Қурилиш вазирлиги танқидларга сабаб бўлган рейтинг юзасидан муносабат билдирди
Жамият
−
27 Февраль 2023
7648Аввалроқ Қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази томонидан соҳавий қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтинги ўлчовлари эълон қилинганди. Рейтингда республикадаги фақатгина битта компания юқори даражага эга бўлгани келтирилган. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ижтимоий тармоқларда танқидларга сабаб бўлган ушбу рейтинг юзасидан муносабат билдирди.
“Қурилиш ташкилотларининг рейтинги – бу соҳадаги юридик мақомга эга солиқ тўловчи ташкилотларнинг соҳавий малака тажрибасидан келиб чиқишини таъкидламоқчимиз. Бунда иқтисодий-молиявий кўрсаткичлар, техник имкониятлар, ишнинг сифати, меҳнат хавфсизлиги, бошқарув ва сифат стандартлари ҳамда кадрлар сиёсати каби омилларга бирламчи эътибор қаратилади”, дейилади муносабатда.
Вазирликнинг қайд этишича, бунда инсон омилининг аралашувига йўл қўйилмайди. Бу жараёнлар идоралараро интеграция қилинган ҳамда ташкилотлар ўртасида интерполяция мезонларига асосланган онлайн баҳолаб бориш платформаси ҳисобланади.
Шунингдек, тармоқларда гувоҳнома олиш жараёнидаги баҳолаш мезони ҳам танқид қилиниб турли муҳокамаларга сабаб бўлди.
“Гувоҳнома олиш масаласида баҳолаш мезони имтиҳон топширувчининг билимини баҳолайди, холос! Рейтингдаги баҳолаш мезонининг баъзи бандларига кўра, қурилиш ташкилоти 100 фоиз балл тўплагани билан бошқа бандларга кўра рақибларидан заиф бўлиши мумкин (масалан, қурилиш ташкилотининг, солиқ, меҳнат, молия ва бошқа бир қатор йўналишларда муаммолари бўлгани учун баллари автоматик тарзда тушиб кетиши мумкин. Бу фақатгина вазирликнинг бирламчи баҳолашига боғлиқ масала эмас). Оқибатда қурилиш ташкилотининг умумлашган балли кескин паст кўрсаткични қайд қилади”, дейилади вазирлик муносабатида.
Вазирликка кўра, буни қурилиш ташкилотининг техник салоҳияти билан қориштириб юбориш хато бўлади.
“Яна такрорлаб айтамиз, қурилиш ташкилотларининг рейтинг баҳолаш тизими интерполяция асосида ташкил қилинган. Балл тўплаш жараёни бир неча ташкилотларнинг талаби билан боғлиқ. Бунда ҳеч қайси ташкилот 100 фоиз натижага эга бўла олмайди. Сабаби ҳар қандай ташкилотда ижобий ва салбий хулосалар мавжуд”, дейилади раддияда.
LiveБарчаси