Қуриб бораётган Дунай тубидан 1700 йиллик кўприк топилди

World

image

Болгариядаги Дунай дарёсининг сув сатҳи кескин пасайиши сабаб қарийб 1,7 минг йил аввал қурилган қадимий кўприк пойдеворлари юзага чиқди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, кўприк Рим императори Константин I топшириғи билан қурилган ва милодий 328 йилда ишга туширилган. У Болгария ҳудудидаги қадимий Улпия Эскус шаҳрини ҳозирги Руминия ҳудудида жойлашган Сукидава билан боғлаган.

Кўприкнинг узунлиги 2 километрдан ошган бўлиб, у ўз давридаги энг узун кўприклардан бири ҳисобланган. Маълумотларга кўра, иншоот милодий 367 йиллар атрофида вайрон бўлган.

Плевен минтақавий тарих музейи мутахассислари Болгариянинг Гиген қишлоғи яқинида кўприкнинг сув юзасига чиққан қисмларини дронлар ёрдамида суратга олган ва харитага туширган. Шунингдек, қолдиқларнинг ҳолати ҳам баҳоланган.

Археолог Павел Поповнинг таъкидлашича, Дунай тубида яширинган иншоотнинг табиат томонидан қисқа муддатга очилиши мутахассислар учун катта аҳамиятга эга.

Маълум қилинишича, Европада жорий йилнинг ёзида кузатилган рекорд даражадаги иссиқ тўлқинлар қитъанинг айрим ҳудудларида кучли қурғоқчиликни келтириб чиқарган. Бу эса Дунай ва Рейн каби йирик дарёларда сув сатҳининг пасайишига таъсир кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрияда рекорд даражада пасайган Дунай дарёсининг сув сатҳи туфайли қуввати кескин қисқарган “Пакш” атом электр станцияси тўлиқ тўхтаб қолиш арафасида бўлган, аммо сув сатҳининг бироз кўтарилиши станция фаолиятини сақлаб қолишга имкон бергани ҳақида хабар берилган эди.


Tags

Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends