Қуддуснинг фатҳ этилиши. Салоҳиддин ал-Айюбий салибчиларни қандай “ер тишлатган”?

Бу қизиқ 11918
image

XII асрнинг ўрталари Европа халқи истибдод ва қашшоқлик асоратида кун кечирмоқда эди. Баронлар ҳам фақирлар ҳам нажот истаб муқаддас ер (Қуддус)га боришни умид қилишарди. Императорлар ва қироллар устидан мутлақ ҳоким бўлган Рим Папаси Урбан II христиан оламини мусулмонларга қарши салиб юришига чақирди. Шундан сўнг Европа давлатлари рицарларидан тузилган қўшин Шарққа йўл олди. Орадан уч йил ўтиб салибчилар Қуддусни эгаллаб, шаҳардаги барча мусулмонларни қиличдан ўтказди. Муқаддас шаҳарнинг кўчалари ҳеч қандай сабабсиз тўкилган қон билан ювилди. Тарихчилар бу қирғинни “Ўрта аср геноциди”, деб аташди.

Салибчилар қўшини Қуддус шаҳрини эгаллаганига деярли юз йил ўтиб, Шарқда уларни тўхтатишга қодир янги куч пайдо бўлди. Мусулмонлар Салоҳиддин ал-Айюбий байроғи остида бирлашиб, насронийларга қарши кураш бошлади. Бугунги мақоламизда Салоҳиддин Айюбийнинг Қуддусни насронийлардан қайтариб олиши ҳақида сўз юритамиз.

Салоҳиддин ал-Айюбий

Салоҳиддин ал-Айюбий ҳижрий 532 йил, милодий 1137 йилда Месопотамиянинг Тикрит шаҳрида туғилган. Европада у “Саладин” номи билан машҳур. Унинг ҳақиқий исми ал-Малик ан-Носир Салоҳ Абуль-Музаффар Юсуф ибн Айюб бўлган. Салоҳиддин унга берилган лақаб бўлиб, “диннинг саодоатли иқболи” деган маънони англатади. Салоҳиддин ал-Айюбий асли курд бўлган. Лекин, бир гуруҳ тарихчилар уни араб бўлганлигини таъкидлашади.

Салоҳиддин ёшлигидан диний ва дунёвий илмларга жуда қизиққан. У ҳофиз бўлган, яъни Қуръони Каримни ёд олган. Салоҳиддин ёшлигида фалсафага ўзгача қизиқган. Бундан ташқари у риёзиёт (математика) илмига ошно бўлган.  Салоҳиддиннинг болалиги ҳақида маълумот кам.

XII асрга келиб, Аббосийлар халифалиги уч қисимга бўлиниб кетди. Мисрда шиа оқимидаги Фотимийлар сулоласи ҳукмронлик қилиб, улар Бағдоддаги халифа ҳокимиятини тан олмас эди. Кичик Осиё салибчиларнинг, Месопотамия ва Сурия эса салжуқий султон Нуриддин Зангийнинг қўл остида бўлган.

Салоҳиддин ал-Айюбий ҳарбий фаолиятини амакиси Асад ад-Дин Ширкух қўл остида кичик зобит унвони билан бошлаган. У 1171 йилда амакиси билан Мисрга юриш қилади. Ширкух Мисрдаги Фотимийлар сулоласининг ҳукмронлигига барҳам берди. 1174 йилда Асад ад-Дин Ширкух вафот этгач, Салоҳиддин Миср мустақиллигини эълон қилиб, Айюбийлар давлатини қурди.

“Мен учун барчаси амаким билан бўлган юришлардан бошланди. У Мисрни қўлга киритгач, вафот этди. Шундан сўнг, Аллоҳ менга ўзим кутмаган ҳокимиятни берди”, деб ёзади машҳур саркарда Салоҳиддин Айюбий ўз қайдномаларида.

Қуддусни қайтариб олишга ичилган қасам

Салоҳиддин Мисрда мустақил давлат тузгач, 1170 йилда салибчилар устига юриш қилади. Ремле яқинида Қуддус қироли Балдуин IV билан бўлиб ўтган жангда султон кутилмаганда мағлубиятга учрайди. Шундан сўнг, Айюбийлар султони Қоҳирага қайтишга мажбур бўлади. Салоҳиддин Қуддусни қайтариб олишга қасам ичган эди. Шу сабабли навбатдаги юришга ҳар томонлама тайёргарлик кўради. У 1182 йилда Мосул амирлигига ҳужум қилиб, уларни ўзига бўйсундиради. Кейинчалик, Салоҳиддин салибчилар билан иттифоқда бўлган Алеппо (хозирги Ҳалаб) қалъасини эгаллайди. Султон салибчиларнинг барча иттифоқчиларни бирма-бир йўқ қилгач, насронийлар устига юриш қилиш учун қулай фурсат кутди.

1185 йилнинг апрель ойида Қуддус қироли Балдуин IV мохов касаллигидан вафот этди. Қиролнинг олти ёшли ўғли Балдуин V тахтга ўтирди. Аммо, қиролнинг ёшлигидан фойдаланган Ги де Лузиньян ва Рено де Шатильон ҳокимиятни ўз қўлларига олишди. Лузиньян Қуддус қироли этиб сайланди. Шунда сўнг, янги қирол Салоҳиддинга қарши уруш очиш учун Ҳажга кетаётган карвонни талатиб, карвондаги барча мусулмонларни қиличдан ўтказади. Бундан хабар топган Салоҳиддин салибчиларга қарши юриш бошлади.

Хеттин жанги

Қирол Ги де Лузиньян ва Рено де Шатильон Салоҳиддин устига юриш қилиш учун қўшин тўплади. 1185 йилнинг ёзида салибчилар қўшини Қуддусдан йўлга чиқди. Салоҳиддин эса салибчиларни Фаластиннинг Хеттин қишлоғи яқинида кутиб турди. Хавонинг иссиқлиги, йўлнинг узоқлиги ва сувсизлик насронийлар қўшинига катта талафот келтирди. Султон салибчиларни сувсиз қолдириш мақсадида йўлдаги барча қудуқларни кўмдириб ташлади. Шу сабабли, кўплаб рицарлар сувсизликдан йўлда ўлиб кетди. Салибчилар ҳолдан тойиб Хеттин яқинига етиб келишди.

1187 йил 4 июль куни Хеттин яқинида Қуддус қироли Ги де Лузиньян ва Салоҳиддин ўртасида шиддатли жанг бошланди. Салибчилар бу жангга ўзлари билан ҳазрати Исо осилган деб ишонган “Муқаддас хоч”ни олиб келишди. Икки қўшин бир-бири билан жанг қилишни бошлади. Салоҳиддин Хеттин жангида Қуддус қироли Ги де Лузиньян ва Рено де Шатильон бошчилигидаги салибчиларни мағлуб этди. Бу ғалаба мусулмонларнинг яқин юз йилликдаги энг муҳим ғалабаси бўлди. Султон ҳожилар карвонига ҳужум қилган Рено де Шатильонни ўз қиличи билан чопиб ташлади. Салоҳиддин ал-Айюбий салибчилар эгаллаб турган қалъаларни забт этиш учун Қуддус қироли Ги де Лузиньянни тирик қолдиради.

Қуддуснинг мусулмонлар томонидан қайтариб олиниши 

1187 йилда Салоҳиддин ал-Айюбий Қуддус томон қўшин тортди. 20 сентябрь куни султон қўшини шаҳарга етиб келиб, қамални бошлади. Қалъада 60 минглик салибчилар қўшини бор эди. 27 сентябрь куни қалъа девори манжаниқлар орқали тешилди. Қуддус учун аёвсиз жанг бошланди. Икки томон ҳам жуда катта йўқотишларга учради. Салибчилар бир кун таслим бўлиш учун султонга элчи жўнатишди. Бироқ Салоҳиддин элчини қабул қилмай шундай деди:

“Юз йил олдин салибчилар Қуддусга қандай кирган бўлсалар мен ҳам шундай кираман”.

Салибчилар Қуддусни эгаллашганда барча мусулмонларни қиличдан ўтказишган эди. Шаҳар қамали бир муддат давом этди. Иложсиз қолган қалъа қўмондони султоннинг хузурига ўзи элчи бўлиб келди. Тарихий манбаларда ёзилишича, Салоҳиддин билан рицарь ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтган.

Салоҳиддин ал-Айюбий: — Қуддус менинг қўлимда. Агар хоҳласам, у қулайди.

Қуддус қўмондони: — Меҳрибонлик буюк ҳукмдорларга хос хусусиятдир.

Салоҳиддин ал-Айюбий: — Масиҳийлар Муқаддас ерни эгаллаб олишганда, ҳамма мусулмонларни йўқ қилишди. Менинг халқим ҳам шуни хоҳлайди.

Қуддус қўмондони: — Агар сиз қасос олсангиз, насронийлар бундан ҳам катта қўшин билан қайтадилар. Ва уруш ҳеч қачон тугамайди.

Салоҳиддин ал-Айюбий: — Сиз оқилона гапиряпсиз, рицарь. Агар барча рақибларим сизга ўхшаганида эди, биз ҳеч қачон бу урушда ғолиб чиқмаган бўлардик.

Султон Салоҳиддин Қуддусдаги барча насронийларни тўлов эвазига шаҳарни тарк этишлари учун рухсат беради. Қалъа қўмондони бу таклифга рози бўлди.

Салоҳиддин ал-Айюбий Қуддусга жума куни кириб келди. Ўша куни шаҳарда азон айтилиб жума намози ўқилди. Салоҳиддин Қуддусни егаллагач Аскалон, Акра, Тивериада ва Траблус графлигининг бир қисмини эгаллади. Мусулонлар кучга тўлганидан қўрқувга тушган Рим Папаси Килмент III янги салиб юришини ташкиллаштирди. Бу юришда Англия қироли Ричерд I Шерюрак, Франция қироли Филипп II ва Германия императори Фридрих I Барбаросса иштирок этди.
 

Сардор Али Нурматов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 482
Рейтинг: 2.9
t
×