Қурилиш вазирлиги Сергелидаги уйлар деворида пайдо бўлган тешик юзасидан изоҳ берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Сергели туманида қурилган кўп қаватли уйлардан бирининг лифти ёнида тешик пайдо бўлгани ҳақида хабар тарқалди.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳолат бўйича Сергели тумани, 3А - қурилиш майдонида ўрганишлар олиб борилган. Натижада, иморатлардан бирининг лифт шахтаси девори тешилганлиги ва пенопласт билан сифатсиз қопланганлиги юзасидан, Ҳудудий назорат инспекцияси томонидан буюртмачи “Ўзшаҳар Қурилиш Инвест” МЧЖ ИК ва қурувчи ташкилот “Янги Замон Бино” МЧЖ маъсуллари чақиртирилиб, ҳудуддаги бинолар ўрганиб чиқилган.

“Ижтимоий тармоқда тарқалган хабарнинг аниқ манзили йўқлиги боис лифт шахтасидаги девор ёриғи мавжуд бўлган бино аниқланмади. Аммо, шунга ўхшаш ҳолат 22 уйда кузатилди.

Лифт шахтаси икки қисмдан иборат бетонли блоклардан ташкил топган бўлиб, уларнинг бир-бирига уланиш оралиғига, сейсмика талабларига асосан, лойиҳа ҳужжатларида эластик маҳсулот билан жипсланиши кўрсатилган. Эластик маҳсулот сифатида пенопласт ўрнатилган. Шунингдек, бетон блокларини монтаж қилиш учун мўлжалланган илгаклар оралиғида ҳам тирқишлар мавжуд бўлиб, ушбу тешиклар ҳам пенопласт маҳсулоти билан беркитилган. Ташқи таъсир оқибатида ушбу тирқишга ўрнатилган пенопласт қопламаси кўчириб олинган”, дейилади вазирлик хабарида.

Лифт шахтасининг асосий юк кўтарувчи темир-бетон конструкцияларига зарар етмаган ва ҳозирда ушбу тирқиш қурувчи ташкилот томонидан бартараф этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сергели

Баҳолаганлар

490

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг