Қримдаги қурилиши тугалланмаган АЭС бутунлай бузиб ташланади

Олам

image

Қрим ҳукумати ярим орол шарқидаги Шелкино шаҳарчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган атом электр стациясини бутунлай бузиб ташлашга қарор қилди, келажакда ундан ҳатто харобалар ҳам қолмайди. Совет Иттифоқи йилларида нафақат республикани, балки қўшни вилоятларни ҳам электр энергияси билан таъминлашга қодир бўлган “ядровий гигант” лойиҳадан Чернобил АЭСдаги фожиадан сўнг воз кечилганди. Шундан сўнг тугалланмаган бино ярим оролнинг асосий санъат объектларидан бирига айланди ва ўттиз йилдан ортиқ вақт мобайнида сайёҳлар ҳамда экстримал спортчилар учун ўзига хос зиёрат маскани бўлиб хизмат қилди. Айнан шу ерда биринчи “КаZантип” электрон мусиқа фестивали бўлиб ўтди, бир қанча фильмлар суратга олинган,  Фёдор Бондарчукнинг “Яшаган орол” кинокартинаси ва кўплаб мусиқий видеоклиплар шулар жумласидандир.

Қрим Вазирлар Маҳкамаси томонидан объектни демонтаж қилиш тўғрисидаги бўйруқ имзоланди.

“Иншоотни якунлаш ва ёки қайта профиллаштириш учун ҳеч қандай имконият йўқ”, деди республика ҳукумати “Коммерсантъ”га.

Эслатиб ўтамиз, Қрим АЭСнинг қурилиши 1980 йилларнинг бошларида бошланган. Совет ҳукумати лойиҳага 750 миллион рубль (жорий валюта курси бўйича тахминан 150 миллиард рубль) дан ортиқ қийматдаги энергия блокларини жойлаштиришни мўлжаллаган.

Чернобил АЭСдаги фожиадан сўнг минтақада ушбу иншоотни музлатиш бўйича кенг кўламли норозилик кампаниялари бошланиб кетди. Асосий далил сифатида станция қурилаётган майдон тектоник ёриқлар зонасида жойлашганлиги ҳақидаги тезис қўлланилди. Кейинчалик экологик норозилик намойишлари сиёсий кайфиятга ўзгарди. Қурилишни зудлик билан тўхтатиш талаби билан СССР юқори раҳбариятига ёзилган мурожаат (петиция)га 200 000 га яқин қримликлар имзо қўйди. Ваниҳоят, 1989 йилда биринчи энергия блоги 80 фоиз, иккинчиси 18 фоиз тайёр ҳолатида қурилиш ишларига ниҳоя берилди.

Ўз вақтида Украина ҳукумати станциянинг мол-мулкини фаол сотиш билан шуғулланган: ядровий реакторни ўрнатишга мўлжалланган Даниянинг Kroll K-10000 крани, реактор бўлими, ишлаб чиқариш ва насос станциялари, сув омбори совуткичи ва бошқа кўплаб ашёлар шулар жумласидан.

Ярим орол Россия ихтиёрига ўтгач, собиқ АЭС қурилиш моллари “донори” сифатида фойдаланилган: станция ҳудудидаги сунъий сув омбори четига ётқизилган гранит тошлари қайта ишланиб сотилган. “Коммерсантъ”га кўра, бу бизнес Қрим бюджетининг йиллик даромадига 20 миллиондан 40 миллион рублгача фойда келтирган. Шу сабаб Қрим Қурилиш ва архитектура вазирлиги АЭСни демонтаж қилиш республика бюджетидан ортиқча харажатлар талаб қилмайди, дея ишонтирмоқда.

Тугалланмаган электр станциясининг ҳудудида демонтаж ишлари яқин ойларда бошланиб, йил якунига қадар тугалланиши кўзда тутилган.

Дилноза Ахматова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг