Қозоғистонни икки бошлик шу йўлга бошлади
Таҳлил
−
08 Январь 2022
66947Жорий йилнинг 2 январь куни Қозоғистоннинг Манғистау вилояти аҳолиси суюлтирилган газ нархининг ошиши ортидан бош кўтарди. Қисқа вақт ичида намойишлар бутун мамлакат бўйлаб ёйилди. Бу воқеалар бутун дунёда катта резонанс уйғотди. Намойишлар ортидан 2019 йилнинг мартида ўз ихтиёрига кўра тахтдан кетган, лекин Элбоши бўлиб қолган, қолаверса, Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимида ишлаб келаётган Нурсултон Назарбоев истеъфога чиқди. Шаҳар марказларидаги Назарбоевнинг ҳайкаллари намойишчилар томонидан ағдариб ташланди.
Нурсултон Назарбоев аслида 1986 йилнинг декабрь ойида Қозоғистон ССРда бўлган инқилоб натижасида иқтидорга келган эди. “Қайтар дунё”, деб бекорга айтишмайди. Инқилоб билан иқтидорга келган Назарбоев, инқилоб ортидан истеъфога чиқди. Бугунги мақоламизда, 1986 йилда Қозоғистон ССРда бўлган инқилоб ва унинг натижасида ҳокимиятга келган Назарбоев ҳақида сўз юритамиз.
Декабрь қўзғолони
XX асрнинг 80-йилларига келганда улкан қудратга эга бўлган СССР анчайин кучдан қолди. 1985 йилда Михаил Сергеевич Горбачёв Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг Бош котиби этиб тайинланди. Ҳокимиятга келган Горбачёв бутун Иттифоқ бўйлаб “қайта қуриш” деб номланган сиёсатини илгари сурди.
1986 йилда Совет Иттифоқи Коммунистик партияси (СИКП – КПСС) Марказий Қўмитаси Бош котиби Михаил Горбачёв Қозоғистон Коммунистик партиясининг биринчи котиби 74 ёшли Динмухамед Кунаевни миллий лидерлик лавозимидан четлаштирди ва унинг ўрнига Ульяновск вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби Геннадий Васильевич Колбинни тайинлади. Бундан маҳаллий қозоқлар норози бўлди. Чунки янги тайинланган биринчи котиб рус миллатига мансуб бўлиб, Қозоғистонда умуман ишламаган эди. Колбин Қозоғистон ССРнинг биринчи котиби бўлгач, ўз атрофига миллатдошларини йиға бошлади. Қозоқ бўлмаган сиёсатчининг энг юқори лавозимга тайинланиши узоқ вақтдан бери тўпланиб келаётган кескинликни авж олиши учун етарли бўлди.
Ўша вақтда Нурсултон Назарбоев Қозоғистон ССР Вазирлар Кенгаши раиси бўлиб, биринчи котиб Динмухамед Кунаевнинг вориси ҳисобланган.
1986 йил 16 декабрь куни Қозоғистон СССР пойтахти Олмаота шаҳрида кўплаб ёшлар иштирокида тинч намойиш бошланди. Улар ўзларига қозоқ раҳбар тайинланишини талаб қилди. Москва митингни тезда тарқатишга буйруқ берди. Шаҳарда телефон алоқаси дарҳол узилди ва намойиш полиция томонидан бостирилди. Бироқ эртаси куни Олмаота шаҳридаги “Брежнев” майдонига оломон йиғилди.
Намойишчилар кўтариб олган баннерларда “Бизга қозоқ раҳбар керак”, “Ҳар бир халқнинг ўз раҳбари бор” ва “Биз ўз тақдиримизни ўзимиз белгилашни талаб қиламиз!”, деган шиорлар бор эди. Бу митинг икки кун давом этди. Маълумотларга кўра, намойишда 7-8 минг одам қатнашган.
17 декабрь куни Назарбоев республиканинг бошқа расмий вакиллари билан бирга ғазабланган оломон олдида сўзга чиқиб, ёшларни ўз таълим ва иш жойларига қайтишга чақирди. Шундан келиб чиқиб аксар сиёсатчилар “1986 йилги тартибсизликларни Назарбоевнинг ўзи уюштирган”, деган фикрни илгари суришади.
Қурбонлар
СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) маълумотларига кўра, намойишларни бостириш вақтида уч киши ҳалок бўлган. 1137 киши жароҳат олган. Улардан 365 нафари тартибсизлик иштирокчилари, қолганлари эса хавфсизлик кучлари ходимлари бўлган. 2200 га яқин намойишчи қўлга олинган. Уларнинг 90 фоиздан ортиғи этник қозоқлар бўлган. Маълумотларга кўра, ўша вақтда Олмаота шаҳар аҳолисининг 20 фоизини қозоқлар, 70 фоизини эса руслар ташкил этган.
Қарағандадаги воқеалар
1986 йил 19 декабрь куни Қозоғистон ССРнинг Қарағанда вилоятида талаба ёшларнинг намойиши бошланди. 19 декабрь куни кечки соат саккизлар чамаси Гагарин майдонига тахминан 80-120 нафар бир қанча олий ўқув юрт талабалари йиғилди. Дақиқа сайин уларнинг сафи кенгайиб борди. Намойишчилар вилоят маркази томон юра бошлади. Бироқ милиция уларни куч ишлатиш йўли билан тарқатиб юборди. Маълумотларга кўра, 84 нафар инсон ҳибсга олинган.
Намойиш натижаси
1987 йилнинг бошида СИКП Марказий Қўмитасининг қарори қабул қилинди. Унга кўра, “Олмаотадаги воқеа қозоқ миллатчилигининг кўриниши” деб эълон қилинди. 1986 йилги намойишлардан қўрқиб қолган Москва Қозоғистон ССРга қозоқ раҳбарни тайинлашга мажбур бўлди. 1989 йил 9 январь куни иккинчи котиб лавозимига Нурсултон Назарбоев тайинланди. Орадан бирмунча вақт ўтиб, аниқроғи 1989 йил 22 июнь куни Назарбоев Геннадий Колбин ўрнига Республика раҳбари этиб тайинланди.
Назарбоевнинг ҳукмронлик даври
Қозоғистон Совет Иттифоқи парчалагач, иттифоқ республикалари орасида охирги бўлиб ўз мустақиллигини эълон қилди. 1991 йил 1 декабрда илк бор Қозоғистон Республикаси Президентининг умумхалқ сайлови бўлиб ўтди. Сайлов натижасида Нурсултон Абишевич Назарбоев 98,7 % фоиз овоз билан ғалабага эришади. 1995 йил 29 апрелда умумхалқ референдуми натижасида Назарбоевнинг ваколати 2000 йилгача узайтирилди. 1999 йил 10 январда ўтган умумхалқ сайловнинг натижасида Назарбоев 79,78 % овоз йиғиб, Қозоғистон Республикаси Президенти этиб қайта сайланди. 2005 йил 4 декабрда ўтган сайловда эса 91,5 % овозга эга бўлиб, Қозоғистон Республикаси Президенти сифатида қайтадан лавозимни эгаллайди. Ўша вақтда мухолифат ва ғарб назоратчилари сайлов натижаларини тан олмайди ва уларнинг фикрича, сайлов демократик тамойилларга мос равишда ўтказилмаган.
Назарбоев 2011 йил 3 апрелда белгиланган муддатидан олдин бўлган президент сайловида тўртинчи бор 95,5 фоиз овоз билан Қозоғистон Республикасининг Президенти лавозимини эгаллади. Унинг даврида ўзгача фикрловчи оз сонли одамларга кун берилмади, мулкий табақаланиш эса кучайиб борди.
Дахлсиз Назарбоев оиласи ёхуд кетишга тайёргарлик
Назарбоев ўзининг кучайиб бораётган таъсирини қонунчилик билан қўллаб-қувватлашни унутмади. 2000 йилда Қозоғистонда биринчи Президент тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Унга кўра, Назарбоев ва унинг оила аьзолари жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилишдан озод этилган.
2010 йилда Назарбоев миллат етакчиси “Элбоши” деб эълон қилинди. У “Нур Отан” партияси раҳбарлиҳини ўз қўлига олиб, бутун парламентни ўзига бўйсундирди. Назарбоев 2011 йил 3 апрелда белгиланган муддатидан олдин бўлган президент сайловида тўртинчи бор 95,5 фоиз овоз билан Қозоғистон Республикасининг Президенти лавозимини эгаллади. Шундан сўнг, Олмаота ва Чўлпонота шаҳарларида Назарбоевга ҳайкаллар ўрнатилди. Мамлакатда биринчи президентнинг суратларига путур етказиш ва уни омма олдида ҳақорат қилиш учун жазо белгиланди. Қозондаги кўчалар унинг номи билан аталди. Қозоғистон президенти шарафига Тянь-Шань тизмасининг шимолий ён бағридаги собиқ Комсомол чўққисиниг ҳам номини ўзгартирди. Унинг даврида ўзгача фикрловчи оз сонли одамларга кун берилмади, мулкий табақаланиш эса кучайиб борди.
2014 йил 11 ноябрь куни “Нур Отан” партияси Сиёсий Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев “Нурли Жўл” лойиҳасини тақдим этди.
Назарбоев ҳокимиятдан кетиши учун ўзига хавфсиз йўл тайёрлади. У Президент ваколатларини қисқартириб, муҳим ваколатларни Хавфсизлик Кенгашининг раисига ўтказди ва ўзини умурбот Хавфсизлик Кенгашининг раиси этиб тайинлади.
2019 йилнинг март ойида Нурсултон Назарбоев ўз хоҳиши билан Президентликни Сенат раиси Қосим-Жомарт Тўқаевга тоширди. Шундан сўнг, Назарбоев мамлакат Элбошиси сифатида Хавфсизлик кенгашига раиси бўлди.
20 март куни Қосим-Жомарт Тўқаев Остона номини Нурсултон Назарбоев шарафига ўзгартириш таклифи билан чиқди. Парламент шу куни мамлакат конституциясига тегишли тузатишларни қабул қилди. Пойтахт номини ўзгартириш тўғрисидаги қарор жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.
Назарбоев Президентлик лавозимини Тўқаевга топширган бўлса-да, асосий бошқарув ричаклари Элбошининг қўлида қолган эди. У доим хорижий мамлакатлар Президентларининг азиз меҳмони бўлди. Қолаверса, у бир неча бор мамлакат номидан Президентлар иштирок этадиган саммитларда ҳам қатнашди.
Назарбоевнинг туғилган куни, давлат байрами ҳисобланади. У Пойтахт куни билан бирга нишонланади. 7 май — Президентнинг катта қизи Дариға Назарбоеванинг туғилган куни ва Ватан ҳимоячилари куни. Ҳар иккала кун ҳам дам олиш куни.
Отдан ҳам, эгардан ҳам тушган Назарбоев
Жорий йилнинг 2 январь куни Қозоғистоннинг Манғистау вилояти аҳолиси суюлтирилган газ нархининг ошиши ортидан бош кўтарди. Қисқа вақт ичида намойишлар бутун мамлакат бўйлаб ёйилди. Одамлар мамлакатда содир бўлаётган воқеаларни ҳам Назарбоев, унинг оила аъзолари ва атрофидагилар билан боғлади. Намойишчилар “Чол, кет!” деб бақириб, унинг ҳайкалларини қулатишди.
5 январь куни Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимида ишлаб келаётган Нурсултон Назарбоев истеъфога чиқди.
7 январь куни Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг қизлари оиласи билан Қозоғистонни тарк этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўша куни Назарбоевнинг жияни Самат Абиш ҳибсга олинган. Бу ҳақда Қозоғистон маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берди. Бироқ эртаси куни бу маълумот нотўғри эканлиги айтилди.
8 январь куни Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев Нур-Султон шаҳрида эканлигини таъкидлади. Бугун эрталаб Нурсултон Назарбоев халқни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев атрофида бирлашишга чақирди.
Бугун Қозоғистонда бўлаётган воқеалар фонида мамлакатдаги сиёсий муҳит халқаро сиёсатчилар ва экспертлар томонидан таҳлил қилинар экан, мамлакатдаги сиёсий бошқарув 2019 йилдан кейин Назарбоев давриданда оғирроқ шароитга кириб қолганини айтишмоқда. Кўпчиликнинг фикрича, мамлакат бошқаруви расман Тўқаевда. Лекин амалда бошқарув Хавфсизлик Кенгашининг раси Назарбоев босими остида бўлган. Балки Қозоғистонни бугунги фожиаларга икки бошлийлик етаклагандир…
Хулоса қилиб айтганда, Назарбоев Қозоғистонда манипулиятив автаритар бошқарувни шакиллантирди. Бунинг оқибатлари эса бугунги кунда бўй кўрсатмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь