Қозоғистоннинг икки туманида куйдирги касаллигига чалинганлар аниқланди
Олам
−
10 Июнь 2023
10438Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида яшовчи одамлар орасида куйдирги касаллигининг лаборатория томонидан тасдиқланган тўртта ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси маълумотларига таяниб, “Zakon.kz” нашри хабар берди.
Аниқланишича, учта касалланиш ҳолати Талас тумани Тамди қишлоғида, битта ҳолат эса Жуалинский тумани Колтоган қишлоғида кузатилган.
“Эпидемиологик анализда уч ҳолатда касалланганлар ҳайвонлари билан алоқада бўлганлиги аниқланди. Беморлар ветеринария кўригидан ўтмасдан чорва молларини сўйишда қатнашган. Шу сабабли касал қорамол гўшти инфекция омили бўлган. Касалликнинг қолган бир ҳолатида инфекция манбаси аниқланмаган”, дейилади қўмита баёнотида.
Маълумот учун, куйдирги (Сибир яраси) кўпинча касал ҳайвонлар орқали одамларга ўтади. Шунингдек, ҳайвонни сўйиш, гўштини нимталаш вақтида сув, тупроқ, чорвачилик маҳсулотлари орқали юқади. Одатда, касаллик шу соҳа ходимларида кўпроқ кузатилади. Инфекция соғлом одам организмига нафас йўллари, тери ва оғиз орқали тушиши мумкин.
LiveБарчаси