Қўқондаги боғчада ногирон бола калтаклангани айтилмоқда
Жамият
−
27 Июнь 2022
9347Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги 39-сон ихтисослашган логопед боғчада ногирон бола боғча опа томонидан мунтазам калтакланиб келинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Фарғона вилоят мактабгача таълим бошқармаси Матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдириб, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган мазкур хабар ёлғон маълумот эканлигини, ҳолат давлат мактабгача таълим ташкилотида эмас, дефектолог мутахассиснинг яшаш уйида содир бўлганлигини маълум қилди.
Қайд этилишича, юқорида айтилган хабар юзасидан Фарғона вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғининг кўрсатмасига биноан махсус ишчи гуруҳ тузилиб ўрганиш ишлари олиб борилган.
Аниқланишича, хабарда айтилган 39-сонли махсус мактабгача таълим ташкилоти шаҳарнинг Ўрда 1-тор кўчасида эмас, аксинча Муқимий шаҳарчасида жойлашган.
Хабарда фотолари тарқатилаётган бола 2019 йилда туғилган А.А.(қиз бола), ўз уйи — Қўқон шаҳар Ўрда 1-тор кўчасидаги 6-“А” уйда дефектологиялик касби билан шуғулланиб келаётган дефектолог А.А.нинг олдига тилидаги нуқсони сабаб махсус курсга қатнаётган бўлган. Ҳолат айнан ушбу дефектологнинг яшаш хонадонида содир бўлган.
Айни вақтда боланинг ота-онаси мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда ҳудуддаги ИИБга мурожаат қилган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан иш қўзғатилиб тергов олди харакатлари олиб борилмоқда.
Ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ҳам ўрганиш ўтказган.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 17 июнь куни вилоят ИИБ “102” қисқа рақамига Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи Э.М (аёл) мурожаат қилиб, шаҳарнинг Ўрда кўчасида жойлашган болалар боғчасида тарбиячи унинг фарзандини уриб, тан жароҳати етказгани ҳақида хабар берган.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилан терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида юқоридаги ҳолат мактабгача таълим ташкилотида эмас, дефектолог мутахассиснинг яшаш уйида содир бўлгани аниқланган. Кўрсатилган манзилдаги хонадонда А.Ғ. (аёл) касби дефектолог бўлган опаси Д.А га ёрдамчи сифатида қарашиб туришишини, жорий йилнинг 17 июнь куни болалардан бири, вояга етмаган А.А. (суратдаги бола) кўп йиғлаб юборогани сабабли асабийлашиб, уни юзига қўли билан уриб юборганини билдирган.
Ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг хулосасида вояга етмаган А.А.га енгил тан жароҳати етказилгани кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро А.Ғ.га нисбатан Қўқон шаҳар ИИБ томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисми билан маъмурий тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 25 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судига юборилган.
LiveБарчаси