Қудбиев солиқ юкининг оширилиши нарх-навога таъсир қилмаслигига кафил бўлмоқда
Жамият
−
18 Январь 2022
8671Ўзбекистонда солиқ юкининг оширилиши тўланган солиқларда мол-мулк солиғининг улуши камлигини ҳисобга олиб, нархларга таъсир қилмайди. Шунингдек, ҳалол ишлаб келаётган тадбиркорларга бу фойда бўлади. Бу ҳақда кеча, 17 январь куни бўлиб ўтган солиқ маъмуриятчилигидаги янгиликлар муҳокамасига бағишланган матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев айтиб ўтди.
Анжуманда иштирок этган журналистлардан бири солиқ ставкаси 1,5 фоизга камайиб, квадрат метрни 2,5 миллионга чиқариб қўйилгани сабаб, қандалот маҳсулоти сотадиган тадбиркор йилига 18,5 миллион сўм солиқ тўлашга мажбур бўлишини айтди. Агар тадбиркор шунча кўп солиқ тўласа, у маҳсулотининг нархини оширишга мажбур бўлади. Шерзод Қудбиев айтган 40 мингдан ошиқ тадбиркорда ҳам солиқ фоизи кўпаяди ва улар ҳам маҳсулот нархини оширишга мажбур бўлади. Нарх ошиши оқибатида кичик ва ўрта бизнес, бунинг ортидан оддий одамлар қийналиб қолмайдими, дея журналист ДСҚ раисига юзланди.
“Худди шу саволнинг тескариси бор. 21 минг нафар тўғри ишлаб келаётган тадбиркорнинг айби нимада? Улар ўз вақтида кўрсатиб келяпти мулкини. Мен сизнинг Тошкент шаҳридаги 500 квадрат метрлик мулкингиз 500 миллион сўм туришига ишонмайман. Бунинг қиймати юқорироқ туради. Ўша каттароқ қийматдан тўлаш керак. Чунки масалан ёнингизда шунақа ишлаб чиқарувчи цех бор, у ҳалол ва катта қийматни кўрсатиб келяпти. У ўзининг маҳсулотининг нархига катта қийматни қўйиб келяпти. Ва катта қийматни қўйиб келиши натижасида ўша маҳсулоти сизникидан қимматроқ бўлиб қоляпти. Сизникидан қимматроқ бўлганидан кейин, у ҳам ҳалол ишлаб, ҳам бозорда рақобатда сизга ютқазяпти. Бу адолатлими?”, деди Шерзод Қудбиев.
Давлат солиқ қўмитаси раиси биноларнинг қийматини қайта ҳисоблаб, вақтида кўрсатиб бориш кераклигини таъкидлади. Шунингдек, солиқ юкининг кўтарилиши ҳажм нуқтаи назаридан ва мол-мулк солиғини таннархдаги улуши нуқтаи назаридан жуда кичкина улушда экани ва таъсир қилмаслигини ҳам айтди.
“Лекин вақтида кўрсатилмадими, муаммоларга дуч келинади. Шунда ҳам 2,5 миллион сўм бозор қиймати эмас, Тошкент шаҳрида эркин бозор нархи бир квадрат метрга 6 миллион сўм. Биз бунгача етиб борганимиз йўқ. Фикримча, солиқ юкининг кўтарилиши ҳажм ва мол-мулк солиғини таннархдаги улуши нуқтаи назаридан жуда кичкина улушда ва таъсир қилмайди. Иккинчидан, ҳалол ишлаб келаётган тадбиркорларга бу фойда бўлади. Яъни аввалдан тўғри ишлаб келган тадбиркорларнинг рақобатбардошлиги ошади”, дейди ДСҚ раиси.
Маълумот учун, 2021 йилнинг 29 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланган эди.
Унга кўра, Ўзбекистонда кўчмас мулк обектларини юридик ва жисмоний шахс эгалигидан қатъи назар бозор қиймати асосида солиққа тортиш тизими жорий қилинди. Натижада 2022 йилдан бошлаб юридик шахслар мол-мулки солиқ ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизгача пасайтирилди.
Мулк солиғи бўйича 1 квадрат метр учун мутлақ миқдорда белгиланган минимал қиймат киритилди, бу Тошкент шаҳрида – 2 500 000 сўм, вилоятларда 1 500 000 сўм, туман ва шаҳар марказларида 1 миллион сўм этиб белгиланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь