Ливан жанубида жойлашган қўшинларга ракета ҳамда дронлар билан ҳужум қилганидан сўнг қабул қилинган. 24 апрель куни эса Трамп Исроил ва Ливан ўртасидаги оташкесим Вашингтонда ўтган “жуда яхши’ музокаралардан сўнг уч ҳафтага узайтирилишини эълон қилган. Шу куни Исроил Мудофаа армияси “Ҳизбуллоҳ” томонидан учирилган ракеталар тутиб қолинганини маълум қилган.
Эрон урушининг молиявий харажатлари
Дональд Трамп сайловлар аввалида дунёга тинчликни қайтараман деб катта кетгани эсингизда бўлса керак. Айнан унинг ташаббуси билан бошланган АҚШнинг Эронга қарши уруши ҳозиргача 25 миллиард долларга тушгани эълон қилинди. 29 апрель куни Пентагоннинг юқори лавозимли амалдори ҳарбий харажатлари бўйича илк марта расмий баёнот берди.
Ноябрь ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловларга олти ой қолган бир пайтда, Президент Дональд Трампнинг республикачилари Конгрессдаги кўпчилик тарафдорларини сақлаб қолиш учун қийин кураш олиб бориши кутилмоқда.
Демократлар эса жамоатчилик фикридаги рейтингларда устунликка эга бўлиб, Эрон уруши масаласини иқтисодий қийинчиликлар билан боғлашга ҳаракат қиляпти.
Молиявий назоратчи вазифасини бажараётган Жулс Ҳёрст Конгресснинг Қуролли кучлар қўмитаси аъзоларига айтишича, урушга ишлатилган маблағнинг асосий қисми ўқ-дориларга сарфланган. Ҳёрст ушбу ҳисоб-китоб нималарни ўз ичига олгани, жумладан, Яқин Шарқдаги база инфратузилмасини қайта тиклаш ва таъмирлаш харажатлари киритилган ёки киритилмагани ҳақида аниқ маълумот бермаган.
“Сўровга жавоб берганингиздан хурсандман. Чунки биз бу рақамни анча вақтдан бери сўраб келаётган эдик ва ҳеч ким очиқламаяётган эди”, дея муносабат билдирган қўмитадаги етакчи демократ Адам Смит.
Мудофаа вазири Пит Ҳегсет эса қонун чиқарувчиларга бу харажатлар Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш мақсади билан оқланишини айтган. “Эроннинг ядровий бомбага эга бўлмаслигини таъминлаш учун сиз қанча тўлар эдингиз? Қанча?”, деган у. Ҳегсет, шунингдек, Эрон урушига нисбатан танқидларни рад этган ва демократларни кескин танқид қилган. Маълумот ўрнида, 25 миллиард доллар — бу жорий йилдаги NASA бюджетига тенг. Бироқ Пентагон бу сумма хулосасига қандай келгани номаълум. Чунки ўтган ойда “Reuters” агентлигининг маълум қилишича, урушнинг дастлабки олти кунининг ўзи АҚШга камида 11,3 миллиард долларга тушган.
Пентагон расмийларининг бу расмий статистик кўрсаткичларига жавобан Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШ халқини ўйлантирадиган пост эълон қилди. У ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Қўшма Штатлар Эронга берилган зарбалар учун тахминан 100 миллиард доллар сарфлаганини, Америка халқи учун билвосита харажатлар эса бундан ҳам кўпроқ эканини ёзди.
“Пентагон ёлғон гапиряпти. Нетаньяхунинг саргузашти Америкага аллақачон 100 миллиард долларга тушди, бу эълон қилинган суммадан тўрт баравар кўп демакдир. Америкалик солиқ тўловчилар учун билвосита харажатлар анча юқори. Ҳар бир америкалик оила учун ойлик ҳисоб-китоб 500 долларни ташкил этмоқда ва бу кўрсаткич тез суръатлар билан ўсяпти”, дейди Ароқчи.
Вазир Трамп биринчи ўринга Исроилни қўйиб, “Америка охирги навбатда” дегандек ҳаракат қилаётганини ҳам қистириб ўтган.
АҚШ 28 февралдан бошлаб Эронга қарши ҳужумларни амалга ошира бошлаганди ва ҳозирда томонлар вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш ҳолатида турибди, буни биласиз. Пентагон Яқин Шарққа қўшимча ўн минглаб ҳарбийларни жўнатган. АҚШ берган расмий маълумотга кўра, можарода 13 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган, юзлаб аскарлар жароҳат олган. АҚШ сайловчилари учун ҳозирда нарх-наво масаласи энг муҳим омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Уруш бошланганидан бери нефть ва газ етказиб беришдаги узилишлар бензин ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларининг ошишига олиб келган. Қўшма Штатлар учун бензин нархи сўнгги тўрт йилдаги энг юқори даражага чиққан. Шу сабаб оралиқ сайловдан олдинги сўров натижаларига кўра, Трампнинг рейтинги ҳам пасайган бўлиб, америкаликларнинг атиги 34 фоизи Эронга қарши урушни қўллаб-қувватламоқда. Бу кўрсаткич апрель ўрталарида 36 фоиз, март ўрталарида эса 38 фоиз бўлган.
Эрон Олий раҳбари 3 ой деганда мурожаат йўллади
Ҳафтанинг муҳим воқеаларидан бири сифатида Эрон Олий раҳбари Мужтабо Ҳоманаий 28 февралдан бери илк бор халқига мурожаат йўллаганини ҳам кўрсатиш мумкин. Аммо бу сафар ҳам унинг на ўзи кўриниш берган, на овози эшиттирилган. 30 апрелда эълон қилинган ушбу мурожаат Форс кўрфази миллий куни муносабати билан тайёрланган бўлиб, Эрон телевидениеси диктори томонидан ўқиб эшиттирилган ва расмий сайтида эълон қилинган.
Баёнотда Ислом Республикаси ўзининг ядро ва ракета салоҳиятини “миллий бойлик” сифатида ҳимоя қилиш ниятида экани таъкидланган. Эрон етакчисининг сўзларига кўра, бу имкониятлар мамлакат ичида ва ташқарисида яшаётган “90 миллион ғурурли ва олижаноб эронликлар” томонидан қўллаб-қувватланади. Шунингдек, у Форс кўрфази атрофидаги вазиятга тўхталиб, унинг келажаги «Америкасиз» бўлишини айтган.
“Мингларча километр узоқдан манфаат ва адоват билан келаётган бегоналарга бу ерда бошқа жой йўқ. Улар учун ягона жой Форс кўрфазининг тубидир”, деган Ҳоманаий.
Мурожаатда Мужтабо Ҳоманаий Ҳормуз бўғозидаги вазиятга ҳам тўхталиб, Эрон бу ҳудудда “рақиблар томонидан суиистеъмолларнинг олдини олишини” билдирган.
“Бўғозни бошқаришнинг янги тизими минтақа давлатлари учун фаровонлик ва тараққиёт олиб келади, иқтисодий фойда эса одамлар қалбини қувонтиради”, дейилади баёнотда.
Қирол Чарльзнинг “тарсакиси”
Бу ҳафтада содир бўлган яна бир муҳим воқеа — Буюк Британия қироли Чарльз III нинг АҚШ Конгресси иккала палатасининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқи бўлди. Бу ташриф геосиёсий ўзгаришлар даврида икки давлат ўртасидаги “махсус муносабатлар”ни қайта тиклаш ва мустаҳкамлашга қаратилган тарихий воқеа сифатида баҳоланмоқда.
Қирол Чарльз III нинг 2026 йил 27–30 апрель кунлари АҚШга амалга оширган давлат ташрифи ва 28 апрелдаги Конгрессдаги нутқи тарихда қоладиган бўлди. Масалан, иккинчи бор содир бўлган тарихий воқеа сифатида: Чарльз III Британия монархлари ичида АҚШ Конгрессида нутқ сўзлаган иккинчи қиролдир. Бундан аввал фақат унинг онаси — қиролича Елизавета II 1991 йилдагина Конгресс минбарига чиққан эди.
Ташриф АҚШ Мустақиллик декларацияси қабул қилинганлигининг 250 йиллиги арафасига тўғри келди. Бу Британиядек собиқ метрополия ҳукмдори учун тарихий аразларни унутиб, умумий қадриятларга урғу бериш учун ажойиб дипломатик имконият эди.
Чарльз III тахминан 30 дақиқа давом этган нутқида дипломатик назокат, нозик юмор ва жиддий сиёсий чақириқларни бирлаштира олди. У ўз нутқида дунёда ҳозирги вазият жуда ноаниқ эканини, Европадан тортиб Яқин Шарққача бўлган ҳарбий можаролар халқаро ҳамжамият учун жиддий муаммолар туғдираётганини таъкидлаган. Шунингдек, Буюк Британия қироли Оқ уйда ўтказилган давлат зиёфати давомида АҚШ Президенти Дональд Трампнинг аввалги баёнотига жавoб қайтарган.
Трамп январь ойида “агар АҚШ Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қилмаганида, ҳамма немисча ёки қисман японча гапирган бўларди” деган эди. Қирол Чарльз эса қуйидагича фикр билдирди:
“Мен эса шуни айтишга журъат этаман: агар биз бўлмаганимизда, сизлар французча гапирган бўлардингиз”, деган Трампнинг сўзларига жавобан Чарльз III.
Қиролнинг бу ҳазили АҚШ мустақилликка эришгунига қадар бўлган даврга — 18-асрдаги Британия ва Франция ўртасидаги мустамлакачилик урушларига тақалади. АҚШ мустақил давлат сифатида пайдо бўлишидан олдин Шимолий Америка қитъасининг катта қисми — французлар назоратида эди ва бизга таниш бўлган ном билан аталарди “Янги Франция”. Британия империяси французларга қарши Етти йиллик урушда ғалаба қозониб, қитъада инглиз тили ва маданиятининг устуворлигини таъминлаган.
Ушбу ҳазил орқали Британия монархи АҚШ ва Буюк Британия ўртасидаги “Махсус муносабатлар” фақат Американинг етакчилигига асосланмаслигини кўрсатди. Британия АҚШнинг кичик ҳамкори эмас, балки унга пойдевор қўйган тенг ҳуқуқли тарихий шерик демоқчи бўлди у. Қирол Чарльз III шундай вазмин ва ўткир ҳазил билан Трампнинг “Америка биринчи” сиёсий қарашларига нисбатан Британиянинг миллий ғурури ва тарихий мавқеини намойиш этди.
Путиннинг қўрқуви: Россияда Ғалаба паради қисқартирилиши мумкин
Бу ҳафтанинг энг кутилмаган янгилиги сифатида Россия билан боғлиқ хабарни кўрсатиш мумкин. Ушбу мамлакатда ҳар йили катта даражада ўтказиладиган ва қурол-яроғларни, умуман ҳарбий имкониятларни кўз-кўз қилишга майдон сифатида хизмат қиладиган анъанавий Ғалаба паради бу йил сезиларли даражада қисқартирилиши мумкин.
Журналист Александра Прокопенко маълум қилишича, бу йилги парад ҳарбий техникаларсиз ўтиши мумкин: Қизил майдон бўйлаб фақат пиёда колонналар марш билан ўтади. Парад меҳмонлари сони анъанавий бир неча минг кишидан бир неча юз кишигача қисқаради, бутун маросим эса бир соатдан камроқ вақт олиши мумкин.
“Fighterbomber” канали муаллифи Илья Туманов апрель ойи бошида параднинг ҳаво қисми машғулотлари бекор қилинганини айтган. Унинг сўзларига кўра, машғулот 5 апрелда бўлиши керак эди, бироқ ҳарбийлар “махсус кўрсатма бўлгунга қадар” доимий дислокация пунктларига қайтиш ҳақида буйруқ олган. Шунингдек, бу йил Москвада одатда 9 майдан камида икки ҳафта олдин бошланадиган биринчи машғулот ҳали эълон қилинмаган. Одатда машғулотлар Москва вилоятидаги “Алабино” полигонида бошланади, апрелнинг 20-саналарига келиб Москва транспорт департаменти парад машғулотлари сабабли йўллар ёпиладиган саналарни эълон қиларди ва йўлларга махсус белгилар чизиларди. Бироқ бу йил 27 апрелга қадар бу ишларнинг бирортаси амалга оширилмаган. Март ойи охирида Кремль параднинг бош машғулоти 7 майда бўлиб ўтишини маълум қилган. 27 апрель куни Президент матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путиннинг ёнига парадга келадиган хорижий етакчилар номини айта олмаган. Хўш, сиз нима деб ўйлайсиз? Бу йилги парад нега қисқарди ва унда қайси давлатлардан меҳмонлар қатнашади?
Кузатувчилар ва ҳарбий таҳлилчилар параднинг бу даражада қисқартирилишига бир нечта асосий омилларни кўрсатмоқда:
Ҳаво ҳужумидан ҳимояланиш зарурати: Энг асосий ва реал сабаб — ҳаво ҳужумидан ҳимояланиш заруратидир. Украинанинг узоқ масофага учувчи дронлари ва янги ракеталари сўнгги ойларда Россия ҳудуди ичкарисига, ҳатто Москва, Санкт-Петербург ва Волгабўйидаги объектларгача етиб бормоқда. Жонли эфирда, хорижий меҳмонлар ва давлат раҳбари кўз ўнгида содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай дрон ҳужуми ёки ҳаво ҳужуми ҳақидаги огоҳлантириш Кремль учун улкан сиёсий ва имижвий фалокат бўлар эди.
Техника ва ресурсларни тежаш: Давом этаётган уруш шароитида Россия армияси фронт чизиғида катта миқдорда зирҳли техника ва танклар йўқотмоқда. Ҳарбий раҳбарият учун жанговар ҳолатдаги техникаларни бир неча ҳафта давомида парад машғулотларига жалб қилиш ва Қизил майдондан ўтказиш — ресурсларни беҳуда сарфлаш ҳисобланади. Фронтда техника етишмаётган бир пайтда, Москвада янги танкларни кўз-кўз қилиш ички аудиторияда (айниқса урушаётган ҳарбийлар орасида) салбий саволларни келтириб чиқариши мумкин.
Бу вазият қандай оқибатларга олиб келади?
Параднинг қисқартирилиши ҳам ички, ҳам ташқи сиёсий майдонда сезиларли акс-садо беради: 9 май паради йиллар давомида Россия жамиятида ватанпарварликни кучайтириш, аҳолига “давлатнинг ҳарбий қудрати”ни кўрсатиш ва ғурур уйғотишнинг асосий қуроли бўлиб келган. Техникаларсиз ўтадиган парад тадбирнинг визуал таъсирини кескин камайтиради. Бу Россия жамиятига уруш нақадар яқин келиб қолгани ва вазият ҳукумат назорати остида эмаслиги ҳақидаги яширин сигнални беради.
Одатда Россия парад орқали ўз ҳарбий ва глобал қудратини намойиш қиларди. Эндиликда эса техникалардан воз кечилиши ташқи дунёга Москванинг мудофаа тизимида заиф нуқталар борлигини кўрсатиб қўядигандек. Дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ва таҳлил марказлари бу мавзуни диққат билан кузатиб, турлича баҳо бермоқда.
Масалан, Reuters параднинг қисқартирилишини Владимир Путин учун сиёсий чекиниш деб баҳоламоқда. Экспертларнинг фикрича, ҳатто ўтган йили ҳам Россия Қизил майдонда янги техника ва дронларини намойиш қилган эди. Бу йилги қарор эса Россиянинг ўз хавфсизлигидан жиддий хавотирда эканини англатади.
Қирғизистондаги сиёсий зилзила
Қирғизистоннинг яқин сиёсий тарихида мисли кўрилмаган воқеалар ривожи содир бўлмоқда. Президент Садир Жапаровнинг ҳокимият тепасига келиши ва уни мустаҳкамлашида бош меъмор бўлган, мамлакатнинг энг қудратли шахсларидан бири — Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раиси Қамчибек Ташиев, собиқ спикер Нурланбек Шакиев ва собиқ депутат Қурманкул Зулушевларга нисбатан давлат тўнтаришига уриниш айблови эълон қилинди. Ушбу вазият нафақат Қирғизистон ичкарисидаги кучлар мувозанатини, балки Марказий Осиёдаги сиёсий динамикани ҳам ўзгартириб юборадиган даражада жиддийдир.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакатда жорий йилнинг февралидаги сиёсий воқеалар ва “муваффақиятсиз давлат тўнтаришига уриниш” ортида ким тургани бўйича саволларга жавоб берди. Унинг маълум қилишича, тизим ичида бўлаётган ҳодисалар ҳақида турли манбалардан турли маълумотлар олиб туради.
“Мамлакатда “75 кишининг мурожаати” деб аталган ҳаракатлар бошланганда, бу ҳақда маълумот менда аллақачон бор эди. Мен бу мурожаатнинг Жогорку Кенешга келиб тушишини, унинг Спикергача ва тегишли қўмиталар раисларигача бўлган ҳаракатини кузатиб борганман”, дейди Жапаров.
Унинг айтишича, шу даврда ҳужжатнинг қандай юраётгани, жараёнга алоқадор шахсларнинг ҳаракатлари, ким ким билан учрашаётгани ҳақида маълумот олиб турган.
“Мазкур масала парламентнинг ялпи мажлисига олиб чиқилиши арафасида мен тез ва қатъий чоралар кўрдим. Вазият бошидан назорат остида бўлган”, дейди у.
Маълум бўлишича, бу ишда Давлат хавфсизлик миллий қўмитаси ходимлари ҳам иштирок этган. Жапаров мазкур махсус хизмат ҳаракатларидан хабардор бўлган.
“Президент ва бош қўмондон сифатида мен куч тузилмалари раҳбарларининг ҳаракатларидан хабардорман. Яъни, ким нима қиляпти ва қаердалигини умумий тарзда биламан. Албатта, ҳамма нарса 100 фоиз менинг назоратимда дея олмайман, мен билмаган ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин”, дейди Қирғизистон раҳбари.
Шунингдек, у бир нечта депутат айнан шу воқеалар сабаб мандатларини топширгани ҳақидаги саволга ҳам изоҳ берган.
“Депутатларнинг мандат топширишига келсак, Жогорку Кенешда сиёсий фитна қилишга уринган маълум бир гуруҳ шаклланган эди. Уларнинг режалари амалга ошмагач, жараёнга алоқадор айрим депутатлар ўз айбларини англаган бўлиши мумкин ва шу сабабли мандатларини топширган. Якуний хулосалар тергов тугагандан кейин чиқарилади. Умуман олганда, депутатларни сиёсий ўйинлардан узоқ туришга, халқ манфаатига хизмат қиладиган қонун ижодкорлиги ва қонунлар ижросини назорат қилишга чақираман”, дейди Жапаров.
Жапаров дўсти Қамчибек Ташиевнинг бу ишга алоқадорлиги бор ёки йўқлиги ҳақида ҳам айтиб ўтиб, ҳозир тергов давом этаётганини таъкидлаган.
“Унинг алоқадорлиги бор ёки йўқлигини тергов ва суд белгилайди. Ҳозир тергов якунланмаган. Тергов тугагач, иш судга оширилади. Ким айбдор ёки айбсиз эканини фақат суд ҳал қилади”, дейди у.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раиси Қамчибек Ташиевнинг укаси, ҳозирда ҳибсда сақланаётган Шоирбек Ташиев ҳақида сўз очиб, Ташиев билан дўстлиги унинг жавобгарликдан қутулишига таъсир қилмаслигини айтди.
Жапаров ҳокимиятга келганидан бери доимо “дўст”, “қариндош”, “яқин инсон” деган тушунчалар йўқлигини таъкидлаб келганини айтган.
“Йўқ, бундай бўлмайди. Мен учун фақат давлат ва халқ манфаатлари устувор. Агар қонун бузилса, ҳеч ким жавобгарликдан қочиб қутулмайди”, дейди у.
Тергов давомида Шоирбек Ташиевнинг “Қирғизнефтгаз” корхонасидаги коррупцияга алоқадорлиги аниқланган. Оқибатда давлатга 4 миллиард 115 миллион қирғиз соми (тахминан 595 миллиард сўм) миқдорида зарар етказилган.
“Фақат бу сумма тўлиқ бюджетга қайтарилгандан кейингина унинг озод қилиниши ҳақида гап бўлиши мумкин”, дейди Президент.
Маълумотларга кўра, қўлга олинганларнинг барчаси унга қарши кўрсатма берган ва у ўз айбини тан олган.
“Қонун ҳамма учун бир хил бўлиши керак. Аввал МХДҚ ва ИИВ томонидан қўлга олинганлар зарарларни қоплаган, баъзан ҳатто ортиғи билан ҳам. Шундан кейин улар озод қилинган. Шоирбек Ташиев ҳам худди шундай йўл тутиши керак: аввал ҳаммасини қайтариш, кейин озод бўлиш”, дейди у.
29 апрель куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақидаги хабарлар фонида фуқароларни қонунга риоя қилишга чақириб, норозилик намойишларидан тийилишни сўради.
Ташиевнинг Facebook’да эълон қилган сўзларига кўра, у жамиятда кўплаб мурожаатлар ва хавотирлар пайдо бўлгани сабаб фуқароларга мурожаат қилишга мажбур бўлган.
“Ушбу жиноят иши бўйича ўзимни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун барча имкониятларга эгаман. Мен айбсизман ва Худо хоҳласа, оқланаман”, дейди у.
Ташиев, шунингдек, агар кимдир айбдор бўлса, албатта жавобгарликка тортилишини, агар инсон айбсиз бўлса, оқланишини таъкидлаган.
“Чунки мамлакатимизда давлат раҳбари томонидан адолатли суд тизимини шакллантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Масалан, “Кампиробод” иши бўйича 25 киши оқланган”, дейди у.
Собиқ МХДҚ раҳбари фуқароларни фақат қонун доирасида ҳаракат қилишга чақирган.
“Шу сабабли барчангиздан фақат қонун доирасида иш тутишингизни сўрайман. Мен учун хавотир олманг. Ҳар бирингизга катта раҳмат ва миннатдорчилик билдираман. Хавотирга ўрин йўқ. Ҳаммаси яхши бўлади”, дейди у.
Исроил Президентининг Қозоғистонга ташрифи ва Қирғизистонга айбловлари
Исроил Президенти Исаак Герцог Қозоғистонга келди. Жорий йил 28 апрель куни амалга оширилган расмий ташриф ва ундан кейин Қирғизистон манзилига айтилган кескин баёнотлар Марказий Осиё геосиёсий майдонида янги баҳсларга сабаб бўлди.
Герцог Остонадаги расмий учрашувлардан сўнг, Марказий Осиё раввинлари (яҳудий диний етакчилари) билан ўтказилган мулоқoт давомида Эрон ва Қирғизистон муносабатларига тўхталиб ўтди.
Гап шундаки, Герцогнинг ташрифи арафасида Эрон Мудофаа вазири ўринбосари Ризо Талаий Ник расмий ташриф билан Қирғизистон пойтахти Бишкекка келган эди. Исроил президенти бунга муносабат билдирди.
“Бу ерда ҳеч нарса тасодиф эмас. Эрон халқаро санкцияларни айланиб ўтиш ёки биз тўсиб қўйишга уринаётган махсус материалларни қўлга киритиш учун Қирғизистондан контрабанда йўли сифатида фойдаланишга уринаётган бўлиши мумкин. Биз буни диққат билан кузатиб боришимиз керак ва мен ушбу масалани Қуддусда (Исроил ҳукуматида) кўтараман”, деди у.
Исроил президентининг санкцияларни четлаб ўтиш ҳақидаги бу баёноти Қирғизистон сиёсий доираларида кескин норозилик билан кутиб олинди. Қирғизистон собиқ Ташқи ишлар вазири Аликбек Жекшенкулов ва бошқа расмийлар Герцогнинг сўзларини “асоссиз айбловлар” ва Бишкекнинг суверен ташқи сиёсатига аралашиш деб атади.
Қирғизистон томонининг таъкидлашича, 2026 йилда мамлакат Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) раислик қилмоқда ва хорижий делегацияларнинг, жумладан Эрон вакилларининг Бишкекка ташрифи ташкилот саммитига тайёргарлик доирасида амалга оширилган бўлиб, ҳеч қандай санкцияларни четлаб ўтишга алоқаси йўқ.
Герцогнинг Қозоғистонга сафари шунчаки Қирғизистонни айблаш учун эмас, балки анча кенгpоқ стратегик мақсадлар йўлида амалга оширилди.
Ташрифнинг энг катта ютуғи ва мақсади — Қозоғистоннинг “Иброҳим келишувлари”га (Abraham Accords) қўшилиш режаси бўлди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев яқин орада Остона мезбонлигида ушбу битимга расмий қўшилиш маросими ўтказилишини маълум қилди. Бу Исроил учун мусулмон давлатлари билан алоқаларни нормаллаштириш йўлидаги улкан ғалабадир.
Исроил Қозоғистонга нафақат қишлоқ хўжалиги ва IT технологиялари, балки ҳарбий тизимлар ва дронлар етказиб бериш бўйича лицензияларни кенгайтиришни режалаштирмоқда. Қозоғистон эса Исроил учун ишончли нефть ва энергетика манбаи ҳисобланади.
Энди нима бўлади? Қозоғистон бир вақтнинг ўзида ҳам Исроил, ҳам Эрон билан иқтисодий ва логистик алоқаларни сақлаб қолишга уринмоқда (масалан, 2025 йил охирида Тоқаев Эрон Президенти Масъуд Пезешкиян билан ҳам йирик битимлар имзолаган). Бироқ Исроилнинг минтақадаги фаоллиги кучайиши Остона ва Бишкекнинг Теҳрон ҳамда Москва билан муносабатларида қисман босим ўтказиши мумкин.
Герцогнинг огоҳлантиришидан сўнг, АҚШ ва Европа Иттифоқи Қирғизистон банклари ҳамда юк ташиш компаниялари орқали Эронга маҳсулотлар ўтиб кетмаслигини жиддийроқ назорат қила бошлайди. Бу эса Бишкекка нисбатан иккиламчи санкциялар хавфини оширади.
Live
Барчаси